Биз қовунни, ажойиб ширин мазаси ва тенги йўқ парҳезкор хусусиятлари учун хуш кўрамиз. Унинг атрофга таралиб турган хушбўй ҳидли мағзида ҳазми енгил қанд, крахмал, оқсил, ҳар хил витаминлар, бириктурувчи моддалар, пектин, органик кислоталар, турли минерал тузлар мавжуд.
Айниқса, унинг мевасида темир ва калий тузлари бор, шунинг учун ҳам қовун мевасини камқонликда, юрак қон томир касалликларини даволашда, жигар ва буйраклар касалликларини, шунингдек, подагра ва ревматизмни даволашда фойдаланилади. Қовун кремнийга бой. Олимлар инсон ҳаёти ва саломатлиги, организмдаги физиологик жараёнлар меъёрида кечиши бевосита кремний моддаси билан боғлиқ деб ҳисоблашади. У инсон организми қаттиқ тўқималари, териси ва сочининг ҳолатига таъсир кўрсатади. Кремний мия пўстлоғига, асаб тизимига, ичак деворларига, ошқозон-ҳазм йўлларига ва барча ички аъзолар тизимига таъсир кўрсатади. Қовунда бошқа полиз маҳсулотларидан фарқли ўзлароқ С витамини кўпроқ мавжуд. Ундаги бириктирувчи тўқима моддаси ичаклар микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатиб, организмдан холестерин моддасини чиқариб юборишга сабаб бўлади, овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Қовун ёшартирувчи эффектга эга. Шарқда: "Қовун сочни бақувват қилиб, ялтиратади, кўзни ўткир қилади, лабларни таранг қилиб, инсонга куч-қувват беради", дейишади. Қовуннинг қоқиси ҳамма севиб тановул қиладиган деликатес. Одатда қовуннинг янги узиб олингани тановул қилинади. Бундан ташқари ундан мураббо, джем, мармелад, павидло, компот ва турли ширинликлар тайёрланади. Қовун полиз экини, иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли. Жаҳондаги энг яхши қовунлар Ёзбекистонда етиштирилади. Халқ селекциясида унинг 150 дан ортиқ нави мавжуд. Ундан шинни, мурабболар қилинади. Тиббиётда бод, беланги, сил, қамқонлик, зиқнафас, жигар ва буйрак касалликларини даволашда тавсия этилади. Қовуннинг шифобахш хусусиятлари унинг етилиб, яхши пишганлиги билан боғлиқ. Масалан, етилиб пишмаган қовун-сапчани ейиш ошқозон яраси ёки гастрит касали бор кишиларга тавсия этилмайди. Оч қоринга ҳам қовун тановул қилиш тавсия этилмайди. Бугунги кунда диетологлар қовун истеъмол қилишни овқат ҳазм қилишни яхшилаш мақсадида тавсия этишади. Бундан ташқари у ажойиб гижжа ҳайдовчи воситадир. Бу, албатта, болалар учун фойдали. Асабларни мустаҳкамлайди. Қовун мағзида серотонин деб аталувчи - "қувонч гормони" бўлган модда ишлаб чиқаришга сабба бўладиган моддалар бор. Маъюс бўлиб қолган киши икки карж қовун еб олса, кайфияти яхшиланади. Организмни мустаҳкамлаб, иммунитетни кўтаради. Халқ табобати рецептларига кўра, қовун уруғи янчиб истеъмол қилинса, организм мустаҳкамланиб, иммунитет кучаяди.
Фотима МАҲМУДОВА тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.