Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси буйруғи билан қори Ёқубжон Мансуров туманимиздаги Хожа Аҳрори Валий масжиди имом-хатиби этиб тайинланди.
Шу муносабат билан биз ҳожи Ёқубжон Мансуровга бир нечта савол билан мурожаат қилдик.
- Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Фурсатдан фойдаланиб, табаррук ва нуфузли даргоҳда имом-хатиб этиб тайинланганингиз билан газетамиз муштарийлари номидан қутлаймиз ва масъулиятли ишингизга омад тилаймиз.
- Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳу ва баракотуҳу. Табрик ва тилаклар учун бир олам ташаккур. Аввало, Яратганга ҳамду сано ва холисона шукроналаримизни айтурмизки, бизларни муқаддас ислом дини таълимотига амал қиладиган, ўзини танишиб, буйруқ ва таъқиқларга риоя қиладиган, суюкли пайғамбари Муҳаммад Мустафо (солаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг суннати сонияларига бақадри ҳол эргашадиган имонли, ихлосли, ибодатли бандаларидан қилди.
Маълумки, дин инсон учун энг муқаддас таълимот, имон-эътиқод эса киши учун энг зарурий эҳтиёждир. Аммо одам хотиржам ибодат қилиб, Парвардигорга илтижо қила олмас экан, ҳаётидан ҳаловат топа олмайди. Шукроналар бўлсинки, мустақиллик боис, диний эътиқодимиз даҳрийлик исканжасидан озод бўлди. Алҳамдулиллоҳ, жума ва ҳайит кунлари бутун диёримиздек, бизнинг Хожа Аҳрори Валий жоме масжидини ҳам илоҳий бир файз қамраб олмоқда.
Шунинг учун ҳам намозгузаронликдан сўнг дуога қўл кўтариб, Яратгандан мустақил Ўзбекистонимизга мусаффо осмон, халқимизга фаровон турмуш, деҳқону боғбонлар ишига барака ва албатта Президентимиз фаолиятига улкан омадлар тилаймиз. Зеро, муҳтарам юртбошимиз бошқа соҳалар қатори диний маърифат, маънавий ахлоқий масалаларга ҳам жиддий эътибор бериб, "Жаҳолатга қарши маърифат" деган олтиндан қиммат ғояни илгари сурдилар. Мақсад - ҳар бир ота-она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, ватанпарварлик ҳис-туйғуларини, ёши катталарга эҳтиром-ҳурматни, волидайи мукаррамага меҳр ва итоаткорликни, оила аъзоларига раҳмдиллик ва меҳрубонликни, ўз жуфти ҳалолига ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, қўни-қўшниларга оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга саховат-мурувватни, атрофдаги барча одамларга инсонпарварликни, кўпроқ китоб ўқишни, хуллас маънавиятли бўлишни синдиришдир.
Айни пайтда, фарзандларимизнинг илми, тарбияли, одобли, ватанга садоқатли бўлиб вояга етишида имом-хатибларнинг ўрни беқиёс. "?ар бир таълим муассасасига бир имом" шиори остида ўтказилаётган учрашувларда биз, дин вакиллари ёшларимизга мусулмончиликнинг асоси ҳисобланган ақида илмини муносиб тарзда сингдириш, динимизнинг асл моҳиятини англатиш орқали уларда турли ёт оқимларга қарши иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаяпмиз.
- Ислом дини инсонни азиз ва мукаррам зот сифатида улуғлаган ҳамда унинг руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка етишга катта эътибор қаратган. Шундай эмас-ми?
- Жуда тўғри айтдингиз. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал, барча замонлар ва маконларга мос келадиган Ислом дини кишининг зоҳиран ҳам ботинан ҳам пок бўлишга чақиради. Зеро қалб поклиги-саодат калити.
Аллоҳ таоло ўз каломи мажидида қуйидагича марҳамат қилган:
"У кунда на мол-давлат, на бола-чақа фойда беради. Аллоҳ ҳузурига солим-тоза қалб билан келган кишиларгина фойда беради" ("шуаро" сураси, 88-89 оятлар) ва мазкур оятга назар солсак, бандага фойда берадиган нарса тоза, маънавий кирлардан пок бўлган қалб соҳиби бўлиши экан.
- Маърифатпарвар ҳамшаҳримиз Маҳмудҳожа Беҳбудий ўтган асрнинг бошида тўй ва аза деган бу икки қаттол душман ҳаётимизга эгов, оёғимизга тушов бўлиб келаётганини таъкидлаган эди.
- Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони Каримда унинг зарари ва мазаммати ҳақида бир неча ояти каримлар бор. Аллоҳ таоло мўминларни бундай сифатлайди: "Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмасалар, (тутган йўллари" бунинг ўртасида-мўътадилдир". (фурқон сураси, 67 оят). Лекин таассуфлар бўлсинки, аксарият ҳолларда маъракалар исрофгарчиликка айланиб қолаётганига шоҳид бўлаяпмиз. Қизиғи шундаки, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматми ёки арзон, фарқи йўқ-исроф қилиняпти. "Ямоннинг бир қилиғи ортиқ" деганларидек, айрим бойвачча акаларимиз "тўй" деган томошада бизнинг сўм эмас, ҳатто Америка долларини манманлик қилиб, "хўжакўрсинга" хазондек сочадиганларни кўриб, ҳайрон қоласиз. Агар ушбу маблағларнинг бир қисмини хайрли мақсадларга, масалан, ўзлари яшайдиган маҳалладаги ночор оилаларга ёки мактабларга бадиий китоб ҳадя қилишга сарфласалар, савоб иш бўларди.
Гоҳ-гоҳ худойи, бегоҳи жума сингари маъракаларга борамиз. Дастурхон устидаги ноз-неъматларни кўриб ҳайратингиз ошади, - бу аза маросимими ёки дабдабаликми?
Бугунги кунда кимўзарига қилаётган маросимларимиз саховат эмас-исрофгарчилик! Унутмайлик, хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан мақсад-муҳтожларга моддий ёрдам кўрсатишдир.
- Афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда ана шу маъракаларни баъзи инсонлар бировнинг ҳақини, мол-мулкини алдов ва фирибгарлик йўллари билан қўлга киритишдан, бу амаллари гуноҳи азим эканлигидан қўрқмасдан қиляптилар.
- Ҳақ гап қарз олиб бермай юриш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, таъмагарлик, хиёнат яъни ҳаром йўл билан ўзганинг молини ейишга киради. Динимизнинг асосий манбалари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ҳалол ризқ топишга тарғиб қилинади. Шу билан бирга, ҳаромдан ҳазар қилиш, нопок нарсалардан йироқ бўлиш, ким бунга амал қилса, дунё ва охиратда улкан ажрларга эга бўлишини ҳам баён қилиб ўтади. Ҳалол ризқ топиб, ҳалол ейишнинг инсон ҳаётига жуда катта фойдалари ва беҳисоб баракаси бор. Жумладан, ҳалол меҳнат билан ҳалол ризқ еган одамга, хайрли ишларга, оила аъзолари ҳам салоҳиятда, тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечиради. Ва ҳалол луқма еб катта бўлган кишилар ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаромдан ҳазар қилади, нафс истакларига қул бўлмайди.
Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир.
- Аллоҳнинг амрисиз кипригимизни қимирлата олмайдиган ожиз инсонмиз. Ҳатто бозорда даллол бўлиш Парвардигор амри билан, дейишади. Сизнинг вилоят имом-хатиби муовини ва табаррук зиёратгоҳ Носириддин Убайдуллоҳ Хожа Аҳрори Валий жоме масжидига имом-хатиб бўлишингизга нима сабаб бўлди?
- Кутилмаган савол ( суҳбатдошим юзида чиройли табассум балқди) сир эмас, истиқлолгача мамлакатимиз бўйича саноқли киши диний маълумотга эга эди. Раҳматли бобом ва падари бузургворим тақводор шахс бўлганлар. Шу боис мен мактабга бормасдан араб алифбосини ўргандим ва муқаддас китобимиз Қуръони карим оятларини ёдга олишга киришдим. Самарқанд шаҳридаги Мотрид маҳалласидаги ўрта мактабни битириб, Бухорои Шарифдаги Мир Араб мадрасаси, шундан сўнг имом Бухорий номидаги Тошкент ислом олийгоҳида таҳсил олдим. Бир муддат Хожа Исҳоқи Валий жоме масжидида фаолият олиб бордим. Охирги йилларда вилоят имом-хатиби муовини ва айни пайтда Хожа Аҳрори Валий жоме масжидида имом-хатиб вазифасини ҳам бажараяпман. Уч йил аввал Маккаву Мадинани зиёрат қилиш бахти насиб этди. Аммо ана шу мартабага эришишда раҳматли отамдан ташқари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мустафоқул Меликзода Эркин домла, Саид Жамол ва бошқа устозларимнинг хизматлари каттадир. Илмий ва диний китоблардан ҳам миннатдорман. Зеро яхши асар инсон қалбини ёритади ва шу заминда мустаҳкам туришга ёрдамлашади. Энг қадрли, энг доно ва нафосатли нарсаларнинг барчаси китобда мужассам. Ўқиш-тафаккур ва ақлий камолот манбаидир. Ҳозир мен улуғ аллома Шайх Саъдий Жалолиддин Румий, Хожа Аҳрори Валий асарларини такроран варақлаб, зерикиш дамларини чексиз ҳузур-ҳаловат лаҳзаларига айлантириш билан банд.
Унутмайлик, Шарқ халқларида устоз, муаллим, мударрис, донишманд шахсларнинг иззат ва ҳурматини юқори деб, билган. Аммо шогирд устозни ҳурмат қилиши ва унинг меҳнатини қадрламоғи керак.
- Ривоят қилинишича, Довуд алайҳиссалом темирчи, Одам алайҳиссалом деҳқон, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор, Идрис алайҳиссалом чевар ва Мусо алайҳиссалом чўпон бўлганлар.
- Мусулмон кишининг ризқ талабидаги фаоллиги, яъни ҳаракати исломдаги асосий рукнлардан биридир. Мен учун дарахтларга шакл бериш, деҳқончилик ишлари жон-дилимдир. Вақт топиб спорт билан шуғулланаман. Нақшбандия тариқатида ибратомуз шиор бор: "Дил ба ёру даст ба кор", яъни кўнгил Оллоҳга, қўл ишга. Бир сўз билан айтганда, динимизда роҳиблик, бир уйга қамалиб олиб, жамиятдан айро ҳаёт кечиришга тарғиб йўқ. Балки доимо фаолиятда бўлиш ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб, ўзи ва ўзгаларга фойдали инсон бўлиш талаб этилади. "Соғлом танда-соғлом ақл" деган гўзал нақл ҳам бор.
- Марҳумларни дуо ва яхши сўзлар билан ёдга олиш савоб. Пайғамбаримиз ( с.а.в) вафот этганда саҳобалар қабр устида нутқ сўзлаб, уларни эҳтиром қилганлар. Лекин ҳозирги кунда дин вакиллари марҳум ҳақида, ўлим барҳақ эканлиги тўғрисида жаноза пайтида фақат ўзлари гапирмоқдалар. Марҳумнинг ҳамкасбларига, ёру биродарларига видоъ сўзини айтишса, савоб иш бўларди...
Менимча майитларга дуои хайр кифоя.
- Мўҳтарам домла, суҳбат боқий, янги йилда истакларингиз.
- Аллоҳ таоло барчамизни ўз ҳидоятига бошласин. Гуноҳлардан ўзи асрасин. Барча амалларимизни Унинг розилиги учун адо этишимизни насиб айласин. Эл-юртимизда тинчлик-осоишталик доимий бўлсин. Ва Парвардигор марҳумларни раҳматига олсин, маконларини жаннат айласин. Омин!
- Суҳбат ва дуо учун раҳмат.
- Саломат бўлинг.
Суҳбатни
журналист Зоҳир Ҳасанзода
ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.