Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида албатта, у ўсиб улғайган оиладаги муҳит, ота-она тарбияси муҳим аҳамият касб этади. Санталат опанинг ота-онаси ҳам оддий қишлоқ одамлари бўлишса-да, билим, заковатга эга зиёли кишилар эди. Улар фарзандларини, нафақат яхши хулқли, одобли қилиб тарбиялаш, балки ўқимишли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишга интилганлар. Бу эса фарзандлар камолотида ўз самарасини берган. Бугунги кунда уларнинг барчаси ота-оналари орзусини рўёбга чиқаришди. Санталат ёшлигиданоқ ўқитувчилик касбига меҳр қўйди, айниқса ўзининг қўлига илк бор қалам тутқазган биринчи устози Қурбон Собировга жуда ҳавас қиларди.
Қишлоғидаги 39-умумий ўрта таълим мактабини олтин медаль тугатган Санталат Самарқанд давлат университетининг математика факультетига ҳужжат топширди. Ўз кучи ва билим салоҳияти билан синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, университет талабаси бўлди. "Олтин давр" йилларида ҳам устозларидан пухта билим олиш баробарида ўзининг меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги билан курсдошларидан ажралиб турарди. 1987 йилда олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлаб, дастлаб иш фаолиятини қўшни Ургут туманидаги мактабда математика фани ўқитувчиси сифатида бошлади. Лекин, унинг бошланғич синф ўқувчилари бўлмиш жажжи, мурғак болажонларга меҳри бўлакча эди. Шу боис ҳам 1993 йилда ўзи таълим олган жонажон мактабига бошланғич синф ўқитувчиси этиб ишга қабул қилинди. Ўтган йиллар давомида у кичкинтойлар саводини чиқариб, пухта илм бериш билан бирга ўзи ҳам тинмай изланишда, ўқиб ўрганишда давом этиб, тажрибасини ошириб борди. 2007-2008 йилларда Беҳбудий номидаги вилоят педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакаси ошириш институтида қайта таёрлаш курсида таълим олди. Санталат опанинг услубий иш тажрибалари аввал туманда, сўнгра вилоятда ҳам оммалаштирилди. Ҳа, олий тоифали ўқитувчи Санталат опа ўзи суйган касбидан ташқари, оилада ҳам оқила ва меҳрибон она, севимли бекадир. У киши турмуш ўртоғи, тадбиркор Раҳмон ака билан биргаликда икки нафар фарзандни жамиятимизга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб улғайтиришди, ўқитиб, уй-жойли қилишди. Ҳозирги кунда қизи Саноат Самарқанд давлат университети доценти лавозимида ишламоқда, ўғли Равшанжон эса хусусий тадбиркор.
Тошпўлод ЮСУПОВ
Азиза САМАТОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.