Никоҳ тўйини ўтказмоқчи бўлганлар иложи борича, бегонадан эмас, кўзимиз олдида катта бўлган дея қариндош уруғдан қиз ахтаришга одатланишган. Нима бўлса ҳам ришталар узилмасин, болаларимиз борди келдини йиғиштириб қўймасин, деб ҳам катталар шу ишга қўл уради. Аммо қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг шундай салбий оқибатлари борки, ҳар қандай соғлом фикрли инсон бундай алоқалардан ўзини йироқ тутади.
Шуни алоҳида қайд этиш, керакки, туғма ногирон фарзандлари бўлган оилалар ўрганилганда уларнинг 45 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳ натижасида туғилгани аниқланди. 21 фоизини кўзи ожиз ногиронлар, 9 фоизини кар-соқовлар, 12 фоизини қон касалликлари билан боғлиқ ногиронлар ташкил этади. Бу рақамлар албатта, ҳар қандай кишини ўйга толдиради. Шунинг учун бундай никоҳларга йўл қўйилмагани маъқул.
Бундан ташқари тўй қиламан, халқимга ош бераман, дея қарзга ботаётганлар, охир-оқибат қурилган янги оилаларга дарз кетаётгани ҳам айни ҳақиқат. Буларнинг олдини олиш мақсадида Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда «Нуроний» жамғармаси фаолларининг Мурожаати эълон қилинди. Унда юртимиз жамоатчилиги юқоридаги каби иллатларнинг батамом йўқотилишида ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этилди.
Мурожаатда таъкидлаганидек, тўй-маъракалар миллатимизнинг азалий қадриятлари ҳамда анъаналарини намоён қиладиган кўзгу экан, уларни ортиқча ҳашамларсиз, юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказишимиз ва бу эзгу ишга ҳамма бирдек бош қўшиши керак.
Ушбу мурожаатдан келиб чиқиб ҳамда ушбу масалани норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқали тартибга солиш мақсадида «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида» ги Олий Мажлис Сенатининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Аҳоли қарорни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклифларни ўртага ташлади. Бир сўз билан айтганда ҳамма тартибли тўй ўтказиш тарафдори. Исрофгарчилигу оворагарчилик ҳеч кимга керак эмас.
Бўлимимиз жамоаси ҳам аҳоли ўртасида тез-тез бўлиб, барчани ихчам тўйлар қилишга, биринчи навбатда қиз ва йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга даъват этмоқдалар. Буларнинг боиси ўлароқ қизлар вояга етгач, улар оила қуришга тайёр бўлгач узатиляпти, маҳаллалар фаоллари, маслаҳатчилар кўмагида соғлом оила ривожига ҳисса қўшиляпти.
Ш. САЪДУЛЛАЕВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.