Алла боланинг руҳан пок, тоза қалб соҳиби бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутади. Унда боланинг ҳазрати инсон бўлиб улғайиши, камолга етиши, бахтли ва фаровон яшаши учун энг покиза, эзгу тилаклар она тилидан янграйди.
Афсуски, бугун кўплаб ёш оналар фарзандларига алла айтмайди ёки айтишни эплолмайди. Яхшиси, телефонда ёзилган мусиқани бешик ёнига қўйиб, ўз ишларини қилишни афзал кўради. Шуни унутмаслик лозимки, гўдакни маънан етук бўлиб улғайишида она сути билан биргаликда алланинг ҳам аҳамияти катта. Чунки, алланинг сеҳри ёш гўдакда меҳр-муҳаббат, вафо садоқат, сингари эзгуликларни шакллантиради.
Ана шундай эзгу анъаналарга содиқ қолган ҳолда яқинда 2-сон "Равонак" маданият марказида "Оналар алла айтганда" кўрик-танлови ўтказилди. Унда ҳудуддаги 10 та маҳаллалардан хотин-қизлар иштирок этишди. Оналар алласининг маъно-мазмуни мутахассислар томонидан баҳоланиб, олий ўринга ўзининг ширали овози ва маънодор алла сўзлари билан барчани хушнуд қилган "Шўрбои" маҳалласидан Шарофат она Нўмонова лойиқ кўрилди. Биринчи ўрин эса "Шредер" қўрғонидан Н.Рахимовага, иккинчи ва учинчи ўринлар "Андижони" маҳалласидан И.Содиқова ҳамда "Шўрбоича" маҳалласидан М.Хуррамоваларга насиб этди.
Ғолибларга туман хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилади.
Шиора ҲАФИЗОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.