Бир донишманд, "агар киши баъзан ҳис-туйғуларини эплаёлмаса ҳам ҳарқалай доимо тилини эплай олиши керак" деган экан. Афсуски, ҳали ҳам орамизда одоб масаласида "тузи кам" бўлган одамлар мавжуд бўлиб, қўполликлари туфайли нафрат ва надоматларга учрайдилар.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40 ва 41-моддалари, 52-моддасининг 2-қисми билан ҳуқуқбузар Илёсова Ширин Жабборовнага (исми шарифи ўзгартирилган) нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Ҳуқуқбузар Илёсова Ширин Жабборовна 2017 йил 9 ноябрь куни соат 11:00 ларда Самарқанд туман "Хожа Аҳрори Вали" маҳалласида фуқаро Қаландарова Фазилат Эгамбердиевна билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжалашиб қолиб, жанжал давомида уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.
Суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар Каландарова Фазилат Эгамбердиевна, ўзининг кўрсатмасида, ҳақиқатдан ҳам, у 2017 йил 9 ноябрь куни фуқаро Илёсова Ширин Жабборовна билан ўзаро келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, жанжал давомида уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр- қимматини камситиб, қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказганлигини маълум қилди ва қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, кўрсатма берди.
Суд иш материалларига баҳо бериб, Ф.Қаландарова ва Ш.Илёсоваларнинг айби ишда мавжуд бўлган уларнинг тушунтириш хатлари, суд тиббиёт экспертизасининг хулосаси ва ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди, деб ҳисоблади ва Ф.Каландаровнинг ғайриқонуний ҳаракати суриштирув органи томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40 ва 41-моддалари билан ҳамда Ш. Илёсованинг ғайриқонуний ҳаракати суриштирув органи томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб белгилади.
Суд ҳуқуқбузарлар Ф. Қаландарова ва Ш.Илёсоваларга нисбатан жазо тайинлашда, уларнинг оилавий шароити, аёл киши эканлиги, яшаш жойларидан ижобий тавсифланишини инобатга олиб, улар ҳаракатини Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддасига асосан кам аҳамиятли деб ҳисоблади ва уларни огоҳлантириб ишни ҳаракатдан тўхтатишни лозим топди.
Ҳа, қўполлик нафрат туғдиришини, хушмуомалалик ва камтарлик эса одоб белгиси эканлигини унутмайлик. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таъкидлаганидек,
Ҳақ кимки чучук сўз ила элга изҳор айлар,
Ҳар негаки ағёр дурур ёр айлар.
Сўз қаттиғи эл кўнглига озор айлар,
Юмшоғи кўнгилларни гирифтор айлар.
Зафар КАРИМОВ,
туман маъмурий суди раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.