Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

РАИС ЯНГИЧА ИШ БОШЛАДИ

Май ойида туманимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари бўлиб ўтди. Аҳоли холислик ва адолат мезонида ўзлари ишонган ва ушбу масъулиятли вазифага муносиб деб билган номзодларга якдиллик билан овоз беришди.

Мирзо Улуғбек номли (собиқ Хожа Аҳрори Валий 2) маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланган Муродилла Фатҳуллоев 97 фоиз овоз тўплаб, икки нафар рақибларини орта қодирди. Албатта, унинг бундай юксак натижага эришишида маҳалладаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишга доир аниқ режа ва таклифларни илгари сургани, сайловолди дастури кўпчиликка маъқул тушгани ва, энг муҳими, камтарлик, самимийлик ва ҳақгўйлик каби инсоний фазилатлари сабаб бўлди.
Шуниси диққатга сазоворки, Муродилла иккинчи бор маҳаллага раислигига сайланди. Шунинг учун ҳам унинг қатъиятлилиги, бошқаларга таъсир кўрсата олиши, жонкуяр ва масъулиятлилиги маҳалла аҳлига аён. Гузардаги 421 хонадоннинг турмуш аҳволи ва шароитини, 3 мингга яқин аҳолининг ҳаммасини яқиндан билади. Чунки маҳаллада 771 оила бўлса, ҳатто кичикроқ тадбир бўлсада, албатта уни хабар қилишади. Одамларнинг хурсандчилигида ҳам, мусибатли лаҳзаларда ҳам уларнинг ёнида бўлиши унга ҳурмат келтирган.
- Халқимизда "бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак" деган нақл бор, - дейди табассум қилганча, Муродулла Комилович, - Сайловолди дастуримда асосий эътиборни ёш йигит-қизларни фойдали ишга йўналтириш, улар учун қўшимча даромад манбаларини ташкил этиш, ичимлик сув, газ, электр таъминотини яхшилаш, мавжуд 15 та кўчани асфальт қилиш, жиноятчиликни олдини олиш ва бошқа долзарб масалаларга қаратдим. Жонкуяр фаоллар билан ушбу масалаларни босқичма-босқич ҳал қилишга киришдик. Вақт оқар дарё, дейдилар. Сайловдан кейин, аллақачон бир ой вақт ўтди. Маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари тўпландик. Дўстона, очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда қилинган ишлар ва келгуси вазифалар белгилаб олинди. Маҳалла фаоллари Раъно Ашурова, Насриддин Саъдуллоев, Равшан Исроилов, Низомиддин Дўстбоев, Аслам Ҳошимов, Абдунаби Қаҳҳоров, участка инспектори капитан Ғайрат Норов ва бошқалар сўзга чиқиб, маҳалламизнинг янада обод ва гўзал бўлиши, тўй ва бошқа маросимларни замонга хос ва мос ўтиши учун ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
- Муродилла Комилович, келгуси режалар қандай?
- Муҳтарам юртбошимизнинг беш муҳим ташаббусини ҳаётга жорий этиш учун бизда имконият ҳам, шароит ҳам бор. Уларни амалга оширишни ҳам қарз ҳам фарз, деб биламиз. Сир эмас, ҳали маҳалла ҳудудида кутубхона йўқ. Бир пайтлар маҳаллада фаолият олиб борган туман марказий кутубхонаси вилоятда машҳур эди. Эски чойхонамиз ҳам бор. Катта ҳовуз бўйида жойлашган, лекин қаровсиз қолдирилгани учун харобага айланган.
Маҳалла зиёлилари ушбу масканни маърифат ўчоғига айлантириш таклифини ўртага ташлашди. Лекин бино туман "Савдо омад" ташкилоти ҳисобида турибди. Ўйлайманки, бу муаммо биринчи сектор раҳбари томонидан ҳал этилади. Насиб бўлса, кутубхонани ҳашар йўли билан бунёд этамиз.
Ҳа, маҳаллага янги сайланган раиснинг суҳбатидан маълум бўлмоқдаки, унинг режаларида эзгу ниятлар бор ва уларнинг амалга ошишига омадлар тилаймиз. Интилганга толе ёр.

Баҳодур ЗоҲир


Последнее редактирование: 16/07/2019 10:49;   Просмотров: 847
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку