Самарқандда германиялик фольклоршунос олима Габриэле Келлер ҳамда профессорлар Хуррам Раҳимов ва Маматқул Жўраев ҳаммуаллифлигида яратилган икки жилдли «Сеҳрли ўзбек эртакларининг типологик каталоги» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбек ва немис фольклоршуносларининг ўн йиллик илмий ҳамкорлиги натижасида яратилган ушбу китоб немис тилида нашр этилган. Уни тайёрлашда ҳозирга қадар нашр этилган эртак тўпламлари, шунингдек, муаллифлар томонидан юртимиздаги музейлар, олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар давомида аҳолидан ёзиб олинган материаллардан фойдаланилган.
– Ўзбек халқ эртаклари авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо маданий меросдир, – дейди китоб муаллифи, Германия –Ўзбекистон илмий жамияти вице-президенти Габриэле Келлер хоним. – Мен уларни илк бор ўқиганимдаёқ қизиқиб қолганман. Бу эртакларнинг қадимийлиги ва тарихий ҳақиқатга уйғунлиги, ўзига хос сюжет тизими ҳамда ўзбек халқи маданияти, урф-одат ва анъаналаридан келиб чиқиб яратилгани ўқувчини ўзига мафтун этади.
Бу йил 80 ёшни қаршилаётган Габриэле хоним Ўзбекистонга илк бор 1997 йилда келган ва Самарқандда ўтказилган халқаро конференцияда қатнашиб, юртимизга меҳри ошган. Шундан буён у ҳар йили юртимизга келиб, халқимизнинг урф-одатлари, санъати, оғзаки ижодини ўрганади. Ўзбек халқ эртакларини тўплаб, немис тилида «Самарқанддан эртаклар» китобини нашр эттирган. 2005 йилда унга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси берилганида Габриэле хоним тўлқинланиб, «Ўзбекистон – менинг иккинчи ватаним, мен – Самарқанд қизиман» деган эди.
Германиялик тадқиқотчи юртимизга ташрифлари давомида бошқа вилоятларда ҳам бўлиб, халқ оғзаки ижодининг ноёб намуналарини ёзиб олишга муваффақ бўлган. Жумладан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига уюштирилган экспедициялар чоғида бевосита аҳолидан эшитган эртаклари ушбу китобга ҳам киритилган. Мазкур нашр Марказий Осиёда яратилган биринчи халқ эртаклари каталоги сифатида катта илмий аҳамиятга эга.
Китоб тақдимотида муаллифлар, фольклоршунос олимлар, музей ходимлари янги нашр ҳақида ўз фикрларини баён этди.
ЎзА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.