Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон халқининг матонат ва жасоратини, эътиқод ва ишончини, инсонпарварлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат каби фазилатларини яна бир карра намоён этди. Жумладан, самарқандлик меҳнаткашлар ҳам уруш пайтида алоҳида жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатди.
"Уруш қаҳрамонлари ҳақида гапирар эканмиз, табаррук Она сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Чунки эл-юрт ҳимоясини ор-номус иши деб биладиган мард ва ботир ўғлонларни вояга етказган улуғ зот - онадир. Урушнинг барча азоб-уқубатларини энг кўп тортган инсонлар ҳам муштипар оналаримиздир" дея таъкидлайди давлатимиз раҳбари.
Урушда ўзбек ўғлонлари қўлига қурол олиб жанг майдонларида жасорат кўрсатган бўлса, ўзбек аёллари фронт ортидан туриб фидойилик кўрсатишган.
Сизларга бир ота ва қизнинг жасоратлари тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман.
Нурмуҳаммад ва Каромат қизи Розия онамиз 1928 йил 12 май куни Самарқанд туманида туғилган. Оталари Нурмуҳаммад эса 1900 йил дунёга келган. Бироқ Самарқанд туман ФҲДЁ бўлими архиви маълумотига кўра бобомиз 1894 йил туғилгандеб кўрсатилган. У киши жуда ишбилармон, зукко инсон бўлган. Савдо-сотиқ ишлари билан ҳам шуғулланиб, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни давлатлардаги ишбилармонлар билан ҳамкорлик қилган. Зиёли ва илм эгаси бўлгани боис у кишига атрофдагилар "Охун" деб тахаллус қўйишган. Кўпчилик бобомизга Охун деб мурожаат қилишган.
Бобомиз Нурмуҳаммад 1941 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. 1942 йил эса Иккинчи жаҳон урушига жалб қилинган. Урушда душман билан мардонавор жанг қилиб, жасорат кўрсатган. Хусусан, Днепр дарёси бўйида бўлиб ўтган жангда бобомиз биринчилардан бўлиб дарёнинг ўнг қирғоғига кесиб ўтади. Сафдошларини душман ҳужумидан ҳимоя қилади. Унинг кўрсатган бу жасорати инобатга олиниб, унга 1944 йил 10 августда "Жасорат" медали топширилади.
Урушдан қайтган Охун бобомиз 1906 йил туғилган Каромат момомизга уйланган. Уларнинг 6 нафар қизи ва 1 та ўғли бўлишган. 1971 йил 15 апрель куни Охун бобомиз 71 ёшида оламдан ўтганлар.
Охун бобонинг учинчи фарзанди Ниёзова Розия момомиз меҳнаткаш, оиласига садоқатли аёл бўлган. Оталари урушга кетганидан кейин онасига ёрдамчи бўлиб, укаларини боқиш мақсадида 13 ёшли қизалоқ колхоз даласига чиқиб кетмон чопади. Ўша пайтлар бир бурда нон топиш жуда мушкул кечган. Колхозда етиштирилган мева-сабзавотлар вагонларга ортилиб урушга юборилган.
Розия ёш бўлишига қарамасдан қуёшнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам далада меҳнат қилади. Шунга қарамасдан оиласи катта бўлган Розия онасига яна қандай қилиб ёрдам беришни, укаларини қорнини тўйғазишни ўйлаб юради. У дала ишидан сўнг от аравага ортилган сабзавотларни вагонга ортиш учун темир йўл вокзалига боради. Яшикларга жойлаштирилган меваларни вагонга ортишга кўмаклашган Розия уйга қайтишда эса оёқ-яланг ҳолатда узоқ йўлни пиёда босиб келади.
Ана шу тариқа ҳаётнинг машаққатларини, турмушнинг не-не синовларини бошидан кечирган момомиз Иккинчи жаҳон урушида фронт ортида туриб фидойилик кўрсатган. Аскарлар учун фронтга озиқ-овқат, мева-чева ташиб етказган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Президентимизнинг Фармони билан Розия момомиз "Шуҳрат" медали билан мукофотланди.
Шунингдек, орадан бир йил ўтиб, ҳукуматимиз Розия момомизга яна бир бор эътибор қаратиб, у кишини "1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги" юбилей медали билан тақдирлаган.
Розия момомизга бизлар эна деб мурожаат этардик. Чунки у киши бизларни онамиздек эркалаб, парвариш қилардилар 1996 йил 15 март куни 71 ёшга тўлган Розия момомиз оламдан ўтдилар. У кишини бизларга ўргатган ўгитлари, кўрсатган меҳрлари ҳамон ёдимизда, қалбимиздадир. Сизларга мен энамдан эшитганларимни айтиб бердим.
Орадан йиллар ўтиб акам қиз фарзандли бўлди. Унинг исмини Розия деб қўйдилар. 2019 йил 12 май куни, Рамазон ойида Розия энамизнинг туғилган кунларида ўзим ўғил фарзандли бўлдим. Унга эса катта бобомнинг номларини Нурмуҳаммад деб исм қўйдим. Келажак авлод ҳам боболари ва момоларининг кўрсатган жасоратлари билан фахрланиб юришсин.
Ғайрат САТТОРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.