Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОТА ДУОСИНИ ОЛИБ...

Кўринишидан камсуқум, бир гапни етти ўлчаб гапирадиган Бобоқул ота олтмиш уч ёшни қаршилаганига қарамай ҳали ҳам деҳқончиликни эъзозлаб келади:

“Тупроғимиз олтинга тенг, – дейди у ўғил-қизлари, невараларига қараб. – Еримиз унумдор, сувимиз ширин. Бизда етиштирилган ҳар бир ноз-неъмат эса аввало, ўзининг таъми, лаззати билан минг дардга даво”.

Бобоқул Мўминов 1954 йили Арабхона қишлоғида туғилган. 3-ўрта мактабни тугатиб бир муддат хўжалик қурилиш бригадасида ишлади. Икки йил ҳарбий хизматга ҳам бориб келди.

– Йигитлик бурчингни ҳам ўтаб қайтдинг, – деди уни кўришга келган дўсти Вафоқул. – Хўш, энди нима қилмоқчисан?

– Далага чиқиб кетмон чопмоқчиман. Болалигим ўтган қадрдон далани соғинганман...

– Биласан, отам Янгиариқ ҳудудида бригада бошлиғи,-дея гап бошлади Вафоқул. – Билимли, чаққон ҳисобчи олмоқчи. Сен мактабда яхши ўқирдинг, математикани тушунардинг. Юр, балким отам сени ишга олар.

Яхши ниятлар, эзгу истаклар билан икки дўст Янгиариққа етиб келди. Бригада етакчиси Собир бобони далада учратишди. Сувга, ўғитга, ишловга тўйинган помидор кўчатлари ғуж-ғуж гуллаган.

– Помидор гуллагандан сўнг неча кунда ҳосили пишади? – саволига жавоб кутмай ўзи айтди Собир бобо. – Узоғи билан 70-80 кунда. Бир гектарда 55-60 минг туп кўчат бор. Ҳар бир туп кўчат бир килограммдан помидор берса, ҳосилдорлик гектар ҳисобига 550-600 центнерни ташкил қилади. Шунинг учун ҳам биз гектаридан ўрта ҳисобда 900-1000 центнердан сабзавот етиштирмоқчимиз. Шу суҳбатдан кейин Бобоқул бригада ҳисобчилигига қабул қилинди.

Ўн тўрт йил ҳисобчи, ўн йил бригада сардори бўлиб ишлаб ўзига хос мактаб яратди. 2006 йилда эса биринчилардан “Дилшода Баҳруллоева узумзори” фермер хўжалигини ташкил этиб, эл маъмурчилиги йўлида катта жонбозлик кўрсатди.

– Бир пайтлар “фермер” деган атама хориж тилидаги сўздек туюларди. Бунинг афзаллик ва фойдали томонларини дастлабки йилданоқ сеза бошладик. Ҳар ким меҳнатига яраша ҳақ олаётгани, одамларни ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди. Ахир ана шу она ерга бўлган меҳримиз туфайли уйли, машинали бўлдик, тўйлар қилдик. Булар ҳар биримизнинг йиллаб дилимизга туккан орзу-ўйимиз эди-да. Бунга бир-бир эришаётганимиз бизни қувонтирарди. Буларни кўриб, рус олими И.Павловнинг мана бу сўзлари бот-бот ёдимга келади: “Мен олим бўлмаганимда деҳқон бўлардим”. Шуни эслаб, бу касбни танлаганимдан ғурурланиб кетаман. Сизу биз ардоқлаётган ер нафақат ота-боболаримиз хоки, шу билан бирга, уларнинг тилаклари, қувончу армонлари. Узоқ йиллар ана шу заминга меҳрим, муҳаббатим туфайли бир нарсага ишондим. Ер устида юрганингда қандай қадам ташлаётганинг, нима ният билан кетмон ураётганингни ер сезади. У ҳам тирик мавжудот. Шунинг учун болаларимга “Ерни тинглашни ўрганмай туриб, фермер бўлолмайсизлар. Ерни алдаманглар. Ерни алдаган, ўзини алдайди...” дейман

Бобоқул Мўминовнинг теран, мушоҳадали сўзларини тингларканман, она заминга бўлган меҳрим янада ошди. Ер ҳиди димоғимни қитиқлайдигандай бўлиб, далада меҳнат қилиб, қўли қадоқ бўлган инсонлар туфайли дастурхонимизга кўрк бериб турган ноз-неъматлар, бизнинг тириклигимиз шулар эмасми, деган фикр ўтди кўнглимдан. Фаровонлик, тўкинлик алифбоси – деҳ- қонлар. Ҳа, шундай!

Ота-она дуосини олган инсон кам бўлмайди. Бобоқул Мўминовни бахтли одам десам, сира янглишмайман. У кишининг падари бузрукворлари Комил ота 95 ёшда, оналари эса Хурсандой момо ҳам тўқсонга яқинлашиб қолганлар. Улар беш ўғил, 3 нафар қизнинг севимли ота-оналаридир. Иккинчи фарзандлари Баҳрулла ота ҳам пайғамбар ёшида. 2016 йилнинг март ойида қарилик нафақасига чиқиб, фермерлик эстафетасини Тўйчи Маъруповга берди. Хайрлашаётган йилимизда ҳам бу фермер хўжалигида гектаридан 60 центнердан дон, 450 центнердан сабзавот маҳсулотлари етиштирилди.

2017 йил учун сифатли ҳайдалган ерга ғалла уруғи қадаб, бир текис кўкартириб олишди. Бу, албатта, ерни экишдан олдин минерал ва маҳаллий ўгит билан тўйинтириш туфайли. Мақсад бу йил ҳам ҳар қарич ердан мўл ҳосил олишдир.

–Нафақага чиққан бўлсам ҳам уйда ўтиришни, чойхонда гап сотишни яхши кўрмайман. Қай вақти мени ахтарсангиз даладан топасиз. Ёшим олтмиш учда бўлса ҳам кетмон ураман. Укам Тўйчи, ўғлим Толиб, жияним Акбарларнинг ҳар бири фермер хўжалигини бошқараётган бўлса ҳам, улардан маслаҳатим ва ёрдамимни дариғ тутмайман. Ўтган қирқ йил давомида деҳқончиликни сир-асрорини пухта ўргандим. Уларни ёш деҳ- қонларга, фермерларга ўргатишни бурчим, деб биламан,-дейди суҳбатда Бобоқул Мўминов.

Ҳа, тиниб-тинчимас, доимо яхшиликка интилувчан бу инсон ҳар тонг дуога қўл очар экан, юртга тинчлик, фарзанд-лари камолини сўрайди. Шахсий ҳаётда ўз ўрнини топган ўғил-қизларига, ширин-шакар невараларига бош бўлишнинг ўзи катта бахт эканлигини дилдан ҳис этиб яшайди.

Холиқ ҲАКИМОВ

 

 

 


Дата добавления: 03/02/2017 15:41;   Просмотров: 1662
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку