Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Самарқанд форумида қарийб 1000 нафар иштирокчи қатнашади

2020 йил 12 август куни ўз ишини бошлаган "Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумида қарийб 1000 нафар иштирокчи қатнашади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати маълум қилди.

         Иштирокчиларнинг 50 нафардан кўпроғи – халқаро ташкилотлар ва 30 нафардан зиёди минтақавий ташкилотлар намояндалари бўлса, салкам 30нафари – инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, тахминан 30 нафари – давлат органлари, 60 нафардан ортиғи - халқаро ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 100 нафардан зиёди ёшлар ташкилотлари вакилларидир.

         Самарқанд форумининг икки кунлик дастурида 50 дан ортиқ чиқишлар режалаштирилган. Хусусан, 15 та мамлакатдан 40 нафар халқаро маърузачи ва 10 нафар миллий маърузачи сўзга чиқиши кўзда тутилмоқда. 

         Анжуманнинг 4 та ялпи мажлиси давомида "Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ривожланиши", "Ёшлар ҳуқуқлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари", "Ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим", "Тинчлик ва хавфсизликни илгари суришда ёшларнинг роли: 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакка назар" каби мавзулар юзасидан мунозаралар бўлиб ўтади.

Халқаро анжуман иштирокчилари 2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 72-сессиясида таклиф қилинган халқаро ташаббуслар доирасида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини кўриб чиқадилар. Навқирон авлоднинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган мазкур том маънодаги янги ҳужжатнинг муҳокамаси Самарқанд форумининг энг муҳим воқеаларидан бири ҳисобланади.

Чунки ушбу соҳада мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат ҳалигача қабул қилинмаган. Бу эса бутун дунёда ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда. 

Шунингдек, аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд. Шу маънода, ёшлар салоҳиятини муносиб баҳолаш имконини берадиган ушбу Конвенция келгусида ёш авлод ҳаётига доир кўплаб йўналишларнинг янада шиддатли ривожланиши учун хизмат қилиши тайин.

         Бу ҳақда сўз борганда, парламент тизимида ёшларнинг роли ҳалигача муносиб қадрланмаётганини мисол сифатида келтириш мумкин. Бугунги кунда дунё миқёсида 30 ёшгача бўлган парламент аъзолари 2,2 фоиздан ҳам озроқни ташкил этишининг ўзи ҳам буни яққол тасдиқлайди. 

         Шунга қарамай, парламентларнинг озчиликдан иборат ана шу навқирон аъзолари кўплаб масалалар бўйича ўз қарашларига эга. Улар ўзларининг мустақил ёндашувлари асосида зарур қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларнинг ишончини қозониб келмоқдалар.

         Шу нуқтаи назардан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциянинг БМТ томонидан олий даражада қабул қилиниши бутун дунёда давлатларнинг ёшлар муаммоларига эътиборини йўналтиришига кучли туртки беради. Янада муҳими, махсус Конвенция ёшларга уларнинг ривожланиш мақсадларини янада жадаллаштиришга қаратилган янги босқичдаги ҳуқуқларни тақдим этади.

Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига юкланган.

Мазкур Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси каби бир қатор халқаро шериклар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.


Дата добавления: 12/08/2020 09:49;   Просмотров: 1318
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку