Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Саид Мардонов: МАҲАЛЛА ОБОД - ВАТАН ОБОД!

Муҳтарам юртбошимизнинг фармонига асосан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Қайд этиш жоизки, вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ҳоким ўринбосарлари бўлиб, уларнинг фаолият йўналишлари белгиланди. Ана шу муносабат билан биз тумандаги янги тузилма раҳбари Саид Мардоновни суҳбатга тортдик.

- Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади, - деди Саид Собирович, -бевосита юртбошимиз ташаббуси ва диққат- эътибори туфайли кейинги уч йилда уни ривожлантириш нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади.
Саид Собирович, сиз бир ойдан буён ана шу соҳада фаолият олиб бораяпсиз. Мавжуд муаммолар қандай ўз ечимини топмоқда?
- Муҳтарам юртбошимиз видеоселектор йиғилишида маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлади. Энг ёмони, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўқ. Оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига сўйиқасд қилиш ҳоллари учраётгани жуда ачинарли. Эндиликда янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга ўзгартирилди. Унга уч нафар ўринбосар лавозими жорий этилди. "Ҳар бир оила-тадбиркор" , "Ёшлар-келажагимиз", "Ҳунармандчилик" дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига турли хил маиший-маданий иншоотлар ташкил этилади. Туман ҳудудидаги 74 та маҳаллаларда аҳиллик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенлик, миллатлараро тотувлик туйғуларини янада мустаҳкамлашда нуронийлар тажрибасидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари белгиланиб, амалга оширилади.
Камбағалликни камайтириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Мурожаатномада Ўзбекистонимиз тарихида биринчи марта мамлакатимиз аҳолиси ўртасидаги камбағаллик бўйича аниқ статистик маълумотлар эълон қилинди. Камтаъминланган, аниқроғи аҳолининг камбағал қатлами ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, "...бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда". Энг муҳими, камбағалликни камайтириш, амалий чора-тадбирлар белгилаш бўйича аниқ вазифалар қўйилиб, унга барҳам бериш йўллари кўрсатиб берилди. Жорий йил 27 февраль куни муҳтарам юртбошимиз камбағалликни камайтиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасида ҳақиқий шароит ва аҳвол таҳлил қилиниши бўйича топшириқ берди. Бу камбағалликни камайтириш бўйича бажариши лозим бўлган ишларимиз режасини белгилаб олиш учун жуда муҳимдир. Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси вилоятимизда ҳам юқори эканлиги қайд этилган.
Зеро, маҳаллаларимизда камбағаллик сезилади. Ўрганиш ва таҳлиллар натижасига кўра, туманимизда якка-ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати шакллантирилмоқда. Туркум тадбирлар билан, хуллас, бугун маҳалла тизими ҳар томонлама янгича қиёфа касб этмоқда. Лекин ўзгаришлар эса ҳеч қачон осон бўлмаган. Мавжуд муаммоларни барчамиз биргаликда жонбозлик кўрсатиб, она ватанимиз халқимиз учун холис хизмат қилишимиз ҳам қарз ҳам фарз.
Ҳурматли Саид Собирович, истакларингиз?
- Юртбошимизнинг ташаббуслари билан мутлақо янги тизим - "обод ва хавфсиз маҳалла" тамойилини жорий этиш айни муддао бўлди. Ишончим комилки, туманимиз аҳолиси бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад йўлида фаолият олиб борадилар ва янгидан-янги ютуқларга эришадилар. Имкониятдан фойдаланиб севимли газетамиз орқали туман аҳолисини Наврўзи олам билан табриклайман.

Суҳбатни Нормурод Каримзода,
Зоҳир Ҳасанзода ёзиб олишди.


Последнее редактирование: 19/03/2020 15:16;   Просмотров: 716
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку