Таҳририятимиз почтасига Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Шўҳрат Юсуповдан ажиб бир мурожаат келиб қолди, деб ёзади KUN.UZ сайти.
Ассалому алейкум KUN.UZ сайтининг жонкуяр ва фидойи ходимлари! Сизлар юртимиздаги ижобий ўзгаришларга юксак баҳо ва камчиликларга танқидий қарашлар билан халқимизнинг кўнглидан жой олиб келмоқдасизлар. Ана шундай беминнат хизматларингизни қадрлаган ҳолда Сизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқдаман.
Ҳозирги вақтда пахта йиғим-терим мавсумида айрим фуқаролар томонидан теримга чиқишда сансалорликка йўл қўйиш ёки номигагина қатнашиш (кўзбўямачилик), кун ўтса бўлди, “нима, пахта меникими, у давлатники, давлат ишчилари орқали териб оладида”, деган қўпол тушунчалар баъзан учраб туради. Бу эса жуда ачинарли ҳолат. Чунки пахта бу миллий бойлигимиз, юртимиз иқтисодиёти, уни ривожланиши учун муҳим хомашё ҳисобланади. Шу юрт фарзандиман деган ҳар бир шахс юрт келажаги, унинг равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиши, ватанпарварлик ва фидойилик намуналарини кўрсатиши, бу ишларга бефарқ бўлмаслиги ва ушбу вазифаларни муқаддас бурч сифатида қабул қилиши шарт деб ўйлаймиз.
Шу мақсадда миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мўл ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ишларига Қўқон шаҳрида жойлашган “AROBA TAXI” жамоаси аъзолари ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш учун пахта далаларига чиқиб, оқ олтин тердик. Агар юртимизнинг ҳар бир фарзанди “Фуқаролар давлатнинг асосини ташкил қилади, давлат эса ўз навбатида фуқаролардан ташкил топади, бири иккинчисисиз мавжуд булмайди. Уларни ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар боғлаб туради. Давлатим менга барча ҳуқуқ ва эркинликларимни амалга ошириш ва улардан фойдаланиш учун чексиз имкониятлар яратди, тинчлигимни сақлаш борасида ўз олдида турган мажбуриятларини аъло даражада бажариб қуймоқда. Мен-чи? Мен эса давлатга нима бердим, тайёр етиштирилган оддийгина пахтани термасам, нима деган одам бўламан, давлат олдида турган мажбуриятимга, бурчимга хиёнат қилган бўламанми? Йўқ албатта. Чин инсоний бурчимни адо этиб фаол иштирок этаман ва пахта ҳосилини нест-нобуд бўлишига йўл қуймайман”, деб ҳаракат қилса, нур устига аъло нур бўларди. Шу сабабли хақимиздан пахта йиғим-теримида ўз хоҳишлари билан чин юракдан қатнашиб, фидойи бўлиб, жонбозлик кўрсатишларини сўраб қоламиз ва илтимос қиламиз.
Ҳурмат билан “AROBA TAXI” жамоаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.