Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Қоидаларга беписанд қараш билан нимага эришаяпмиз...?

Бугун барчанинг эътибори катта глобал муаммога айланган коронавирус пандемиясига қаратилган. Шу боис ОАВ орқали ҳар куни аҳолини огоҳлантириш мақсадида беморлар сони, ҳудудлардаги аҳвол ҳақида маълумотлар бериб борилмоқда.

Аввал бошида "эшитдингизми, касалланганлар сони шунчага ортибди..." деган қизиқишлар аҳоли орасида оғиздан оғизга шиддат билан тарқаган бўлса, ҳозирга келиб эса "бу коронавирус деган бало қачон даф бўлади, қулоғим ҳар кун шу сўзни эшитишдан охири дам оларди-я" деган чарчоқлардан иборат бўлиб қолгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Мутасаддилар томонидан зарур чоралар кўрилишига қарамай, минг афсуски, касалланганлар сафи ортаяпти. Ва бунинг сабаби битта эмас, карантинда бўлганлардан ташқари аҳоли орасида ҳам касалликка чалинган беморлар аниқланаётганлигига аҳамият берадиган бўлсак, демак кимлардир карантин қоидаларини бузаётгани, унга амал қилмаётгани маълум бўлади.

Менга жин ҳам урмайди, қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади. Қачонгача касалликдан қўрқиб, карантин деб уйда зерикиб ўтирамиз, керак бўлса касаллик биздан қўрқсин, деб ўзича жасорат кўрсатмоқчи бўлган баъзибир "қаҳрамонларимиз" "қизил"дан  "яшил"  ё "сариқ" ҳудуд тоифасига кирдик, деган ўйда қолиб кетган гап-гаштак, турли базм ҳамда ўтиришларни ташкил этиш пайига тушуб қолмоқдалар.  Бир йўлини қилиб турли баҳоналар билан тўйларини 30 кишидан ортиқ одам билан ўтказаётганлар ҳам етарлича топилади. Бу ҳолатда қандай қилиб касалланиш фоизи ортишининг олдини олиш мумкин? Ахир ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳаммасини ҳам соғлом деб ишонч билан айтиш қийин. Ҳолбуки баъзибир одамлар организмида ушбу касаллик ҳеч бир белгисиз ҳукм суради ва бу тоифа беморлар бевосита касаллик тарқатувчи ҳисобланишади, деган аниқ факт ва маълумотлар ҳам бор. 

Агар одамлар орасида азалдан мавжуд бўлган ўзаро рақобат  ва бир-биридан ранг олиш муносабатларининг бугунги кунда ҳам давом этиб келаётганлигини назарда тутадиган бўлсак,  баъзида ярашса ярашмаса урфга кирган деб янги либослар сотиб олаётганларини ёки имкониятлари етса етмаса уй дизайнини ўзгартираётганларини, қўл телефонларини энг сўнги чиққан моделга алмаштираётганларининг гувоҳи бўламиз. Уларнинг фикрича замон талабига мос яшаш керак. Ваҳоланки, айни шароитда ниқоб тақиш, карантин қоидаларига қатъий риоя этиш ҳам аслида урфга кирган замон талабларидан ортиқки асло кам эмас.

Бир сакраб, икки сакраб охири қўлга тушган чигиртка сингари ўз бепарволиги ёки  лоқайд, манманлиги оқибатида "COVID"га чалинган беморлар касалланганлар орасида кўплаб топилади.  Бошқалар бундан тўғри хулоса чиқариши, карантин қоидаларига амал қилишни муҳим деб билиб ўзгаларнинг қилган хатосини такрорламасликлари  зарур. Шундагина кундан кунга юқорилаб бораётган касалланиш кўрсатгичлари ортишининг олди олинишига эришиш мумкин бўлади.

Фотима МАҲМУДОВА


Последнее редактирование: 17/07/2020 13:16;   Просмотров: 670
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку