Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎРИКНИНГ ШИФОБАХШЛИГИ

Шифокорларнинг қайд этишича, ўрик юрак-қон томир тизими ёки буйрак касалликларидан азият чекувчи кишилар ҳамда ҳомиладор аёллар учун ҳам фойдали ҳисобланади. Ўзбек халқининг энг севимли неъматларидан бири-ўрикнинг айни етилиб пишган палласи! У ўзининг бетакрор таъми билан барчамизга хуш ёқади. Туршаки эса қишда ҳам жонга дармон бўлади.

Улуғ аллома, табиб Абу Али ибн Сино ўрик меваси ва елимидан ошқозон-ичак фаолиятини яхшилашда фойдаланган. Меваси кишига дармон бағишлайди, камқонликка даводир, дея таъкидлаган. Таркибидаги калий тузлари юрак-қон томир системаси касалликлари билан оғриган беморларга шифо беради. Ўрик мағзидан дамланган чойни хафақонга тавсия қилган. Нафас йўллари яллиғланиши, кўкйўтал, нефрит касаллигини тузатишда ҳам мағзидан фойдаланган.
Ўрик таркиби
Сарҳил ўрик таркибининг 10,5 фоизини шакар ташкил этади. Бундан ташқари, унда яна инулин, олма, лимон ва узум кислоталари, ҳамда организмдан ортиқча холестерин ва заҳарли моддаларни чиқарувчи крахмал ва пектин ҳам мавжуд.
Унинг таркибидаги А витамини, организмнинг юқумли касалликларга қаршилигини оширади, терининг ташқи ҳолатини яхшилайди.
Б витамини, юрак-қон томирлари тизими билан боғлиқ хасталикларни даволашда муҳим шифобахш хусусиятларга эга.
С витамини, организмнинг умумий қаршилигини ошириб, овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Ушбу витаминнинг етарли даражада бўлиши кўплаб оғир юқумли хасталикларнинг олдини олади.
Қолаверса, ўрик меваси жуда кўп минерал тузларга эга бўлиб, уларнинг одам организмида кам миқдорда бўлиши суякларнинг емирилишига олиб келади. Минерал тузлар кишининг асаб тизими ва моддалар алмашинувида катта аҳамиятга эга.
Ўрикнинг фойдали
хусусиятлари
Ўрик истеъмол қилиш кишининг умумий аҳволига ижобий таъсир кўрсатади. Юрак-қон томир ва ошқозон-ичак касаллигига чалинган ёки ортиқча вазндан азият чекувчи кишилар мазкур мевага кўпроқ эътибор қаратишлари лозим.
Ўрик меваси гиповитаминоз ёки авитаминозда ва камқонликда яхши ёрдам беради. У, шунингдек, саратон хасталигида ҳам соғлиқни мустаҳкамлайди. Бу ажойиб, иштаҳа очувчи мева организмнинг турли хасталикларга қарши курашиш қобилиятини оширади ва организмнинг ҳаётий муҳим функцияларини қайта тиклайди.
Семиришга қарши ўрик парҳез маҳсулоти сифатида ейилади. Бутун дунё диетологлари ўрик моддалар алмашинуви ва овқат ҳазм қилиш жараёни учун фойдали маҳсулот деган фикрга келган.
Ҳар куни ундан атиги 100 грамм тановвул қилиш орқали мунтазам ич келишига эришиш ва ичаклардаги газдан халос бўлиш мумкин. Темир моддасига бойлиги туфайли унинг 100 грамми 250 грамм жигарнинг ўрнини босади.
Миянинг фаоллиги учун магний ва фосфорга бой ушбу мевани истеъмол қилиш тавсия этилади. Унинг таркибидаги магний юқори қон босимини пасайтиришда ҳам қўл келади.

Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ
тайёрлади.


Дата добавления: 19/06/2020 15:37;   Просмотров: 953
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку