Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎРГАНГАН КЎНГИЛ ЎРТАНСА ҚЎЙМАС...

Марҳабо Хожанова 50 ёшда, олти нафар фарзанди бор. Каримжон Турсунбоев эса 33 ёшда, икки нафар фарзанднинг отаси. Марҳабо билан Каримжонни боғлаб турган нарса гиёҳванд моддалар сотиб, текин даромад топиш. Ана шу илинж уларни доимо хуфёна режа тузишга, гиёҳванд моддалар сотувини режалаштиришга ундаган.

Марҳабо худди шундай жиноят содир этганлиги учун муқаддам икки марта, Каримжон эса уч марта судланган. Уларга давлатимиз томонидан бағрикенглик тамойили қўлланилиб, амнистия тўғрисидаги қарорга мувофиқ жазодан озод этилган, жазолари енгиллаштирилган. Шунча бағрикенглик тамойиллари қўлланилса-да улар ўзларига тегишли хулоса чиқармаган. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек яна гиёҳвандлик билан шуғулланишди.

Каримжон Турсунбоев ўтган йилнинг март ойи охирларида тожикистонлик Даврон деган йигитнинг топшириғи асосида Тожикистон Республикасидан контрабанда қилинган опиюнни Бекобод шаҳрида яшовчи тоғаси Абдухалил Муратовнинг томорқасига яшириб қўяди. Жиянининг ғайри мақсадини сезган тоғаси опиюнни бошқа жойга олиб яширади.

А.Муратовнинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналари кўздан кечирилганда уйнинг том қисмидан катта миқдорда опиюн топилади.

Марҳабо Хожанова ўзининг жиноий шериги бўлмиш тожикистонлик Бахтиёр исмли шахс билан гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистонга контрабанда қилиш ва уни қонунга хилоф равишда сотиб ноқонуний даромад олиш мақсадида ўзаро тил бириктиради. Бахтиёр Марҳабога катта миқдордаги опиюнни Бекобод туманининг Тожикистон билан чегарадош ҳудудидан айланма йўллар орқали ўтказиб бериб, 5 минг АҚШ долларига сотишга келишади. Юртимизга ўтказилган опийни Марҳабо қабул қилиб олади ва айтилган харидорга етказиб беради.

Хуфёна иш хамирдан қил суғургандек битади. Марҳабо ҳам улушини олади. Бундан вақти чоғ аёл ўтган йилнинг май ойи бошларида тожикистонлик танишларидан катта миқдордаги опиюнни Янгиер шаҳрида қабул қилиб олади. “Юк”ни Умар Эшбоевнинг “Матиз” машнаси юкхонасига жойлаб, Самар-қандга, Тайлоқ туманига равона бўлади. “Ховос” ЙПХ масканида машина тўхтатилиб, М.Хожанова қўлга олинади.

Аслида ҳайдовчи Умар Эшбоев ҳам гиёҳвандларга шерик. Чунки, у воқеадан сал олдинроқ Марҳабога қўнғироқ қилиб, Тожикистондан гиёҳвандлик воситалари келтириб беришини илтимос қилган. Марҳабо харидор истагини бажариш мақсадида тожикистонлик таниши Бахтиёрга хабар қилган ва иш шу тариқа бажарилган.

Жиноят иши тафсилотлари жуда қизиқ ва воқеалар пухта режа асосида бажарилганлигига қойил қоласиз. Нега деганда, катта миқдордаги опиюн, уни сотиш ва улушни бўлиб олиш, бариси хамирдан қил суғургандек бажарилса, улуш “ҳалол” бўлади, деган “ақида”га амал қилишган. Сўғд вилоятининг Нов қишлоғи Ўзбекистонга яқин, Бекобод билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Даврон билан Бахтиёр шу қишлоқда яшайди ва гиёҳванд модда сотиш билан шуғулланишган. Ўзбекистонлик танишлари Каримжон билан Марҳабога “мол”-ни чегара ҳудудидан ўтказиб бериш ҳам Бахтиёрнинг “вазифа”си.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари М.Хожанова ҳамда К.Турсунбоевларнинг кўп йиллик жиноий ишларига нуқта қўйди. Суд ҳукмига кўра Марҳабо Хожанова 12 йил, Каримжон Турсунбоев 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

У.ҚОДИРОВ


Дата добавления: 24/02/2017 11:35;   Просмотров: 1450
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку