Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Паспорт тарТиботи – Ҳаёт зарурати

ё худ муҳим ҳужжатга эътибор

Мамлакатимизда кенг кўлламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида инсон манфаатларини бош мезон сифатида белгилаш ҳамда "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган улуғвор ғоянинг илгари сурилиши давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Буни туман ИИБ хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мисолида кўриш мумкин.
Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида 30 мингдан кўпроқ фуқарога биометрик паспорт расмийлаштириб берилди, - деди бўлим бошлиғи майор Шоҳрух Ҳожиметов, - шу билан бирга, ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига асосан 15 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар мустақил Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндилар.
Шунингдек, туман ҳудудига қўшни давлатлардан чиқиб келган 760 нафар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча рўйхатга олинди.
Бўлим ходимлари туман миқёсида ўтказилаётган тезкор профилактик тадбирларда ҳам фаол иштирок этишияпти. "Меҳмон", "Паспорт виза", "Тозалаш – Антитеррор" каби тадбирлар жараёнида улар ҳуқуқбузарликни аниқлашда, жиноятчиларни фош этишда ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари вакилларига яқиндан ёрдам беришаяпти. Мана шундай тадбирлар чоғида 200 минг нафарга яқин фуқароларнинг паспортларини текширувдан ўтказилди. Қонунбузарларга нисбатан қонуний чора кўрилаяпти. Туманда ноқонуний яшаётган 16 нафар хорижлик фуқаро республикамиз ҳудудидан чиқариб юборилди.
- Ҳурматли Шоҳрух Русланбекович, паспорт бўлинмаси тизимидаги ижобий ўзгаришлар ва такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги оширилишини кўпчилик эътироф этмоқда.
- Давлат хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикасининг «электрон ҳуумат тўғрисида» ги қонуни муҳим ўрин тутади. Аҳолига кўрсатиладиган давлат хизмат турларига қараб тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини олиш учун фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида «Телеграмм» мессенжиридаги «Migratciya Samarkand» ботида зарур бўладиган ариза, бланка ва бошқа ҳужжатлар рўйхатини олиш имкони мавжудлиги тўғрисида ахборот-маълумотлар бор.
- Халқимизга беминнат хизмат кўрсатаётган соҳа ходимлари билан таништирсангиз.
Бизда фидойилик ва садоқат билан хизмат қилишни асосий шиор ва мақсад деб билган катта сержант Мизроб Собиров, сержант Қосим Маърупов, паспортчи Рухшона Жалолиддинова, жамоатчи ходимларимиз Сабрина, Гулнора, Зўҳра ва бошқалар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Улар мижозларимиз ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлмоқдалар.
- Шоҳрух Русланбекович, сизнинг истакларингиз?
- Шахсни тасдиқловчи паспорт муҳим ҳужжат бўлиб, уни кўз қорачиғидек асраш ҳам қарз ҳам фарздир. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Биз паспорт бўлинмасида бир қанча фуқаролар билан суҳбатда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик. Таниқли хушовоз хонанда Салимжон Ғиёсов шундай деди:
- Сир эмас, мен 23 йил фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида руҳий азоб чекдим. Муҳтарам Президентимизга минг марта раҳмат айтишим ва таъзим қилишга тайёрман, чунки мен мустақил Ўзбекистон фуқароси бўлдим. Келгусида сайловларга қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиб, турли хил сиёсий тадбирларга иштирок эта оламан.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратларда: паспорт бўлинмаси ҳаётидан лавҳалар
Суратлар муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 30/10/2018 11:52;   Просмотров: 976
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку