Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САНАМАЙ «САККИЗ» ДЕМАНГ!

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан илгари сурилган «Обод қишлоқ» дастури бепоён мамлакатимизнинг барча жойларда бўлганидек, бизнинг туманда ҳам аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилаш борасида таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида туманнинг 4 та қишлоғида дастур доирасида давлат идоралари ва ҳомийлар маблағи ҳисобидан қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Меҳробод, Илонсой, Гулобод ва бошқа аҳоли турар-жойларидаги бунёдкорлик ва қайта қуришлар фикримизнинг далилидир.
Паррандачилик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди бундан истисно эмас. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур маҳалла ўтган асрнинг 50-60 йилларида ташкил этилган эди. Ҳозирги кунда ушбу ҳудудда 930 нафар аҳоли 313 та оила бўлиб, 249 хўжаликда яшамоқдалар. Уларнинг кўпчилиги мавжуд 15 та кўп қаватли уйларда умргузаронлик қилишмоқда. Аммо минг афсуски, собиқ раҳбарларнинг бефарқлик ёки жойлардаги мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги боис мазкур маҳаллада муаммолар том маънода болалаб кетган экан. Охир-оқибатда одамларнинг асабийлашиши ва юқори ташкилотларга шикоят қилишларига сабаб бўлди.
Туманга ҳоким этиб тайинланган Шуҳрат Жамолов Паррандачилик маҳалласига ташриф буюриб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ солди.
- Раҳматли дадам Шамси Бобомуродов биринчилар қатори янги ташкил этилган маҳаллага кўчиб келган эди, - деди меҳнат фахрийси Набишер Шамсиев, - Ўтмишда Паррандачилик фақатгина туманда эмас, ҳатто вилоятда намунали маҳаллалардан бўлиб, аҳоли меҳнат қилиши ва ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар мавжуд эди. Лекин паррандачилик фабрикаси фаолияти тугагач, аҳвол бошқача бўлди. Ҳатто МФЙ идораси бўлмаслигини қандай изоҳлаш мумкин? Қишлоқ атрофи чиқиндилар билан тўла. Газ йўқ, ичимлик суви, электр қуввати муаммо, маънавий-маърифий ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хуллас, дарду ташвишимиз кўпки, аҳолининг фиғони фалак. Янги ҳокимдан умидимиз катта.
Шунингдек, очиқ мулоқот пайтида бошқалар ҳам ўз дардларини ошкор қилишди. Ҳоким масъул шахслар, мутасаддилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан маҳаллани кўздан кечириб ҳайрон қолди. Ҳақиқатан ҳам пичоқ бориб суякка тақалган эканки, ҳамма шикоят қилишга мажбур бўлишган.
Шуҳрат Ўроқович маҳалла ҳудуди билан танишиб таъби хиралашди. Лекин ички кечинмаларини ошкор қилмади. Фақат ҳайратдан елка қисиб табассум қилди, халос.
- Бу муаммолар кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас, - деди ҳокимнинг ҳолатидан таъсирланган оқсоқоллардан бири, - яширишнинг нима ҳожати бор. Собиқ раҳбарларнинг бепарволиклари туфайли йиллар давомида ижтимоий масалалар тўпланиб, бу ерда яшовчи қишлоқдошларимизнинг кундалик турмуш шароити оғирлашди. Ана энди биз сарсон, сиз ҳайрон.
- Отахон, парво қилманг, - Шуҳрат Ўроқович суҳбатдошини меҳрибонлик билан қучоқлади. - ҳаммамиз биргалашиб, ўзаро маслаҳатлашиб камчиликларни бартараф этамиз. Фақат ташаббус ва фидойилик зарур.
Мазкур жараёнга барча биринчи сектор ишчи гуруҳи аъзолари ҳам қўшилди. Бироқ, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва ўзбошимчалик билан қурилган иншоотларни олиб ташлаш низолар келиб чиқишига, ҳатто юқори ташкилотларга «уюштирилган думалоқ шикоят хат» юборишларга сабаб бўлди. Аммо туман раҳбарларининг очиқ суҳбат ва масалани ётиғи билан тушунтиришлари ўзининг ижобий самарасини берди. Биз ана шундай бугунги янгиланиш ва ободончиликка қарши «мухолифатчилар»дан бири билан суҳбатда бўлдик.
- Аввалига масала моҳиятини тушунмаган эканман, - деди қилмишидан пушаймон бўлган шикоятчилардан бири Санобар Рўзиева (айрим мулоҳаза билан исм-фамилияси шартли ўзгартирилди) - Аслини олганда бизлардан ҳам хато ўтган, чунки ҳеч бир рухсатсиз анча ерни эгаллаб, кўп қаватли уйлар биқинидан қўшимча айвон, гараж, омборхона ва ҳатто уй-жой қурган эдик. Солиқ ҳам бермаганмиз. Қилмишимдан пушаймонман. Ҳеч кимдан рухсат олмаганмиз. Боз устига бирон масъул шахс мушугимизни «пишт» демади. Бундай бепарволик далда берди.
Айни пайтда эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни ўрганиш, уларга кўмаклашиш ишларида турли ташкилотлар билан ҳамкорлик ижобий самара бермоқда, - суҳбатга қўшилди Паррандачилик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фируза Эшонқулова - Ҳудудимизда 26 нафар ногирон ва 19 та кам таъминланган оилалар бор. Уларнинг хонадони имтиёзли равишда ва ҳашар йўли билан таъмирланмоқда. Дарҳақиқат, амалга оширилаётган бу каби хайрли ва савоб саъй ҳаракатлар аввало, халқни рози қилиш, уларнинг бахтли турмушини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий шундай насиҳат қилган:
Наъфинг агар халққа бешак эрур,
Билки бу наъф ўзингга кўпрак эрур.
Бугунги кунда Паррандачилик фабрикаси ҳудуди бунёдкорлик, қайта қуриш ва янгиланиш майдончасига айланган. Қарийб 100 га яқин ҳашарчилар, қурувчилар ва ўнлаб техника «десант» сифатида маҳаллага ташланган. Меҳнат симфонияси авжида.
- Муҳтарам Президентимизнинг «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори жойлардаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашда дастуриламал бўлаётир, - деди туман ҳокими Шуҳрат Жамолов, - мазкур қарор ижроси доирасида ҳудудларнинг секторларга бўлингани эса аҳолини ўйлантираётган, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни Паррандачилик маҳалласи мисолида ҳам кўриш ва билиш мумкиндир. Чунки муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда «Халқ давлат»дан рози бўлиши кўп жиҳатдан фидойилигимизга боғлиқ ва биз бу мақсадга албатта эришамиз».
Фахр билан айтиш керакки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилган. Унинг замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлишдек эзгу ният мужассам. Бугун «Обод қишлоқ» дастурига асосан фақат Паррандачилик маҳалласи эмас, туманнинг барча ҳудуди чиройига чирой қўшиб, одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш бош мақсадга айланган. Касб тақозаси билан биз туманнинг узоқ-яқин қишлоқларида, айнан Паррандачилик маҳалласидаги бунёдкорлик ишларнинг ҳақиқий гувоҳи бўлдик. Аммо, интернет тармоғида чиққан қуйидаги жумлалар бизларни ҳайратга солди: «Самарқанд тумани раҳбарлари ишни бошлаган, лекин на боши бор, на бошқаси...
Товуқчилик фабрикаси атрофидаги маҳаллада 20 та раҳбар ходимлар бор, аммо шунча ишчи йўқ.»
Ушбу сатрлар муаллифи вилоят уй-жой коммунал хизмат бошқармаси бошлиғи Рустам Тешавич Сатторов аҳолига ахборот беришни хоҳлабтию бироқ масъул шахс сифатида мавжуд муаммоларни бартараф этишда ўзи ҳам дахлдор эканлигини унутган шекилли.Ғаразгўйлик мудҳиш ёмонликдир. Энг ёмони - ғаразгўйлик кишилардан энг муқаддас туйғулар - Ватанга муҳаббат, яхшилик ва покликка муҳаббатни ҳам тортиб олади. Биз хабардормиз, Рустам Тешаевич вилоятда мансабдор шахс ва қўлидан кўп савоб иш келади. Қани энди у ана шу танқид қилинган паррандачилик фабрикаси аҳолиси учун канализация ўтказишга шахсан ташаббускор бўлса, маблағ, техника, ишчи кучи топиб, халқ дуосини олса! Ахир «Савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши лозим» деган буюклар ҳикмати қулоғига чалингандир. Гулобод қўрғонида ҳам ушбу муаммо ўз ечимини кутмоқда. «Ҳар хил кишилар ва ҳар хил мижозлар бўлади» деб ёзган эди рус мунаққиди В.Г.Белинский. Айримларнинг, масалан, барча эҳтиросу кўтаринки қиёфаси совуқ ёвузликдан иборатдир ва улар фақат ёвузлик қилаётган пайтлардагина уддабурон, иқтидорли ва ҳатто соғлом бўлиб кетадилар».
Адоватчиликка қарши адоват уйғотинг дейишади, аммо қасос - ожиз қалбнинг ёвуз мероси.
Ҳурматли Рустам Тешаевичга айтадиган холис сўзимиз шуки, тавба қилиш яхши-ю, лекин ёвузлик қилмаслик ундан ҳам яхши. Минг йил аввал форс-тожик шоири Абу Шукур Балхий шундай насиҳат қилган экан:
Тавба қилмоқ керак одатда бир бор,
Заҳар ютиб бўлмас икки қур зинҳор.
Чунки ким ёвузлик уруғини сепса - пушаймон йиғар. Шунинг учун ҳурматли Рустам Тешаевич санамай «саккиз» деманг, панд ейсиз.

Нормурод КАРИМОВ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 21/09/2018 12:53;   Просмотров: 1002
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку