Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САБРЛИ БЎЛИНГ

Ҳозирги вақтда одамларнинг кўпчилигини сабр-тоқатда кучли деб бўлмайди. Инсонда бу хусусиятнинг бўлиши аслида унга муваффақият ва обру олиб келади. Атрофдагилар олдида ўзни тута билмаслик, бу ишда бўладими, ўқишда ёки бошқа жамоат жойидами, ҳатто ёлғиз бирор киши билан бўлганда ҳам низо келиб чиқиши ёки салбий ҳолатни келтириб чиқариши мумкин. Агар одам ўзида сабр-тоқатли бўлиш хусусиятини ривожлантирса, бу унга қийин вазиятларда ёрдам беради. Бардошимиз даражаси қандайлигини, гарчи улар катта камчиликларга эга бўлган тақдирда ҳам бизни қуршаб турган одамларни кечиришга бўлган лаёқатимиз белгилайди. Камчиликсиз одам йўқ. Шундай экан одамлардан нуқсон изламай, аксинча диққатимизни уларнинг яхши томонларига қаратиб, кўрсатган хизматлари ва эришган ютуқларини эътиборга олиш лозим. Умуман, бизга яхши муносабатда бўлишларини қанча истасак, ўзимиз ҳам бошқаларга муносабатимизни шунчалар ижобий томонга ўзгартиришимиз керак бўлади.

"Сабрли бўлишга қодир киши хоҳлаган нарсасига эришишга қодир бўлади", деган эди Франклин. Дарҳақиқат, сабрли бўлиш хусусияти қанчалик бебаҳо ва муҳим эканини инсон тасаввур ҳам этолмайди. Гоҳида шундай ҳолатлар бўладики, киши ўзини тутиши ва ҳиссиётини босиши қийин кечади, лекин шунда ҳам уни енгишга ўзида куч топиш мумкин. Сабрли бўлинг - кучли бардошга эга бўлган одам хотиржам ва вазмин бўлиб, йўлида учраган қийинчиликлардан ташвишга тушмай, ҳар қандай вазиятдан сабоқ чиқариб, тўғри қарорлар қабул қилади. Узини тутолмаган одам жаҳл отига миниб, оқибати нима бўлишини тасаввур ҳам қилмай, бошқа киши ҳақида нима ўйлаган бўлса, барчасини унинг юзига айтади. Лекин бу билан ким енгил тортади. Аксинча, икки томоннинг ҳам кайфияти бузилиб, бир-бирига нисбатан хафалик, ғазаб, нафрат, умуман салбий туғулар уйғонади. Натижада бу одам билан келгусида муносабатни яхшилаш эмас, олдинги ҳолига келтириш ҳам қийин кечади. Инсон ўзи ҳақида эшитган ҳақоратларни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди, улар унинг қалбида сақланади ва ўрни бўлмаган вақтлар эсига тушади. Лекин ўзининг ҳақоратлари билан бировни хафа қилган одамнинг ҳам ўз қилган ишидан мамнун бўлганини ҳеч ким кўрмаган, аксинча унинг ҳам юрагида низодан асорат қолиб, узоқ вақт азобланиб юради. Шу ўринда бир ҳикоят:
Михлар.
Жуда қизиққон ва тийиқсиз бир йигит яшаган экан. Бир куни унга отаси мих солинган халтача бериб, ҳар гал жаҳлини тўхтатолмаганда, девор устунига мих қоқиш жазосини берибди.
Биринчи куни устунга ўндан зиёд мих қокибди. Кейин жаҳлини босишга урингани сайин устунга қоқиладиган михлар сони камая борибди. Шунда йигит устунга мих қоққандан кўра, жаҳлини жиловлашни назорат қилиш осонроқ эканига тушуниб етибди. Шундай кун келибдики, у ўзини буткул назоратда ушлайдиган бўлибди. Бу ҳақда отасига айтган экан, у уғлига энди ҳар гал жаҳлдан ўзини тийганда устундан биттадан михни суғоришни топширбди. Вақт ўтиб, ўғилнинг устунда мих қолмагнини отасига маълум қиладиган кун келибди. Отаси ўғлининг қўлини тутиб, устуннинг олдига бошлабди.
Сен топшириқни бажардинг, лекин устунда қанча тешик қолганини кўряпсанми? Устун энди олдинги ҳолатига қайтмайди. Агар бирор кишига ғазабингни сочсанг, унинг кўнглида ҳам шунга ўхшаш чандиқ қолади ва сен ундан қанча кечирим сўрама, уни йўқотолмайсан.
Бу ҳикоятнинг даъвати шундаки, у инсонни атрофидаги одамларга нисбатан муносабатини ўзгартиришга, бошқача яшашга чақиради. Одамларни танқид ва хафа қилмасликка, уларга фақат яхшилик қилишга, ёрдам беришга, ўзини ҳам камолат сари интилиши кераклигига чорлайди. Чунки инсон ўзини ўзгартирибгина, бошқаларни ўзгартириши мумкин.
Сабр-тоқат муносабатлар яхшиланишига олиб келади. Агар сизда атрофдагиларга нисбатан салбий муносабат пайдо бўлдими, демак ниманидир ўзгартириш талаб этилмоқда.
Сабрли киши бўлиш учун ҳаётнинг асосий қонунларини билиш керак. Уларни билиш дунёда осон яшашни, атрофимиздаги одамлар билан яхши муомилада бўлишни таъминлайди.
"Ҳеч қачон сабрни йўқотманг - у барча эшикларни очадиган охирги калит" (Экзюпери).
Ҳаёт ҳар томонлама гўзал, бир манзарага қараб уни турлича тасаввур этиш мумкин: кимдир атрофда фақат ёмонни кўриб, арзимас нарсалардан қайғуга ботса, кимдир фақат яхшиликни кўради. Энди ҳал этинг: дунёга қандай кўришни холайсиз ва сизга у қандай қарасин!
Умуман, сабрни сусткашлик ёки эътиборсизлик деб тушунмаслик керак. Сабр - бу умид қилиш ва ишониш қобилияти. Инсон бирор муваффақиятга эришгандан сўнг, ўша билан қаноатланиб қолмайди. У учун ҳақиқий бахт ҳали олдинда, деб ўйлайди ва ўзига янги мақсад қўйиб, қатъият ва сабот билан унга интилади.
Сабр-тоқатга қодирликнинг биринчи белгиси - бу белгиланган катта мақсадни қисмларга бўлиб, унга қадамма-қадам эришиб бориш. Иккинчи белгиси биринчи уриниш натижа бермаганда ҳафсалани пир қилмаслик, аксинча қайта-қайта ҳаракат қилиш. Агар белгиланган мақсад қизиқтирмай қўйган бўлса янги мақсад топиш.
Учинчи белгиси - бошлаган ишни охирига етказиш. Ва тўртинчи белгиси - кута олиш. Инсон ортиқча ҳис-туйғуларга берилмай ўзини кутишга мажбурлаши керак. Мақсадга эришганда воқеа-ҳодисалар қандай бўлишини тасаввур қилишга кўп уринманг. Сабр-тоқатнинг энг юқори даражаси - муносиб кутишга эришиш. Ҳаммаси ўз вақти-соатида амалга ошади. Уни тезлаштиришга куч сарфлашдан фойда йўқ. Ҳаётнинг ўз оқими бор, босим билан ўзгартириб бўлмайди.
Сабрли бўлинг.

Хуршид НУР тайёрлади


Дата добавления: 08/12/2017 10:49;   Просмотров: 1181
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку