Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ
(ҳикоя)
Одам баъзан шундай ҳолга тушадики, кимгадир дардини, ҳаяжонини айтмаса юраги тарс ёриладигандек бўлади. Ҳозир шундай аҳволдаман. Волидам вафотидан кейин уйларини таъмирлаётиб қалин муқовали дафтар топиб олдим. Дафтарни очиб ўқиб онамнинг вафотидан олдин бошдан ўтказган воқеаларни ёзиб қолдирганларини билиб олдим. Шунингдек, васият ҳам қилган эканлар. "Болажоним, - дея ёзилганди дафтар саҳифаларида, - сени жуда яхши кўраман, сендан бўлак менинг суянчиғим йўқ. Илгари даданг билан аҳилликда ҳаёт кечирдик. Нима бўлди-ю сен туғилганигдан кейин отангнинг феъл-атвори ўзгарди. Ҳеч бир гуноҳ иш қилмаган бўлсам, ҳайронман. Суриштириб билиб олдим, ишхонасидаги икки болали аёлни севиб қолибди. Бизни ўшанга алмашди, бувинг, мен ва сени ташлаб кетди. Илож қанча, чидадим ва қўшни маҳалладаги тўқимачилик фабрикасига иш сўраб бордим. Мени цех бошлиғи яҳудий опа - Тўта яхши кутиб олди ва иш берди. Орадан уч йил ўтгач, отанг тўрт фарзанди ва хотини билан қайтиб келди. Адашгани ва бошига мушкил иш тушганини эшитган бувинг уйга қабул қилди. Фарзанди эмасми, гуноҳидан ўтди. Шундан кейин улар бошқа, бизлар эса бошқа уйда яшай бошладик. Лекин менинг виждоним бунга йўл қўймади. Эртаси куни бу воқеани бошлиғимиз Тўта холага айтдим. Унинг менга меҳрибонлигидан ҳурматим янада ошди. У киши бизни ўз уйида ижарага туришимга рухсат берди. Кўп ўтмай сени боғчага жойлаштирдим. Энди бемалол ишлашим мумкин эди. Кечқурун сени боғчадан олиб уйга келаманда, овқатга уннайман, бўш пайтимда уй ва ҳовлини чиннидай қилиб супуриб-сидириб чиқаман. Бундан Тўта хола ҳам хурсанд, мен ҳам. Афсуски, отан бир марта бўлсада биздан хабар олмади. Тўта хола эса уй-жойини менга сотиб, ўзи Ватанига жўнаб кетди. У кишининг ўрнига мени цех бошлиғи этиб тайинлашди. Ҳалол меҳнатим боис кўп бор тақдирландим ва ниҳоят қарилик нафақасига чиқдим. Сен ҳам вояга етдинг, оилали бўлдинг. Сендан жуда хурсандман. Фақат қуйида айтадиган васиятларимни бажарсанг, сендан у дунёю-бу дунё розиман.
- Ватанингни сев, Ватанини севган оиласини севади.
- Ўзингдан каттани ҳурмат қил.
- Мендан кейин қариндошларим ҳолидан хабар олиб тур.
- Қўшни билан алоқангни бузма. Болаларинг бирор нарсани қўшнидан сўрамоқчи бўлса аввал салом берсин, қўполлик қилмасин. Акс ҳолда сўраган нарсасини бермайди.
- Қўшнининг ҳам сенда ҳаққи бор. Бирор маззали таом пиширсанг қўшнингга ҳам узатгин.
- Оила муқаддас даргоҳ, уни ҳурмат кил.
- Кийган кийимингни тоза тут.
- Ҳовли-жойларингни ҳам озода сақла. Тоза жойда фаришталар юради. Нопок жойда шайтон оралайди.
- Ишга боришдан олдин ғусл қил. Ҳалолликда ҳикмат кўп.
- Топган молингдан бева-бечораларга закот бергин. Молинг ҳалол бўлади.
- Қариндошларнинг оиласидан биронтасини келин қил, қариндошлик риштаси мустаҳкам бўлади.
Гапларим жуда кўп, қувватим етмагач қисқа қилдим. Асосий гапни сенга айтсам, отангни топ, унинг фарзандлари билан алоқани узма, ота бир бўлгач, ўгайчилик бўлмайди. Отанг нариги маҳаллада туради. Одамлардан темирчи отани уйи қаерда деб сўрасанг, кўрсатади. Отасини оғритган муродига етмайди дейдилар!" Волидам васиятларига кўра отамнинг манзилларини аниқладим ва эртаси куни оилам билан уйларига кириб бордик. Отам мени ва оила аъзоларимни бағрига босиб, яхши кутиб олдилар. Ҳамма айб менда, кечир ўғлим, дея йиғладилар. Ўгай онам, ҳам бизларни яхши кутиб олди ва меҳмон қилди. Орадан кўп ўтмай отам ҳам, ўгай онам ҳам вафот этдилар. Илоҳим Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин. Укаларим, ака ва опаларим билан борди-келдини канда қилганим йўқ. Қариндошлар билан алоқани мустаҳкамладим, бир қизини келин қилдим. Ҳа, онажоним васиятларига биноан иш тутиб кам бўлмадим. Ҳурматим баланд, қани энди ҳамма ҳам шундай иш тутса?!
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.