Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ПАСПОРТ ТАРТИБОТИ- АМАЛДА!

Мустақил мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд туманида ҳам аҳолини халқаро андозадаги биометрик паспорт билан таъминлаш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, капитан Шоҳрух Ходжиметов туман ички ишлар бўлимининг паспорт бўлинмасига бошлиқ бўлиб келганидан сўнг ходимларнинг самарали хизмат қилишлари учун барча шароитлар яратилди. Энг муҳими, қоғозбозлик, навбатга туриш, мижозлар асаби бузилиши ҳолатларига чек қўйилди.

- Сир эмас, Пастдарғом тумани ва Самарқанд шаҳар паспорт бўлимларида ишлаб тажриба оширганим қўл келди,- деди биз билан суҳбатда Шоҳрух Русланбекович- Шу йилнинг июнь ойидан иш бошладим ва авалло мазкур бинони сифатли таъмирладик. Кабинетлар компьютер техникалари ҳамда алоқа воситалари билан таъминланди Кутиш зали, фуқароларни қабул қилиш, биометрик маълумотлари йиғиш, ҳужжатларни тарқатиш учун махсус хоналар ташкил этилиб, аҳолига беминнат хизмат кўрсатилмоқда.
- Шоҳрух Русланбекович, демак сизнинг интилишларингиз “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаати йилида” қўйилган талабларни сўзсиз амалга ошириш натижаси экан-да.
-Ҳа, тўғри айтасиз...
- Паспорт тартиботини амалда жорий этиш соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам гапириб берсангиз?
- Туман ҳудудида ўтказилган “Паспорт виза”, “Спитамен”, “Тозалаш-Антитеррор” тадбирлари давомида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 10 (2016 йил 9 ойи 51) нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинча ёки доимий рўйхатга қўймасдан, 1281 нафар (2016 йил 1899) фуқаролар ҳақиқий бўлмаган фуқаролик паспортлари билан яшаб юрганликлари сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 233-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённомалар тузилиб, улардан 387 168 345 сўм жарима ундирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилдаги 408-сонли қарори ҳамда ушбу соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси туман ИИБ ХЧК ва ФРБ томонидан Самарқанд тумани худудида жами 394 нафар доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс мавжуд бўлиб, улардан 118 нафари чет эл фуқароси, 276 нафари фуқаролиги бўлмаган шахсни ташкил қилади. Туман худудида доимий яшовчи МДХ фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига амал қилиб яшашларини таъминлаш мақсадида олиб борилган текширувлар натижасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 4 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда 1 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддатини ўтказиб юборганликлари учун МЖтКнинг 225-моддаси 1 қисмига асосан маъмурий баённомалар тузилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд туман маъмурий ишлар бўйича судига юборилди.
2017 йил давомида 49 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш мақсадида туман ИИБга ариза билан мурожаат этди, шундан 45 нафарининг аризаси вилоят ИИБ ХЧК ва ФРБга кўриб чиқишлик учун юборилди, 4 нафар фуқаролар аризаси туман ИИБда кўриб чиқилмоқда, Самарқанд туман, Хўжа Аҳрори Вали маҳалласида яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс Бозоров Восе Бахриевич Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрель кунидаги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлиги сабабли, ушбу фуқаро номига Самарқанд туман ИИБ томонидан 2017 йил 9 май куни АВ 6673220 рақамли Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти расмийлаштирилди.
Туман ИИБ ХЧК ва ФРБ ходимлари томонидан 2017 йилнинг ўтган даврида жами 311 нафар (2016 йилнинг 9 ойида 348 нафар) МДҲ фуқароси вақтинчалик рўйхатдан ўтказилди.
Туман ҳудудида вақтинча яшовчи МДҲ фуқароларининг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига амал қилиб яшашларини таъминлаш учун олиб борилган текширувлар натижасида жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 нафари республика ҳудудидан чиқариб юборилди, 4 нафар Ўзбекистон Республика фуқаросига чет эл фуқароларининг ўз уйларида вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаб юришларига шарт-шароит яратиб берганликлари сабабли, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 225 моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Бўлинмамиз ходимлари профилактика инспекторлари, маҳалла посбонлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда туман ҳудудидаги корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида, касб-ҳунар коллежларида ва аҳоли турар жойларида фуқароларнинг паспорт тизими қоидаларига риоя этишлари юзасидан давра суҳбатлари, тушунтириш ишлари ва текширишлар ўтказди. Бундай тадбирларда ички ишлар органлари фахрийлари, хуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг етакчи мутахассислари ҳамда маҳалла ва қишлоқларнинг иззат ва ҳурматда бўлган жамоатчилик вакиллари таклиф қилиниб, улар тўпланганларга мустақил Ўзбекистон фуқароси сифатида паспорт олиш катта бахт ва шараф эканлигини тушунтирмоқдалар.
- Ўз жамоангиз билан таништирсангиз?
- Сержант Қосимжон Маърупов инспектор вазифасида ва Бекжон Хуррамов назоратчи бўлиб ишлаб, ширинсўзлик, самимийлик, оддийлик, камтарлик каби инсоний фазилатлари билан мижозлар ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлмоқдалар.
Бироқ, унутмаслик керакки, туман аҳолиси бизда яратилган қулай имкониятлардан фойдаланиб ўзларининг биометрик паспортларини зудлик билан янги, замонавий, ҳамма талабларга жавоб берадиган биометрик паспортларга алмаштиришлари шарт ва зарурдир. Шунингдек, бизда жамоатчилик сифатида хизмат қилаётганлар ҳам бор.
- Шоҳрух Русланбекович, ниҳоят охирги савол. Сизнинг истакларингиз?
Ички ишлар ходимларининг касб байрами эшик қоқмоқда. Мен ўз ҳамкасбларимни ва фахрийларни қутлуғ айём билан табриклайман. Имкониятдан фойдаланиб, газета орқали барчани ҳаётимиз Қомуси-Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги билан ҳам муборакбод этиб, ҳаммага сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, фаровон ҳаёт тилайман.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Последнее редактирование: 20/10/2017 13:23;   Просмотров: 1443
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку