Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОТИНОЙИЛАР РОЛИНИ ОШИРИШ КЕРАК

Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бугунги кунда оилада, жамиятда ва ижтимоий ҳаётда аёллар фаоллиги ошиб бормоқда. Айниқса, диний-маърифат ва ахлоқий тарбияни аёлларга етказишда отинойиларнинг муносиб ўрни бор. Туман ҳокими ўринбосари, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Рофиева билан суҳбатимиз отинойилар фаолияти ҳақида бўлди.

- Ҳурматли Зулфия Тўхтамишовна. Жамиятимизда отинойилар азалдан бўлишган. Тарихдан маълумки, хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси аёл устозлар - отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Термизий, Мирзо Улуғбек, Ибн Синодек алломаларимизнинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбия қилишган.
- Тўғри айтасиз. Қадимдан отинойилар ҳалоллиги, тақвоси, меҳнаткашлиги, ҳаёси билан эл ҳурматини қозониб келишган. Уларда шундай фазилатлар бўлганки, уни бошқа халқлар аёлларида кўриш мушкул. Шоиралар мураббийи Жаҳонотин Увайсий, маърифатпарвар шоира Нодирабегим ва доно маслаҳатчи Бибихоним каби оқила момоларимиз яхши тарбия кўрганлари боис, ўз даврининг машъали, хайрли ва улуғвор ишларнинг йўлбошчилари бўлишган. Ҳозирги отинойилар ҳамиша ана шулардан ибрат олишлари лозим.
Аввало "отинойи" сўзининг истилоҳий маъносини англашимиз лозим. Отин - қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл ҳисобланади.
Ҳозирги замон отинойиси эса чуқур ҳаётий тажрибага эга, дунёвий ва диний билимлар соҳибаси, эл-юрт орасида ҳурмати бор, миллий-диний қадриятларни асл ҳолида аҳолига етказа оладиган аёллар бўлиши керак. Шунингдек, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мазҳаблар ҳақида маълумотга эга бўлиши, дунёда юз бераётган ҳодисалардан хабардор бўлиши зарур.
Отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушунтириб, қалбларга етказа олишлари лозим.
Айниқса, отинойилар соф ислом динини ақидапарстликдан фарқлай олиши, атрофда кечаётган жараёнларга дахлдор бўлиши, хотин-қизларни турли салбий кучлар ва уларнинг экстремистик ғоялари таъсиридан ҳар томонлама ҳимоялашга қодир бўлиши керак. Аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларга у қарши турсин. Хотин-қизларга никоҳ ва оила масалалари ҳақида маълумотлар берсин. Айниқса, шаръий никоҳ орқали хотин устига хотин олиш ва эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳамда балоғат, камолот ва никоҳ ёшларининг бир-биридан фарқини билдириши жуда муҳим. Шунингдек, оила муҳитини яхшилашда аёл кишининг ўрни катталигини эсдан чиқармаслик керак.
- Сиз санаб ўтган хислатлар ўзини отинойи деб ҳисоблайдиган барча кайвони онахонларда бор деб айта оламизми?
- Минг афсуски, хотин-қизлар орасида маънавий муҳитга салбий таъсир этаётган ва бидъат-хурофотларга бошчилик қилаётган отинойилар ҳам учрайди.
Замон жадал ривожланиб бораётган ҳозирги кунда илми йўқ, фақат бир-икки оят, ҳадисни чала ёдлаб олган, беҳуда гаплару, асоссиз ривоятлар билан одамларни чалғитаётган аёлларнинг борлиги кишини ранжитади.
Бундайлар нафс истаги, бойлик орттириш, обрў-эътибор илинжида ўзлари билмайдиган ишларга қўл уришмоқда.
Улар аёлларни ҳидоятга чорлаяпман, деб ўйлайдию, аммо ўзини ва бошқаларни залолат ботқоғига тортаётганини сезмайди.
Айрим отинойилар йўл қўяётган хатоликлар ҳақида гапирсак, улар қуйидагилар:
Айрим хотин-қизлар онгига ўрнашиб қолган ирим-сиримлар ва бидъат-хурофотларга раддия билдириш ўрнига, уларга бош-қош бўлмоқдалар.
Аёлларнинг ишонувчанлик, соддадиллик, итоаткорлик каби хусусиятларидан фойдаланиб, уларни тўғри йўлдан чалғитишяпти.
Суҳбатларда фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва қиёмат даҳшати ёки жаннат васфи ҳақида гапириб, аёллар қалбига ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Аслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади.
Ибодат масалаларини ҳаддан зиёд қийинлаштириб кўрсатишлари оқибатида, аёллар орасида Ислом динига нисбатан нотўғри тушунчалар пайдо бўляпти.
Фолбинлик каби гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади.
Кўп отинойилар тўй, ақиқа, хотира маросимларининг фарқига боришмайди. Шундай отинойилар ҳам борки, ҳижоб масаласига қаттиқ ёпишиб олиб, аёл бутун танасини, ҳатто кўзини ҳам беркитиши керак, деган фикрни илгари суради. Бошдан-оёқ либосга ўраниб олиш, аслида араб саҳросида яшайдиган аёлларга хос. Чўлда ҳаддан ташқари иссиқ ва шамол бўлгани учун эркак ҳам, аёл ҳам иссиқдан ўзини сақлаш мақсадида ҳатто юзини ҳам ўраб юради.
Ҳар бир инсон миллий либосини кийишга ҳақли. Либослар замон ўзгариши билан кўркамлашиб боради. Момоларимизнинг миллий либосларини моҳир тикувчиларимиз ҳозирги замонга хос, иқлимимизга мос, урф-одатларимизга тўғри келадиган шаклларда тикишса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Шундай отинойилар ҳам борки, улар диний мутаассибликка чуқур берилишган. Бошқаларни менсимаслик, билиб билмай сиёсатга аралашиш, маърака ва маросимларда кўрсатган хизмат учун нархлар белгилаб олиш, "сертификат олдим" деб кўнглига келган салбий ҳаракатларга йўл қўйиш, жумладан, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига зид равишда хотин-қизларга диний сабоқ бериш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
- Республикамизда хотин-қизларни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда. Шу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз.
- Дарҳақиқат, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бунинг ёрқин мисолидир.
Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар бу борадаги мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.
- Яна бир муҳим масалада фикрингизни билдириб ўтсангиз. Кейинги вақтларда тўй-маъракалар билан боғлиқ янги-янги урф-одатларнинг қарор топаётгани сир эмас. Бунда хотин-қизларнинг ҳам ўзига яраша ҳиссаси бор. Бу борада отинойиларнинг вазифалари нималардан иборат?
- Афсуски, тўй, маърака-маросимларда исрофгарчиликлар ҳамон учраб турибди. Тўй арафасидаги турли олди-бердилар, куёв ва келин учун ўнлаб кийим-кечаклар, ортиқча зебу зийнатлар талаб этилишига чек қўйилмаяпти. Оқибатда, оилалар арзимаган "берди-бермади", деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти. Отинойилар бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўришлари керак. Ахир, тўйларни ихчам ўтказиб, тежалган маблағни ёш оиланинг келажаги учун ишлатиш ҳақида панду насиҳат қилиш айнан уларнинг иши-ку.
Отинойилар аёллар ўртасида учраётган муаммолар, айниқса, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик ва тузалмас касалликларга мубтало бўлишнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларда фаол қатнашишлари мақсадга мувофиқдир.
Ёшларимизни, айниқса, қиз болаларни соғлом қадриятлар руҳида тарбиялаш ва уларнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш, шунингдек, урф-одат ҳамда диний маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш маҳалла мутахассислари ва отинойилар олдида турган энг муҳим вазифадир.
Ҳозирги кунда отинойилар фаолиятини тўғри йўналтириш ва улар билан ҳамжиҳатликда ишлаш мақсадида жойларда туман бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари фаолият кўрсатмоқда. Улар отинойилар билан бевосита ҳамкорликда ишлайдилар.
Отинойи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида", "Жамоат ташкилотлари тўғрисида"ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруқлари асосида ташкил этади.
У диний идора, туман имом-хатиблиги томонидан ташкил этиладиган тадбирларда, махсус семинарларда иштирок этиб, диний ва дунёвий билимларини ошириб боради. Фаолияти ҳақида ҳар ҳафта туман бош отинойисига ҳисобот беради.
Таъкидлаш керакки, амалдаги қонунларга бўйсунмаган ёки қонун талаби доирасидан чиққан отинойилар фаолияти тўхтатиб қўйилади. Унга берилган махсус сертификатдан маҳрум қилинади. Зарур ҳолатларда ҳатто тегишли ташкилотларга топширилади.
Отинойилар юқорида айтилган талабларга жавоб бера олсалар, турли бидъат ва хурофотлардан халқимиз ва ёшларимиз онгини муҳофаза этсалар, динимизнинг асл моҳиятини тўғри етказиб бера олсалар, мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўладилар. Энг муҳими, халқ орасида ҳурматли инсонларга айланадилар.

Х.НУРУЛЛАЕВ
ёзиб олди.


Дата добавления: 21/06/2019 12:45;   Просмотров: 904
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку