Гиёҳвандлик инсон саломатлигига ҳам, жамиятга ҳам нақадар катта зарар, хавф туғдириши барчага маълум. «Заҳри қотил»ни истеъмол қилувчи кимса фақат ўзинигина заҳарласа, уни етиштириш ва сотиш билан шуғулланувчи кимсалар эса юзлаб, минглаб одамларнинг умрига зомин бўлади.
2014 йилнинг охирларида тумандаги Жўйисой маҳалласида жойлашган балиқ пиширадиган ошхонада тасодифан танишиб қолган Алибек Маҳмудов ва Темур Юлдашевлар (Исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шу оғу туфайли «ошна-оғайни»гарчиликларини анчагача давом эттиришди. «Ошна»сининг мунтазам равишда гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилишидан хабардор бўлган Алибекка 2017 йил 23 март куни оғайниси қўнғироқ қилиб, касаллиги қаттиқ безовта қилаётганлиги, иложи бўлса ўша «зорманда»дан топиб беришини сўрайди ва улар соат 16:00 лар атрофида Алибекнинг шаҳардаги уйи яқинида учрашишга келишиб олишади. Темур келишилган вақтда ўзининг «Lacсeti» автомашинасида айтилган манзилга келади. Алибек унга озроқ «опий» борлиги ва нархини келишиб, агар пулини берсанг олиб чиқиб бераман дейди. Темур бунга рози бўлиб, чўнтагидан айтилган пулни чиқариб беради. Алибек оғуни келтириб бераркан, улар ўзаро ҳисоб-китоб қилишгач, Темур автомашинасига ўтириб, маҳалласи томон равона бўлади. Йўлда кетаётиб, икки нафар ўртоғини ҳам автомашинасига ўтқазиб олади. У Жўйисой маҳалласидаги «автоёқилғи» шаҳобчасига кириб, бензин олаётган вақтда «комплекс» тадбир ўтказаётган ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари уни гиёҳвандлик моддасини сақлашда гумон қилаётганликларини айтиб туман ИИБга олиб келадилар. Ўзи ва икки нафар холислар иштирокида автомашинаси кўздан кечирилганда ҳақиқатан ҳам Алибекдан сотиб олган икки грамм юмалоқ шаклдаги «опий» гиёҳвандлик моддаси ашёвий далил сифатида унинг автомашинасидан олинади. Бўлиб ўтган воқеани рўй-рост сўзлаб бергани боис, унинг кўрсатмасига асосан ички ишлар ходимлари Алибекни ҳам шу куни бўлимга олиб келадилар. 2017 йил 24 март куни Алибекни яшаш уйида ўтказилган тинтув чоғида унинг уйидан яна оз миқдордан кўпроқ «опий» гиёҳвандлик моддаси чиқади ва ашёвий далил тариқасида олинади. Жиноят ишлари бўйича туман суди ушбу жиноят тафсилотини обдон ўрганиб, жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида уларга турли муддатларда озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Қиссадан ҳисса шуки, «заҳри қотил» аталмиш гиёҳванд моддаларини етиштирувчи, унинг савдоси ва истеъмоли билан шуғулланувчи кимсаларга, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари балки, ҳар бир фуқаро, айниқса уларнинг яқинлари, қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳам қарши кураш олиб борса, ўйлаймизки, жамиятда бундай жиноий ишларга асло ўрин қолмасди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.