Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОППОҚ ҚОҒОЗ УЗРА...

Бир куни ёзганларимни «Шарқ тонги» таҳририятига олиб борганимда таниқли журналист Абдусалом Муҳаммадалиев «Машинистка»нинг ёнидаги стулга ўтириб, «мақола» диктовка қилаётган экан...

Нафис бармоқлар ҳарфлар мажмуаси бўйлаб, шунчалик тез ва чаққон ҳаракат қиларди. Оппоқ қоғоз узра шу куннинг нафаси - она, ватан, меҳнат... сўзлари муҳрланарди. Бармоқлар эса темир машинканинг ҳарфлари узра югурарди. Гўё санъаткор пианинода қандайдир куй ижро этарди. Эшик ортида бу қизиқарли жараённи кузатиб, бутун вужудим билан ана шу сеҳрли оҳанг бағрига шўнғиб кетгандай бўлдим...

1969 йилнинг сентябрь ойида таҳририятга ишга келдим. Чамамда мендан олти ойлар олдин ишга келган Мавлуда Маннонова бу ишга қўл урмасдан олдин бирон мактабда таҳсил топгани йўқ, таҳририят ходимлари Фароғат Ҳусенова, Санъат Шодиевалардан бу соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Меҳнатда бахт, ҳузур-ҳаловат топган бу аёлнинг чарчоқ нималигини билмаслигига тан берардик. Мавлуда Маннонова чарчамасди. У қўлларини кўтара олмай бутун вужуди толиққанича ёзгани-ёзган. Бундан ярим аср олдин газетада ишлаган мухбир, машинистка, босмахона ишчиларининг иши ниҳоятда оғир, ҳамма ишлар қўлда бажариларди. Мавлонқул Ҳайдаров, Турғун Ҳамидов сингари вёрсткачилар газетанинг ҳар бир сонини чиройли, ўқимишли чиқишида хизматлари беқиёс эди.

Мен бугун ушбу мақоламда кўпроқ машинистка Мавлуда Маннонова ҳақида тўхталмоқчиман. У 1951 йилнинг 11 декабрида туғилган. Самарқанд шаҳридаги 10-ўрта мактабни 1968 йилда яхши баҳолар билан тугатиб, қисқа муддатли ҳисобчилик курсида ўқиди ва туман ижтимоий таъминот бўлимида иш фаолиятини бошлади. Орадан унча вақт ўтмаган эдики, «Гулобод тонги» (собиқ «Шарқ тонги») таҳририятига ишга келди. Редакция ходимларининг йиғилишларидан бирида муҳаррир Насриддин Зайниев мамнуният билан айтган сўзи ҳамон ёдимда:

- — Билим, касбга садоқат, талантни сўраб олмайдилар. Мана кўриб турибсиз, оддий машинисткамиз Мавлуда Маннонова ишга келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин, у қисқа фурсатда машинисткалик касбининг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Журналистларнинг юрак туйғуларини, ақл дурларини ҳаёт зарварақларига тез ва бехато ёзаётган экан, бу бизни қувонтиради. Ҳатто, айрим «ғўр» мухбирларимизнинг хабар ва мақолаларини таҳрир қилингани, сўнг 2-3 марта ёзишга тўғри келгани ҳам унга малол келмайди.

У оригиналларни бенуқсон кўчирар, ҳатто баъзи «чала-мулла» мухбирларнинг хатоларини тузатиб кетар эди. У таҳририятда ўн йилдан зиёд машинистка бўлиб ишлади, —- дейди фахрий журналист Эргаш Султонов. - Унинг издошлари Ҳабиба Аҳадова, Мукаррам Зикирова ва бошқа касб фидойилари ҳам турли йилларда журналистларнинг чинакам қаноти бўлди.

Ажойиб касб эгаси Мавлуда Маннонова турмуш ўртоғи Адаш Турсунқулов билан олти фарзандни оқ ювиб, оқ тараб ўстиришди. Ўлмас, Усмон, Қаҳрамон, Нилуфар, Озода, Нўъмонлар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилиб, мустақил юртимизнинг гуллаб яшнашига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. 19 нафар набира, бир нафар эваралар қуршовида улар бахтли кексалик гаштини суришмоқда.

Бугунги кунда олтмиш олти ёшни қаршилаб бораётган Мавлуда она Манноновани суҳбатга тортдим ва шундай савол бердим:

— Бугунги газетачиларга ҳавасингиз келмайдими?

— Мен ёшарсаму, таҳририятда ишласам, - дейди Мавлуда она кулиб, — Афсуски бунинг иложи йўқ. Ҳозирги компьютер ва бошқа техникаларни, қулайликларни айтмайсизми? Газета ва журналлар кўп. Лекин, уларнинг айримларини қўлингизга олиб, ўқишга тушасиз-у, ҳафсалангиз пир бўлади. Назаримда, кўпгина мақолалар оддий гаплар йиғиндиси бўлиб қолган... Ёки бир амаллаб газетани тўлдириш учун муштарийлар энсасини қотирадиган мақолалар берилаётгани мени ташвишга солади. Кўпинча мақтов, ҳамду санолар газета саҳифаларида қалашиб кетган. Фалон фермер шунча сабзавот, ғалла, мева, узум етиштирди, деб ёзилади, лекин қандай қилиб, унинг омиллари, қийинчиликлари ҳақида лом-мим дейилмайди. Менимча, қийинчилик ва муаммоларни ўша фермер қандай енгганлиги, бугунги ҳаётимизга хос тафаккурини муштарийлар ишонадиган ва тушунадиган қилиб ёзишса, газета янада ўқимишли бўларди. Биз таҳририятда ишлаган кезларда газетамиз муҳаррири Насриддин Зайниев, журналистлар Абдусалом Муҳаммадалиев, Пўлат Ҳамдам, Эркин Ҳожиқурбонов, Эргаш Султонов каби қалами ўткир, эл таниган иқтидорли ижодкорлар ҳар бир мавзуга чуқур ёндашиб, қизиқарли ва долзарб мавзуда бир-биридан чиройли мақола, лавҳа, очерк, шеърлар ёзишарди...

...Йиллар, ўн йиллар ўтса-да, журналистлар қаламга олган қизиқарли мақола, очеркларда замондошларимизнинг портретлари бўй-басти билан кўриниб тураверади, асрлар оша, машъала сингари ёнаверади. Келгуси авлод газета тахламларини варақлаб, уларнинг меҳнатига қалбан баҳо бериши турган гап.

Холиқ ҲАКИМОВ

Суратда: Мавлуда она невараси Паҳлавон билан


Дата добавления: 17/03/2017 15:49;   Просмотров: 1414
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку