Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

РИВОЖЛАНИШИМИЗ, ЎЗГАРИШИМИЗ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Сен дунёни қандай кўришни хоҳласанг, шунга кўра, аввало ўзинг ўзгар, - деган эди буюк Ҳинд мутафаккири Маҳатма Ганди. Албатта, ҳар кимнинг ўз фикри ва дунёқараши бор. Ҳар биримизнинг бармоқ изларимиз ҳар хил бўлганидек, фикрлаш тарзимиз ҳам турлича. Ўтган ҳафта жума куни Миришкор маҳалласида туман ҳокими Носиржон Мавлонов бошчилигида ўтказилган навбатдаги оммавий сайёр қабул юқорида билдирилган фикрларимизни исботлайди.

Гап шундаки, халқ ичига кириб бориш, энг чекка ҳудудларда юзма-юз мулоқотлар, учрашув ва қабулларни уюштириш таомили аллақачон қатъий қойидага айланган бўлсада, минг афсуски, айрим ижро идоралари раҳбарлари, мутасадди ходимлар (сўз эгасини топади деб исм-шарифларини келтиришни бу сафар ўзимизга эп кўрмадик) ушбу давлат аҳамиятига молик тадбирдан кўра бошқа юмушларини афзал кўришди чоғи, ўринларига ёрдамчи вакилларини юборишди. Қабулга келадиган мурожаатчиларнинг талаб-истаклари вақтида бажарилмай қолаётгани, орқага сурилаётгани, такрорий мурожаатларнинг барҳам топмаётганлигига ана шундай боқибеғам мутасаддилар айбдордек гўё.
Барча соҳалар каби ахборот олиш ва етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам давлатимиз раҳбарининг аниқ-ойдин кўрсатмалари борлигидан келиб чиқиб, ҳар бир сайёр қабул тафсилоти газетамиз орқали ёритилмоқда. Куюнчак газетхонларимиз бу жараёндан, жойлардаги ҳақиқий аҳволдан мунтазам хабардордирлар. Шу куни қабулда 30 нафар фуқаро қарийб 50 та масала мурожаат билан иштирок этди. Гулистон, Чаққа, Миришкор, Навбоғ, Конигил, Қуйи Қайнама, Юқори Қайнама, Жўйи Аббос, Ўзбеккент, Оқбўйро ва бошқа маҳалла ҳамда аҳоли пунктларидан келган одамларни кўпроқ ичимлик суви, ички йўллар, табиий газ, электр энергияси, уй-жой, тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит, спорт майдони қуриш, сунъий чиқиндихона, моддий ёрдам, бола нафақаси, ноқонуний қурилишлар, МТТга болани жойлаштириш, иш билан таъминлаш, нореал қарздорлик, алимент, оилавий низолар билан боғлиқ масалалар қийнаётганлиги атрофлича эшитилди ва ижроси назоратга олинди. Айрим мурожаатлар қонунга мувофиқ эмаслиги учун рад этилди, бошқалари 1-15 кун давомида ўрганиш ва ижро учун йўналтирилди.
Сайёр қабулдан чиқарилган илк хулосалар шу бўлдики, ҳақиқатан ҳам мазкур ҳудудлардаги муаммолар бугун пайдо бўлгани йўқ. Уларнинг келиб чиқишида ҳам қайсидир маънода шу ҳудуд аҳолиси айбдор. Маҳалла фаоллари, мутассади ижро идоралари раҳбарлари жойлардаги муҳит, вазият, муаммоларни чуқур ўрганиш, пешмапеш бартараф этишда масъул эканликларини кўпинча махсус "туртки" ёки "кўрсатма" билангина англамоқдалар. Ҳолбуки, бугунги сиёсат, ислоҳот шиддати, давр талаби катта-кичик ҳар бир раҳбардан, қолаверса оддий фуқародан ўзгариш, ўзгартиришни кутмоқда.
Одамларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан уйғонаётганлиги яққол намоён бўлмоқда. Халқ қабулхонаси, ҳокимлик, секторлар, суд, прокуратура, ички ишлар, Давлат хизматлари маркази каби юзлаб давлат ва жамоат ташкилотларига қилинаётган мурожаатлар уйғониш, ҳаракат салмоғини кўрсатмоқда. Табиийки, мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечим топмоқда. Аммо бажариладигани ҳам оз эмас. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим фуқароларимиз ҳали ҳамон боқимандалик кайфиятидан, меҳнатсиз яшаш тарзидан халос бўлгани йўқ. Улар қачон бу "дарддан" фориғ бўлишади, вақт кўрсатади.
Сўзимизни якунлар эканмиз, ҳоким таъкидлаганидек, жойлардаги барча жисмоний ва юридик шахслар тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий фаолияти, дунёқараши, эл-юрт манфаати ва ташвиши билан яшаши, энг аввало маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ташкилотчилиги, юксак маънавий салоҳияти, маслаҳат - кенгаш билан иш юритишига боғлиқ. Маслаҳатли тўй тарқамас, дейди халқимиз. Шундагина ривожланишимиз, ўзгаришимиз тезлашади.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 13/09/2019 17:13;   Просмотров: 753
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку