Пора олиш ёки бериш, бу борада воситачилик қилиш коррупциянинг бир кўринишидир. Ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган бу иллат фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли жиноий ҳодисанинг кўпроқ тарқалган ва ўзига хос тури ҳисобланади. Коррупцияга берилган мансабдор шахсий бойлик орттиришни ва уруғ-аймоқчилик манфаатларини жамиятнинг манфаатидан устун қўяди.
Бу эса давлатнинг конституциявий мезонларини, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, жамият аъзоларининг фуқаролик мавқеини йўққа чиқаради, амалга оширилаётган ўзгаришларга салбий муносабат вужудга келиши учун шароит яратади. Шуни қайд этиш лозимки, юртимизда қонунийликни таъминлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосий йўналишлари аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ҳисобланади . Коррупциянинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда субъектларини мақомига қараб бир неча турга ажратиш мумкин. Яъни коррупциянинг ҳаракат турлари икки шаклга - экзоген ва эндоген коррупцияга бўлинади. Маиший коррупция экзоген хусусиятга эга бўлиб, фуқароларнинг кундалик ҳаёти ва оилавий аҳволи билан боғлиқдир. Аксарият фуқаролар муаммо ечимини мансабдорларнинг маошини оширишда, кўради. Ҳа, бу коррупцияга қарши курашнинг оқилона йўлларидан бири. Бироқ, бу каби ҳаракатлар билан коррупцияга тўлиқ барҳам бериб бўлмайди. Шу сабабли барча инсонларнинг ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш орқали бу иллатга қарши курашиш мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтмоқчи бўлганимиз шуки, жамият равнақи, юрт истиқболи сизу биздан ҳам дахлдорликни тақазо этади. Ҳеч ким иллатларга нисбатан бефарқ бўлмаслиги керак.
Раҳмат АБДУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.