Ражабамин Самарқанднинг кўҳна маҳаллаларидан, қадимдан бу ерда усталар авлодлари истиқомат қилишган.Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида Самарқандга ер юзининг турли бурчакларидан ҳунармандлар, мусаввиру наққош, ёғоч ўймакор, сангтарош, зардўзу каштадўзларни олиб келган ва муаззам шаҳар атрофида ҳунар эгалари номи билан аталувчи маҳалла, гузарлар пайдо бўлган. Сўзангарон, Наққошон,Заргарон, Қўшбаққолли, Булбулак каби Ражабамин ҳам уста наққошлар макони бўлган. Унга туташ Пулимуғоб қишлоғи эса соҳибкор боғбонлари билан машҳур. Пули муғобдан Сиёб ариғи оқади, халқ тилида Қорасув деб ҳам аталадиган бу ариқ Конигил, Оби Раҳмат даҳаларидан оқиб ўтиб Мотурид қишлоғи ерларига ҳам оби ҳаёт бахш этади.Ражабамин даҳасидаги икки-учта ҳовуз суви ҳам шу ариқдан тўлдирилади.
Ражабамин қишлоғи ва унинг моҳир усталари ҳақида ҳикоя қилмоқни мақсад қилдик. Зеро, бу маҳаллада чорпоянинг энг чиройли, кўркам ва мустаҳкамлари тайёрланади. Каравотсоз (ёғочдан ясалган ўймакорлик намунасидаги чорпоя) усталар маҳалласи деб бекорга айтилмайди. Моҳир усталарнинг устози Самадилло, у оиладаги саккизинчи авлодга мансуб ёғоч ўймакор уста. Бобоси Суҳбатилло уста Самарқандлик ёғоч ўймакор усталарнинг устози, отаси Ўзбекистон халқ устаси Насрулло Соҳибназаров ҳам самарқандлик уста ва устазодаларнинг устози саналади. Насрулло ака улуғ Амир Темур обидасига, Муҳаммад Нодир Девонбеги мадрасасига, Имом Бухорий масжидига шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлик намунасидаги дарвозалар ясаб ўрнатган. Яна Бухоро, Термиз, Тошкент шаҳарлридаги меъморий обидаларла нақшли дарвоза, юзлаб эшиклар саб ўрнатганки, унинг ҳунари бетакрор, ҳар битта буюм битта санъат асари. Табаррук отахонни Самарқанд эли Ҳожи уста, деб эъзозлашади. Ҳозирда 79 ёшда бўлсаларда фарзанду набираларига, шогирдларига устачиликни ўргатмоқда.
Самаднинг ҳовлиси кенг ва баланд айвондан иборат, нақшли устунлари ҳайратингизни оширади. Бу ерда қишин-ёзин беш-олти нафар усталар меҳнат қилишади. Насрулло ҳожи бизни Самаднинг ҳовлисига бошлади. Тўрт-бешта эшик, катта дарвоза, яна стол-стуллар тайёрланмоқда . "Ёғоч ўймакорлик намунасидаги эшикларни Жомбойдаги Шайх Худододи Вали қадамжоси учун тайёрлаяпмиз,- деганди суҳбат асносида Самад Соҳибназаров.- Чинор дарахти кесиб олингач сояда қуритилади, ундан эшик ва дарвозалар ясалади. Аввал қоғозга чиройли нақшлар чизиб олинади, нақш жилолари ислимий, райҳоний услубдаги араб ёзувига ўхшаб кетади. Бу қиёсий расмлар устачилик асбоблари ёрдамида ёғочга туширилади. Отам доимо маслаҳатларини аямайди, чизгиларни кўриб бойитишимизни айтадилар ва дарвоза ва эшиклардаги нақшлар бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто ёғоч устунлар, болор ва вассачўпар ҳам ёғоч ўймакорлик санъати даражасига етказилади".
Катта уста анча кексайиб қолди, аммо кўзларида кўзойнак билан набира, чевараларига ўзи яратган наққошлик мактаби сирларини ўргатишдан чарчамайди.
- Ёғоч ўймакорлик санъати ота-боболаримиздан мерос,- дейди Насрулло Соҳибназаров.- Болалигимда отам уста Суҳбатиллонинг ёнларида юриб, бу ноёб санъатнинг ҳамма жиҳатларини ўргандим. Мен усталарнинг еттинчи авлодиман, болаларим , набираю чевараларим саккизинчи -тўққизинчи-ўнинчи авлодга мансуб усталардир.Шогирдларим кўп, Қўқон, Марғилондан келиб ўрганишмоқда. Бу ноёб, бетакрор санъат Амир Темур бобомиз давридан буён асраб-авайлаб келинаяпти, янада шаклланиб сайқал топаяпти. Самарқанд сайқали рўйи замин бўлишида наққош, ганжкор усталарнинг меҳнати беқиёс.Регистон ансамбли, Бибихоним жоме масжиди, Шоҳизинда мажмуаси, улуғ Амир Темур хилхонаси, қўйингки, бу сингари бетакрор меъморий обидалар Шарқнинг машъали Самарқандгагина ярашади. Мўъжизани усталар қўллари билан яратишади.Ислимий, сулс, райҳоний услубдаги нақш жилолари усталар қалбидан миноралар, мадраса ва гумбазларга ёйилади. Муқарнас, ироқи, шарафа каби ноёб нақшлар гумбаз ости ва гумбаз устини райҳон ифорига қўшиб жаннатий ифорларга тўлдиради. Кўнглим фахр-ифтихорга тўлуғ, негаки Тошкентда Хотира хиёбонида ўнлаб шарқона нақшли эшиклар ясаб ўрнатдик. Шоҳизинда мажмуаси эшиклари меҳнатимиз маҳсули. Бир воқеани айтайин, чиройли суҳбат бу, тарих бўлиб қолади.Қайси йили Хазрати Хизр масжидининг четроқдаги икки устунининг пастки қисми ёмғир-қор, намлик таъсирида асл кўринишини йўқотганини айтдилар.Самад ўғлим иккимиз устунларнинг бир ярим-икки метрли ўлчамини олиб, ундан шу ўлчам ва ёғоч ўймакорлик намунасидаги устунлар ясадик. Декабрнинг совуқ кунлари эди, баъзи кунлари қор учқунлаб турса-да эзгу ишни иштиёқ билан бажардик. Вужудимда титроқ ҳам иситма бор, аммо улуғлар руҳи куч беради - бир илоҳий куч, нуроний бобо қўлларимдан тутиб шу азиз замин томонга бошлайверарди. Йигирма кунда устунларнинг пастки қисми янги материалда ўймакорлик услубида яратилиб, ўрнатилди. Рухим ва кайфиятим кўтарилди. Фарзанду шогидларим қанотида бажарилган улуғвор иш кўнгилларга шодлик олиб келди, шукуҳи осмон қадар бу санъатдан сираям зерикмайсиз.
- 2007-2008 йиллари Хожа Абду Дарун масжид мажмуасида устунлар, болорлар ва вассачўплар янгитдан қурилди,- дейди Самад Соҳибназаров. -Бу ишга отам ва ганжкор уста Амриддин Нажмидинов бош бўлдилар. Масжиднинг кириш дарвозаси, 12 та устун шарқона санъат намунаси бўлди.Вассачўплар ҳам беқиёс санъат даражасига кўтарилди. Амриддин ака шогирдлари билан мажмуа деворлари, ичкари ҳовлини, хоналарни безадилар. Бу масжид- хонақоҳнинг тарихи олти асрдан сўзлаб тургандек.Самарқанд шоҳи Мирзо Улуғбек даврида ёғочдан ҳотамкори услубида қурилган, XVIII асрда эса Бухоро хони Султон Санжар томонидан таъмирланган. Хожа Абду Дарун пайғамбарзода, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) қизлари Умми Гулсумни чоҳарёрлардан Хазрати Усмонга никоҳлаб берганлар. Умми Гулсум дунёдан ўтгач бошқа қизлари Руқияни Ҳазрати Усмон никоҳига берган. Уларнинг фарзандлари, набиралари Хожа Абду Берун ва Хожа Абду Дарунлардир. Абу Тоҳирхожанинг "Самария" китобида зикр қилинишича, "Кимки табаррук Хожа Абду Дарун қадамжосини Қурбон ҳайити кунлари зиёрат қилсалар, Ҳаж зиёратига боргандек бўладилар", дейилган. Шу табаррук масканда биз етти-саккиз нафар усталар қадим шарқ санъатини асл ҳолида яратишга ҳаракат қилдик, қалбимизда ғурур ва шукрона мужассам.
- Маҳалламизни чорпоя ясовчи усталар даҳаси деб таърифлашгани бежизга эмас, сабаби бу ерда элликтача уста ҳовлиларида чинор ва ёнғоқ дарахтидан ҳошиядор, мустаҳкам чопроя ясайдилар,-дейди Самаднинг укаси уста Санъат фахр билан .- Улар отам ва Самад акамнинг шогирдлари, ҳар бириниг ўз хусусияти, йўналиши бор. Яъни чорпоялар бир-бирига ўхшамайди.Ранг-баранг, ҳошиядор, бетакрор. Буюртма кўп, Жиззах, Қашқадарё вилоятларидан ҳам келиб олиб кетишади. Уйимизда иш тўхтамайди.Самарқанд, Тошкент, Бухородаги меъморий обидаларга эшик, дарвозалар ясаймиз.Фахр этгулик ишлар бисёр. Имом Бухорий масжид мажмуасига ёнида барпо этилган Ҳадис илми мактабига ҳам нақшли эшиклар ясаб ўрнатдик. Усталар раҳбари, раҳнамоси Жўрахон Иноятов доимо мададкор, маслаҳатгўй устозлар. Насиб бўлса, кўҳна шаҳарда наққошлик санъатининг Самарқанд мактаби оламга ёйилгай.
У.СИРОЖЕВ, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.