Айрим ижро органлари масъулларининг ўз бурчига юзаки қараши, маънавий савияси, амалий-назарий билимининг пастлиги туфайли аксарият ҳолларда муаммолар қалашиб қолади. Унинг ечими билан ҳудуддаги ҳеч бир раҳбар қизиқмаслиги оқибатида муаммолар ойлар, йиллар давомида йиғилиб келаверади.
Шу боис округимдаги камчиликларни аниқлаб, аҳоли мурожаатларини инобатга олиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбораман, аммо муаммолар деярли ижобий ҳал бўлмайди. Баъзан, шундай пайтларда бундай ҳолат жамиятда депутатлик мавқейимиз ҳали-ҳануз пастлигича қоляптимикан, деган савол қийнайди.
Мамлакатимизда халққа, айниқса, тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида қанчадан-қанча қонунлар қабул қилинди. Бироқ амалдаги ишлар қониқарли дейиш қийин. Тўғри, ҳамма нарса маблағга бориб тақалади. Маблағни юзага келтириш учун масъуллар етарли даражада саъй-ҳаракат қилмаяпти, десам хато қилмаган бўламан. Сабаби, кўпчилик ходимлар эгаллаб турган лавозими, юмшоқ курсисидан қўрқади. Шунинг учун йиғилишларга ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этолмай, шунчаки бефарқлик билан қарсак чалиб қўяқолади.
Аммо бугун ҳеч қайси раҳбарнинг ўзибўларчилик кайфиятида ишлашга ҳақи йўқ. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп, халқ ишончини оқлашимиз керак. Аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш учун ҳудуддаги иқтисодий ҳисоб-китобларни изчил олиб бориш лозим, назаримда. Ана шунда маблағга бориб тақаладиган муаммолар аста-секин ҳал этилаверади.
Шавкат ЙЎЛДОШЕВ,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.