Кейинги пайтларда аҳоли ўртасида «Баъзи қассоблар ҳаром ўлган мол гўштларини ҳалолига аралаштириб сотаётган эмиш», «Баъзилари эшак гўшти сотаётган эмиш» деган миш-миш гаплар тарқалгани сир эмас. Таассуфлар бўлсинки, оммавий ахборот ходимлари имзоси билан чоп этилган мақолалар бу «узунқулоқ» гапларнинг рост эканлигини исботлади. Шу даражада қабиҳлик ва пасткашликка қўл урган қаллоб қассоблар турли юқумли касалликлар (жумладан, куйдирги, қўтир, бруцекеллёз, «стафилоккоккоз» ва бошқалар) билан хасталанган молларнинг гўштини сотмаслигига ким кафолат бера олади.
Аслида ҳукуматимиз ана шундай нохушликларнинг олдини олиш учун бундан бир неча йил илгари, аниқроғи 2015 йилдаёқ қонуний ҳужжат чиқариб қўйган эди. Яъни 2015 йилнинг 14 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ҳудудларида чорва молларини автоматизациялаштирилган равишда сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича «мини-комплексларини» ташкил этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида» № 30-сонли йиғилиши баёни чиқарилган эди. Ушбу меъёрий ҳужжатларда асосан чорва молларини фақат янги ташкил этилган автоматлаштирилган замонавий кушхоналарда сўйилиши, гўшт маҳсулотлари сотилишининг аниқ йўналишлари ва дислокацияси тизимини ишлаб чиқариш юзасидан чоралар кўриш, ветеринария-санитария талабларига жавоб бермайдиган кушхоналар фаолиятини тўхтатиш ва уларга нисбатан қонунга мувофиқ кескин чоралар кўриш борасида ветеринария бошқармалари ва бўлимларига тегишли топшириқлар берилган эди.
Туман ветеринария бўлими мутахассислари ИИБ ППХ ва ЖТСБ карантин бўлими ходимлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирларни амалга оширилди. Жумладан, туман ҳудудидаги жами 70 та хусусий гўшт дўкони мудирларига «Мароқанд деҳқон бозори» МЧЖда қассобчилик қиладиган шахсларга огоҳлантириш хатлари юборилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунга қарамасдан баъзи қассоблар қонун талабларини четлаб ўтишга ҳаракат қилишаётгани аниқланди. Жумладан 2018 йилнинг шу давригача қонунбузарликка йўл қуйилган 8 та гўшт дўкони мудирларини жами 700 минг сўмлик жаримага тортишга тўғри келди. 16 та қассоб ва гўшт сотувчиларидан тилхатлар ёздириб олинди.
Шу йилнинг 17 август куни Конигил маҳалласидаги «Самарқанд Сифат Гўшт» МЧЖ корхонасида туман ҳудудидаги барча қассоблар, ветеринария пунктлари мудирлари ҳамда ВСЛ лаборатория мудирлари ва ходимлари иштирокида ўтказилган семинарда ана шу масалалар атрофлича муҳокама этилди. Семинарда чорва молларини фақат янги ташкил этилган автоматлаштирилган замонавий кушхоналарда сўйиш ва сотувга чиқариш юзасидан барча қассобларга топшириқлар берилди.
Ветеринария ходимларига эса бу ишни қатъий назоратга олиш вазифаси юклатилди.
Ш.ҲАБИБОВ,
туман ветеринария бўлими бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.