Бу саволни ўзимга деярли ҳар куни бераман. Ҳар гал жавобларимдан қониқмайман. Кейин сабабини қидиришга тушаман. Бунинг учун энг катта "объект" вилоят ҳокимининг сайёр қабуллари ва телеграмга тушган мурожаатлар ижроси бўйича мониторингидир.
Яқинда расмий маълумот эълон қилинди: ушбу мурожаатларнинг электр тармоқлари идорасида 8 фоизи, газ тармоқлари идорасида 8 фоизи, газ таъминоти идораларида 10 фоизи, коммунал хўжалигида 12 фоизи ёлғондакам "бажарилган".
Ёлғондакам дейишимизнинг мазмуни шуки, ижрочилар муаммо билан эмас, шикоятчи билан "ишлаган". Бир амаллаб ундан тилхат олишган. Кейинроқ, имкон топилганда келиб шу ишни қилиб берамиз, деб ваъдалашган, аммо кейин уларнинг эсидан чиқиб кетган.
Самарқанд шаҳар Боғистон маҳалласида яшовчи Жамила Очилова билан шундай ҳол рўй берган. Унинг Фирдавсий кўчасидаги ҳовлиси бузилишга тушган. Қурувчи унга иккита уй олиб беришни ваъда қилган, бироқ ҳовли бузилгандан кейин ҳам иккинчи уй олиб берилмаган. Сарсони чиққан фуқаро вилоят ҳокимига шу йил 31 январь куни мурожаат қилган ва ишни охиригача етказиш шаҳар ҳокимлигига топширилган. Минг афсуски, иккинчи уй қурувчининг айби билан ҳалигача берилган эмас. Бу ишни судга оширишга ёки охиригача етказишга эса шаҳар ҳокимлигида на журъат, на ҳафсала топилди. Шикоятчи эса …ёзишдан бошқа нима қилсин, қаерга борсин…
Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, мутасаддилари пастдарғомлик Мавлуда Шодиева, нурободлик Билолиддин Тоҳиров, Паст Дарғом йўл қурилиши корхонаси раҳбарлари Нурбек Назаров, Ҳалим Жуманов мурожаатига ана шундай ёндашганлар. Ҳатто шикоятчи билан вилоят ҳокимлигидан такрор-такрор айтишгандан сўнг бориб суҳбатлашганлар. Бунақа мисолларни ҳар битта тумандан, ҳар битта ташкилотдан яна ўнлаб келтириш мумкин.
Каттақўрғон туманидан кейинги ойларда бир фуқаро ҳар хил мавзуларда шикоят ёза бошлади. Охиргиси баллонли газ таъминотидан эди. Туман газ идораси раҳбари билан гаплашдим. "Ҳа, у одам ўзи келди, баллонини газга тўлдириб бердик, кейин маҳаллада яна менга ўхшаб газ билан ўз вақтида таъминланмаганлар бор, деди, мен имкон бўлганда албатта олиб берамиз" дедим. Бу газ идораси раҳбарининг гапи. Кейин мен у кишидан маҳалладан хабар олиши, шикоятчи билан суҳбатлашиб, фикрини билиб, менга хабар қилишини сўрадим. Назаримда келишгандек бўлдик, чунки унга йўл-йўлакай мурожаатлар тақдири билан жамоатчилик жиддий шуғулланаётганини ҳам айтиб ўтдим.
Минг афсуски, ўн кун ичида жавоб ҳам, телефон ҳам бўлмади. Газ идораси раҳбари Беҳзод Нормуродовга қўнғироқ қилдим, ариза натижасини сўрадим. "Э, ҳали сизга жавобни айтмадими, мен бу ишни бир ходимимга айтгандим" деди. Мана сизга мурожаатга муносабат. Унга ҳеч ким маҳалла аҳлига баллонли газ элтиб бер, демаяпти, шикоятчи ва одамлар билан дилдан гаплашиб, уларга ҳозирги аҳволни тушунтириш ҳам малол келаяпти. Кейин шу ҳудуддан сайланган туман кенгаши депутати билан боғландим, аризани ўрганиб беришини сўрадим. Икки кун ўтгач, ундан ахборот олдим. Маълум бўлишича, фуқаро ҳеч қаерда ишламайди, бир нафар фарзанди бор, иш ва ногиронлигини тиклаш бўйича вилоят ҳокимига ҳам ариза йўллаган. 50 ёшида рўзғорни уддалашга қийналган, на маҳалла оқсоқолидан, на депутатдан, на бошқа идоралардан нажот бўлмагач, вилоят ҳокимига мурожаат қилган. Ваҳоланки, йил бошидан буён барча идоралар шу аризачига ўхшаш фуқароларни ўрганиш ва маълумот ёзиш билан "овора". Тўғри, унинг уйига бир гуруҳ масъуллар келиб, тушунтириш берган, ваъдалар қилган, шунга ҳам кўнгли кўтарилиб, ҳар бир борган идора вакилига алоҳида тилхат ёзиб берган, ишонган. Ишқилиб, бу гал ваъдалар ёлғон бўлмасин…
Давлатимиз раҳбари ижро органлари фаолиятини халққа яқинлаштириш, улар масъулиятини ошириш ҳақида таъкидлаб келади. Минг афсуски, ҳозирча бу иш жойларда кўнгилдагидек бормаяпти. Ҳаммамиз кўриб турибмиз, вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни бевосита жойида, жамоатчилик иштирокида ўрганаяпти ва хулосага келаяпти. Айрим туманларда ҳам бу борада ўзгариш бор. Лекин вилоят ташкилотлари, айниқса хизмат соҳаси идоралари мурожаатчилар билан ишлашда етарли даражада фаоллик кўрсатмаяпти. Шу сабабли улар ўзлари аввалдан ўрганиб, чора кўриш ўрнига юқоридан кўрсатма келгандан сўнггина муаммо ечимига қўл ураяпти. Оддийгина тушунтириш, ҳол-аҳвол сўраш, йўл кўрсатиш билан битадиган ишлар ойдан ойга, йилдан йилга ўтиб, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётир.
Биламан, очиқлик ва эркинликни суиистеъмол қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Ўжар, ўчакишадиган аризачилар топилади. Аммо бундайлар жамият таъсирида ўз йўлидан қайтади. Муҳими, одамларни давлат сиёсати самарасидан баҳраманд этиш, ижтимоий ҳимоя борасидаги ишларни тўлақонли бажариш. Бу соҳада ички интизом ва масъулиятни кучайтиришдир.
Ф.ТОШЕВ,
Олий Мажлис сенати аъзоси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.