Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚОТИЛ УКА

Америкалик буюк адиб Жек Лондон шундай ёзган экан: «Бир қадаҳ-ичимликнинг бошланиши, ўртаси эса ичадиган улфатларга қўшилиб, муқумий ширакайф юриш, таом олдидан қадаҳдан отиб олиш. Охири - маст ҳолда одам ўлдириб ёки камомад қилиб қамоқхонага, жиннихонага, арзимайдиган дарддан лаҳадга тушиш билан тугайди».

Суд залининг қора курсисида туғишган акасини пичоқлаб ўлдирган укани ва гувоҳ сифатида кўрсатма бераётган бечора онани кўрган кишининг қалбини афсус ва ачиниш ҳисси қамраб олиб, Жек Лондон башорат қилганидек, маст ҳолда одам ўлдиришни билиб, беихтиёр ароқ заводи куйсун дейди. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, кейинги пайтда тўй - маъракаларда спиртли ичимликлар «дастурхон безаги»га айланиб, натижада маст ҳолда оғир жиноятлар содир этиш кўпаймоқда. Бунга 1987 йилда Қўшмачит маҳалласида туғилган Самежон Турсуновнинг қисмати мисол бўла олади. Чунки у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси I - қисми билан айбланиб жиноий жавобгарликка тортилди.
Суд ҳайъати иш бўйича судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, очиқ суд мажлисида жиноят иши ҳужжатларини атрофлича таҳлил қилди. Суд залининг панжара ортидаги қора курсида маюс, қилмишидан пушаймон бўлиб ўтирган Самежон Турсунов 2017 йил 17 июль куни тахминан соат 18-ларда акаси Санъатжон Турсунов билан биргаликда Фирдавс исмли танишларининг тўй базмида боришади ва бу ердан кеч соат ўнларда маст ҳолда уйларига келишади. Акаси укасини маст ҳолатда бегона аёллар билан рақсга тушиб, уни уялтирганини айтади. Буни эшитган укаси кулиб қўя қолади.
Ичкилик, агар меъёрдан ортиб қолса, телба одамни ҳам, соғини ҳам бирдай енгилтак қилиб қўяди. Чунки мастлик ва маданият - муз ва оловдек, нур ва зулматдек ўзаро бир - бирига мутлақо қарама - қарши тушунчалардир. Маст одам ақлини йўқотган бўлади. Ҳар қанча бақувват гавдани ҳам ичкилик емириб ташлайди. Араб файласуфи Абул фарож ёзганидек, майни ичган одам тўрт сифатга эга бўлар экан. Дастлаб товусга айланиб - ўзини кўз-кўз қиларкан. Кейин маймун қиёфасига кириб, ҳамма билан ҳазиллашади. Ундан сўнг эса шерга ўхшаб ўзига бино қўяркан, мағрурлиги тутиб, кучига ишониб кетар экан. Судланувчи акасининг насиҳатини, ўзича мушоҳада қилади ва уни кўролмасликка йўяди. Ғазаби қайнаб ўч олишни ният қиладида, ошхонага кириб пичоқ олиб чиқади. Кела солиб акасининг кўкрак соҳаси чап томонига бир маротаба санчади ва унга ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказади. Натижада у шифохона йўлида вафот этади. Суд мажлисида Самежон Турсунов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди ва қилган ишидан пушаймонда эканлигини, шу сабабли унга нисбатдан енгиллик беришларини сўрайди. Суд ҳайъати Самежон Турсуновнинг содир этган жинояти ўта оғир туркумга киришлигини, жабрланувчи қонуний чора кўришликни сўраганлигини, жиноятни маст ҳолда содир этганлигини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имконияти мавжуд эмас деган қатъий фикрга келади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси I - қисми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилайди.
Шу ерда мазкур ҳолатга нуқта қўйиш мумкин эди. Аммо бизларни ҳайратга солган нарса, ака-ука ўртасидаги адоват оқибатида пичоқ тортишдир. Маданиятли оилаларда ака - укалар эрталаб турганда бир - бирларини самимий қучоқлашиб ҳол - аҳвол сўрашади, меҳр - оқибатли эканлигини маълум қилишади. Ўйлаймизки, Қўшмачит маҳалласидаги фожеа кўпчилик учун сабоқ дарси бўлади.

Ўткир МАМАДАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА журналист


Последнее редактирование: 26/01/2018 14:25;   Просмотров: 1254
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку