Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Самарканд тумани ҳокими Носир Мавлоновнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум азиз ватандошлар, қадрли самарқандликлар!

Хабарингиз бор, ҳозирги кунда бутун дунё жамоатчилигини жиддий хавотир ва изтиробга солаётган “COVID-19” коронавирусининг вақт ва макон танламасдан, шиддат билан тарқалаётганини ҳар куни оммавий ахборот воситалари, турли ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, кузатиб боряпмиз. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошлангани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу мураккаб шароитда муҳтарам Президентимиз, ҳукуматимиз ҳамда вилоят ҳокими томонидан барча зарур чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани, тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси, жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Коронавирус пандемиясига қарши курашишда кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Ақл билан қилган ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.

Афсуски, кўрилаётган тиббий ёрдам ва муолажаларга қарамасдан, беморлар орасида бу ҳаётни жуда эрта тарк этиб кетаётганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Кейинги пайтда тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳам ачинарли ҳол. Бундай ҳолатлар эпидемиологик вазиятни мураккаблаштираётгани кундек равшан.

Шунга кўра, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда 2020 йил 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари кучайтирилиб, эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Туманимиз аҳолисига мурожаат қилиб шуни таъкидламоқчиман.

Бутун дунёда минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди. Касалликнинг бирон-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва оилавий поликлиника потранаж ҳамширасига мурожаат қилинг. Ўзингиз уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келишини бугун барча кўриб турибди. Нафақат ўзингизга, балки оила аъзоларингизга, атрофингиздаги инсонларга нисбатан бефарқ бўлманг! Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг катта бойлик. Бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга йўл қўймаслигимиз лозим. Тавсия ва тартибга қатъий амал қилинмаса, кўрилаётган барча чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши ҳеч гап эмас. Инсон шу мураккаб шароитда ўзини сақласа, сабр-қаноат қилса, қоидаларга амал қилса, бу унинг ютуғи, халқнинг фаровонлигидир.

Қадрли Самарқанд тумани аҳли!

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни яна бир бор огоҳликка даъват этмоқчиман. Мавжуд вазиятни тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашсак, ҳаммамиз якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан иш тутсак, бу қийинчиликларни, албатта, ортда қолдирамиз.


Последнее редактирование: 10/07/2020 10:29;   Просмотров: 852
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку