Ассалому алайкум, азиз дўстлар ва ҳурматли туманимиз аҳли!
Авваламбор, Сиз азизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Бу йил халқимиз Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигини “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя билан байрам қилиш арафасида. Ўзбекистон аталмиш шу буюк Ватанга халқимизнинг муҳаббатини ифодаловчи бу эзгу сўз ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Ўтган йигирма тўққиз йил давомида мамлакатимиз ва хусусан, Самарқанд туманида кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Фахр билан айтиш керакки, биз бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, эркин фуқаролик жамияти сари дадил қадам ташлаётган келажаги буюк ва қудратли мамлакатда яшамоқдамиз.
Юртимизда инсон манфаатларининг устуворлигини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилган. Унинг замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек эзгу ният мужассам.
Қадрли тумандошлар!
Истиқлолнинг 29 йили давомида олиб борилган ислоҳотларни сарҳисоб этадиган бўлсак, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари туманимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз.
Бугунги мураккаб шароитда халқимизнинг метин иродаси, меҳр-оқибати ила турли синовларни ўтказмоқдамиз. Бунда ҳар бир фуқаронинг қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати орқали аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш борасида етарлича тажриба орттирилди. Масалан, сектор раҳбарлари сектордаги “Камбағалликни қисқартириш штаби” аъзолари, депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ўринбосарлари билан биргаликда 10 минг 473 нафар аъзолари бўлган 2245 та камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароитини ўрганиб, “Темир дафтар”га киритилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ўз ташаббуси билан чиққан саховатпеша тадбиркорлар томонидан 1 минг 212 та оилага 943 млн. сўмлик дори-дармон, озик-овкат маҳсулотлари, чорва моллари, жўжалар етказиб берилди. Моддий ёрдам пуллари тарқатилди.
Субсидия, кредитлар ажратиш натижасида сектор раҳбарларининг тавсияси ва фуқароларнинг ёзма розилигига асосан ўтган даврда 1217 нафар аъзоси бўлган 230 та оиланинг меҳнатга лаёқатли 397 нафар аъзоси бандлиги таъминланди. Уларнинг даромад манбаи яратилди. Шу сабабли Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияси қарорига асосан “Темир дафтар”дан чиқарилди.
Ҳурматли туманимиз аҳли!
Шуни таъкидлаш лозимки, туманимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва турмуш шароитини яхшилашда туманда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти катта. Шу маънода жорий йил январь-август ойларида ушбу лойиҳалардан 45 тасида жами 32,5 млн. доллар, шундан 221,9 млрд. сўм ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан, 45,4 млрд. сўм банк кредитлари, 2250,0 минг доллар хорижий кредит маблағлари эвазига ва 3,5 млн. доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида 345 та янги иш ўринлари яратилган. 2020 йилда умумий қиймати 450,0 млн. доллар бўлган 65 та лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 589 нафар янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилнинг август-декабрь ойларида жами қиймати 3 трлн. 964 млрд. 811 млн. сўмлик 51 та янги лойиҳани ишга туширилиши ва 2677 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга жорий йил якуни бўйича 22 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Пневмония ва “COVID-19” га гумон қилинган беморларнинг сони ошишини олдини олиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар асосида туманда дори-дармон захираси яратилди. Бунда “Ситора Фарм Плюс” МЧЖ корхонасидан жорий йил 4 август куни 80 млн сўмлик 9 турдаги дори-дармон харид қилинди.
Туман тиббиёт бирлашмасининг терапия бўлими ёпилиб беморлар учун юқумли касалликлар бўлимида жами 163 та захира ўринлари яратилди. Жорий йил июль ойида 33 млн сўмлик 3 та кичик ва 7 та катта кислород баллонлари, кислородни беморларга тўғри тақсимловчи 10 та “Бобров” аппарати сотиб олинди. Шунингдек, “Вулқон омад” МЧЖ билан туман юқумли касалликлар бўлимида шартнома асосида 50 млн сўм маблағ эвазига 10 та кислород баллонлари сотиб олинди ва бўлимда марказлаштирилган кислород тизими ташкил қилинди.
Туман тиббиёт бирлашмаси қошида беморларга тиббий маслаҳатлар бериш бўйича Call-марказ ташкил қилиниб, 24 соат давомида фаолият олиб борадиган малакали шифокорлар бириктирилди.
Қадрли тумандошлар!
Хабарингиз бор, Самарқанд тумани Самарқанд шаҳрининг яшил белбоғи ҳисобланади. Негаки, туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда ўзига яраша тажрибаси бор. Шу боисдан туманимизда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, жойлаштириш ва уларни кооперация асосида экспортёр корхоналар ҳамда кластерлар орқали қайта ишлаш, экспортга ва ички бозорга йўналтириш бўйича бугунги кунда 2 та корхона негизида мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди. Булар "Агромир" МЧЖ ҚК ҳамда "Навобод наслли парранда" фермер хўжалиги. Уларнинг 8800 гектар ер майдони бор. Ушбу корхоналарни ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб, уларга 507 та фермер хўжаликларининг қўшимча 4122 гектар ер майдони бириктириб берилди. 3200 гектар боғ майдонлари, 756 гектар токзорлар ва 166 гектар сабзавот майдонлари бириктирилди.
Тумандаги 2 та кластер ташкилотларининг жами йиллик маҳсулот қабул қилиш қуввати 138 минг тоннани ташкил қилади. Жумладан “Агромир” кластерида 98 минг тонна (10,1 минг тонна узум, 47.9 минг тонна мева, 20 минг тонна сабзавот), “Навобод наслли парранда” кластерида 40 минг тонна (40 минг тонна узум,) маҳсулотлари қабул қилиш қувватлари мавжуд.
Ҳар бир секторда фермер хўжаликларининг ғалладан бўшайдиган майдонларининг (камида 10 фоизини) кам таъминланган, ишсиз ва экин экишга имконияти бор оилалар учун камида 20 сотихдан ажратиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Туманда ғалладан бўшаган жами 320,4 гектар ер майдони 1378 нафар фуқароларга бириктириб берилган.
Туманда 12 минг 695 гектар майдонга кишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилган. Етиштириладиган 143 минг 841 тонна маҳсулотлардан 32 минг 537 тоннаси экспортга, 36 минг 128 тоннаси қайта ишлашга, 11 минг 51 тоннаси захирага, 189 тоннаси уруғлик учун ҳамда 54 минг 851 тоннаси ички истеъмолга йўналтирилмоқда.
Туманимизда қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарнинг фаолиятини тўғри ташкил этиш, уларни тўла қувватда ишлашини таъминлаш ҳамда талаб этиладиган маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида қайта ишлаш ва экспортёр корхоналар билан фермер хўжаликлари ўртасида 1400 та шартнома тузилиб 69 минг 83 тонна сабзавот, мева ҳамда узум маҳсулотлари этказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилмоқда
Экспорт борасида туманда жорий йил учун 59 696,0 минг АҚШ доллар экспорт режаси белгиланган. Шундан, саноат маҳсулотлари ҳисобидан 22 918,0 минг АҚШ доллар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобидан 36 776,0 минг АҚШ доллар этиб белгаланган.
Шунингдек, жорий йилнинг январ-август ойларида экспорт кўрсаткичлари бажарилиши бўйича режа 33,1 млн.доллари бўлиб, биринчи август ҳолатига 24,4 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилдик.
Албатта, бундай олий мақсадларга эришиш барчамиздан фидойилик ва машаққатли меҳнатни, катта синовлардан ўтишни, Юртбошимиз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттиришни, юксак ватанпарварликни, бир ёқадан бош чиқариб, бирдамлик билан баҳамжиҳат ҳаракат қилишни талаб этади.
Азизлар!
Ҳаммангизни Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилаган ҳолда бугунги синовли кунларни муносиб енгиб ўтишда Худодан мадад сўрайман.
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.