Маълумки, қишлоқ хўжалиги ҳисобидаги олтинга тенг унумли ер майдонлари давлат мулки бўлиб қолмасдан, халқимиз дастурхони ва бозорлар тўкин-сочинлигини таъминловчи бебаҳо ҳазинадир. Аммо, минг афсуски, айрим еб тўймас ер сотувчи фермер хўжаликлари раислари, уларнинг ҳамтовоқ аъзолари томонидан содир этилаётган жиноий хатти ҳаракатлар туфайли катта-катта ер участкалари ноқонуний қурилишлар остида қолиб кетмоқда, тош, шағал, блок ғишт ва бошқа қурилиш материаллари майдонига айланмоқда.
Бундан кимга наф, кимга зиён?! Бир фикр қилиб кўрайлик. Фақат бугунини ёки шахсий манфаатини уйлаб, эл-юрт келажагини назар-писанд қилмаётган кимсалар танобини тортадиган давлат ва қонун борлигини унутмаслик лозим демоқчимиз. Туман ҳокими Н.Мавлонов бошчилигида барча сектор раҳбарлари, мутасадди давлат ва жамаот ташкилотлари ходимлари томонидан шу йил 7 январь куни "Конигил агротехсервис" агрофирмаси таркибига кирувчи "Неъмат нонвой" фермер хўжалиги (раиси Н.Неъматов), "Маҳмуджон Холиқзода" фермер хўжалиги (раиси М.Козимов) ва "Холиқ агросаховат" фермер хўжалиги (раиси А.Азимов) тасарруфидаги ер майдонининг муайян қисми ҳудуддаги фуқароларга иморат қуриш, экиб олиш учун, асоссиз сотиб юборилганлиги аниқланди. Хўжалик аъзолари орасида низо ва келишмовчиликлар авжига чиққан, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган она еримизга нисбатан очкўзлик, толон-торож, беписандлик ҳисси кучайганига нима дейсиз? Фуқаро Наим Имомқулов, Файзулло Боқиевларга ноқонуний қилмишлари учун ҳуқуқий тушунтириш берилди, бундай ҳолатларга узил-кесил чек қўйиш, кераклиги таъкидланди. Қисқа муддатда йўл қўйилган қонунбузарлик ҳолатлари бартараф этилиб, контурларда белгиланган ҳажм ва шаклдаги ер майдонлари тўлиқлигича туман захирасига қайтарилиб, тегишли тартибда "0" дан янги интенсив боғлар, токзор ва ғалла майдонларига айлантириладиган бўлди. Лафзи ҳалол, виждони пок, юртпарвар асил деҳконларимиз бор экан, бундан кейин муқаддас еримиз хор бўлмайди, деб ишонамиз.
Бу мавзуга яна қайтамиз.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.