Кўл маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Жума бобо Ҳасановни катта-ю-кичик, ёшу қари, ҳамма танийди ва ҳурмат қилади. Бу йил ўзининг 95 баҳорини қаршилаган бобо 1942 йилнинг 27 июнида ҳарбий хизматга чақирилди. Россиянинг Пугачёв вилоятида қисқа муддатли тайёргарликдан сўнг катта сержант унвони билан жангга кирди. Урушнинг даҳшатли ҳодисаларини ўз кўзи билан кўрган Ж.Ҳасановнинг фашизмга бўлган нафрати ошди. Калининский, Витовский, Минск, Литва, Латвия шаҳарларини уларнинг нопок қадамидан тозалашга ҳисса қўшди. Қуролдошлари билан Берлингача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. Ана шу жангларда 4 марта ярадор бўлди, бир марта кантузияга учради. Ҳарбий госпиталда даволаниб чиққач, 1945 йили иккинчи фронт Япония урушига юборилди. Бу жангда тўрт ой қатнашиб, тиф касалига учради. 1946 йил март ойида даволаниб тузалгач, соғ-саломат она юртига қайтиб келди ва дастлаб жамоа хўжалигида, сўнгра эса Самарқанд шаҳридаги тикувчилик фабрикасида 38 йил меҳнат қилди.
Айни пайтда Жума бобо Ҳасанов фарзандлари, невара-эваралари қуршовида бахтли ҳаёт гаштини сурмоқда. Отахоннинг 7 нафар фарзанди, 48 нафар набираси, 10 дан ортиқ эвара ва 4 нафар чевараси бор.
- Ўтган йили ҳурматли Президентимиз ғамхўрликлиги билан енгил автомобил билан тақдирландим, - дейди Ж.Ҳасанов. - Бу йил эса 5 миллион сўмдан пул ва санаторияда даволаниб дам олиш, уруш бўлиб ўтган шаҳарларни томоша қилиб келишим учун имконият беришди. Бунинг учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман. Замонамиз тинч, осмонимиз беғубор бўлсин. Биз кўрган суронли урушни болаларимиз кўрмасин, - дея Жума бобо дуога қўл кўтарди.
Ҳа, Жума бобо Ҳасановнинг ҳаёти, бошидан кечирганларини китоб қилса арзийди. 1943 йили Кенсбергда қуролдошлари билан 15 минг нафар душманни асир олган. Бу - ҳақиқий жасорат, мардликдир. Урушдан кейинги ҳаёти ҳам барчага ибратли. Шундай инсонларга «Меҳнат фахрийси» унвони берилса арзийди.
Матн ва сурат муаллифи
Баҳодур ЗОҲИР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.