Туғилган кун, тўй-базмларга таклиф қилишса банд бўлсак ҳам вақт топиб, ишдан, ўқишдан жавоб сўраб бўлса ҳам бориш имконини топамиз. Мабодо боролмай қолсак " эссиз қатордан қолдим-а" дея афсусланган бўламиз.
Хўш, ота-оналар мажлисига боришни ҳам шу қадар муҳим деб биласизми? "Дадаси, ўтган сафар мен боргандим, энди сизнинг навбатингиз", "Ойиси, қизиқмисан биласан-ку ишим кўп, , зарур бўлса, ўзинг боравер..."
Гап бегона ҳақида эмас, ўз фарзандлари ҳақида бормоқда, аммо баъзибир ота-оналарнинг мана шундай муносабатда бўлишлари кишини ажаблантирмай қолмайди.
Агар шу қадар банд бўлсангизу айтилган вақтда боролмасангиз, унда бошқа куни ёки ишдан қайтаётганингизда 15 дақиқага бўлса ҳам мактабга кириб ўтишнинг иложини топиб болангизнинг дарс ўзлаштириши, хулқ-одоби билан қизиқсангиз, назорат қилсангиз, ҳеч бўлмаганда ўқитувчининг ҳурмати учун унга телефон қилиб, вазиятингизни тушунтирган ҳолда узр сўраб қўйсангиз бўлади-ку...?!
Албатта, шундай йўл тутадиган ота-оналар ҳам бор. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек...
Энг қизиғи, ҳатто айримлар фарзандининг синф роҳбари қўнғироқ қилиб қолса жўртага жавоб беришмайди-да бироқ, жавоб сўраш зарур бўлиб қолса гап ҳамма вақт "муаллимжондан" бошланади. Ва яна шундай ота-оналар ҳам борки, боласи фалон куни ота-оналар мажлиси экан деб эшикдан кирдими тамом, синф раҳбарингнинг мажлис ўтказишдан бошқа қиладиган иши йўқми, доим бир хил гап, болангиз унақа, болангиз бунақа, сени деб бошқаларнинг олдида гап эшитаверишдан чарчадим, деган дийдиёлар бошланади. Мактабга борса ўқитувчиси ота-онанг қани деса, уйда эса ота-она яна мажлисми деб уф тортса, бола бечора нима қилсин?
Қани ота-онанинг масъулияти?
Президентимиз Ш. Мирзиёев раислигида шу йилнинг 23- август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўрилган масалалар қаторида оиладаги таълим-тарбия, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлигига ҳам эътибор қаратилиб, сўнги пайтларда баъзи ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбия олиши учун масъул эканликларини унутиб қўяётганлиги алоҳида таъкидланганлиги бежиз эмас.
Агарки, ота-оналар фарзандлари тақдирига худди юқоридаги каби муносабатда бўлса, манашу бефарқлик илдизи остида бу масала ҳамиша долзарб мавзу бўлиб қолаверади.
Фотима МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.