Кун ўтган сайин барчамиз орзиқиб кутган Янги йил байрами ҳам яқинлашиб келмоқда. Шу кунларда пиротехник воситалари, яъни пақар-пуқирларни кўча-куйда пуллаб, мўмайгина даромад қилишни мақсад қилган уддабуронларнинг ниятларини божхоначилар пучга чиқаришмоқда.
Инсон ҳаёти, айниқса, ёш болаларнинг саломатлиги учун хавфли бўлган пиротехника буюмларидан фойдаланиш қонунан чекланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 2501-моддасида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланиб, унда пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш таъқиқланган.
Шунга қарамасдан, ҳамон орамизда баъзи бировлар қонунга зид равишда пиротехника воситалари савдоси билан шуғулланиб келишмоқда.
Бу каби ноқонуний ҳолатлар олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоят божхона бошқармаси билан вилоят ИИБ тезкор гуруҳ ходимлари ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги Фирдавсий кўчасида тезкор тадбир ўтказишди.
Натижада Ўзбекистон Республикаси фуқароси Н.С. томонидан жами 6 дона, ўн тўққиз залпли "Новый век" номли, оғирлиги 5 кг. 375 граммни ташкил этувчи пиротехника воситасини 3 млн. 600 минг сўмга пуллаётган пайтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш ва сотиш йўлига мустаҳкам қонуний тўсиқ қўйилган. Бу борада амалга оширилаётган қатъий чора-тадбирлар халқимизнинг саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг учун мазкур жараёнга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиздир.
Бунинг учун эса Сиз пиротехника воситалари билан шуғулланувчилар тўғрисидаги маълумотларни Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66-233-63-00 рақамли "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилиб, хабар қолдиришингиз мумкин.
Унутманг! Сизнинг мурожаатларингиз сир сақланиб, жавобсиз қолдирилмайди.
Самарқанд вилояти божхона
бошқармаси ахборот хизмати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.