(Ҳикоя)
Зокиржон узоқ танаффусдан сўнг чет давлатдан оиласи, бола-чақаси бағрига қайтди. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик шартномаси асосида Корея давлатига ишга бориб, уч йил ҳалол меҳнат қилиб, анча-мунча сармоя жамғарди. У узоқроқ ишлаб қололмаганлигининг сабаби – соғлиги бироз панд бера бошлаганди. Шу боис шартнома муҳлати тугамасданоқ юртига қайтишга мажбур бўлди. Зокиржоннинг қайтишини барча ака-укалари, опа-сингиллари ва қариндош-уруғлари катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Ҳаммадан ҳам онаси Саодат онанинг қувончи чексиз эди. Ўғлининг эсон-омон қайтганига боши осмонда эди онаизорнинг. Зокиржоннинг ташрифи муносабати билан ташкил этилган оилавий зиёфат ҳам зўр ўтди. Кечки соат 23 ларда барча хушу хурсанд ҳолда уй-уйига тарқалишди...
Зокиржоннинг эсон-омон қайтганидан барча хешу ақраболари хурсанд эди-ю, фақатгина хотини Нодиранинг чеҳрасида бундай аломатлар деярли сезилмади. Меҳмонларни жўнатишгач, ўз ётоқларига кирганларидан сўнг Зокиржон хотинига юзланди.
- Нима, менинг қайтганимдан хурсанд эмасмисан? Қиёфанг тунд. Меҳмонларнинг олдида ҳам чиройинг очилмади?!
- Ўзингизга маълум, ака-уканинг бир ҳовлида яшаши қийин. Сизлар аҳил-иноқ бўлганларингиз билан овсинлар ёки болалар ўртасида арзимаган нарсадан жанжал чиқиши мумкин. Шу сабаб, янги уй олишимиз ёки қуришимиз керак. Келтирган пулингиз бу харажатларга етмасов. Яна икки-уч йил ишлаганингизда яхши бўлармиди, дейманда.
Зокиржон кутилмаган бу гапга ўйланиб қолди. Аммо рад этишни ҳам, маъқуллашни ҳам ўзига эп кўрмади. Шу билан бу мавзу ёпилмади. Орадан кўп ўтмай кечки пайт хотини хурсанд ҳолда кириб келди.
- Дадаси, битта уй кўриб келаяпман. Нархи ҳам унча баланд эмас. Ярим пулини тўласак, уй эгаси калитни топшираркан. Қолганини бир йил ичида, ёки қарз-қавола қилибми, бир бало қилармиз.
Шундай қилиб "сочи узун" хотиннинг гапи билан зудликда янги уйга кўчиб ўтишди. "Ёмон бўлса-да ўз уйинг бўлгани яхши-да" деди хотини қувониб, диванда ястаниб ётаркан.
... Аммо, бу хурсандчилик узоқ давом этмади. Орадан беш ойлар ўтиши билан уй соҳиби қолган пулни талаб қила бошлади. Нақд 3 минг доллар... Бунча пулни қисқа фурсатда топишнинг сираям иложи йўқ эди. Зокиржоннинг устачиликдан топган пули рўзғорни тебратишга учма-уч етиб турар, Нодира эса болалардан ортиб, ҳеч қаерда ишламасди. Уй эгаси тиқилинч қилавергач, барча қариндош-уруғлардан, қурби етадиган таниш-билишлардан қарз сўраб чиқишди. Натижа бўлмади. "Ўзингда йўқ, оламда йўқ" деган мақолнинг нақадар ҳаққонийлигига Зокиржон яна бир бор амин бўлди. Белгиланган муҳлат тугаган куниёқ уй соҳиби улар берган пулларни қайтариб олиб келди ва уйни зудлик билан бўшатиб қўйишларини талаб қилди.
На илож, уйни бўшатиш керак. Аммо, Нодира ўжарлик қилиб "Ота-онангизнинг уйига қайтиб бормайман, юзим чидамайди. Ижарага уй олиб яшаймиз" деб туриб олди. Шаҳарга яқин бўлган қўшни маҳалладаги икки қаватли уйнинг бўш турган квартирасини ижарага олишди. Зокиржон бу пайтда ҳар кимникида устачилик қилар, янги қурилаётган иморатларнинг том қисми, полини ўзаро келишув асосида қилиб берарди. Ёғочни қайта ишлайдиган бир-иккита дастгоҳлари бўлиб, ўшаларнинг устидан баҳарнав пул топарди. Аммо, кейинги пайтлар хотинининг охири кўринмас дий-диёларидан безор бўлибми, ичкиликка муккасидан кетганди. Топган даромадининг асосий қисмини еб-ичиб, кайфу сафо қилиб юрарди. Ҳаётга қизиқиши бутунлай сўна бошлаганди.
Икки хонали ижара уйга кўчиб ўтганларида бир қанча мебел ва Зокиржоннинг дастгоҳларини қўйишга жой топилмади. Шу сабаб Зокиржон уларни ён қўшниси Шавкат бобоникига қўйиб "Қўшнижон, шу нарсалар бир-икки ой сизникида тура турсин. Кейин келиб олиб кетарман" деб илтимос қилди.
Ижара уйга кўчиб келишганларидан сўнг Зокиржон мардикорлик ишини ҳам батамом йиғиштириб қўйди. Ичкиликбозликни эса янада авжига чиқарди. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас, деганларидек Зокиржоннинг хорижда ишлаб топган пулларини кўп ўтмай еб-ичиб тугатишди. Шундан сўнг эру хотин низолари ҳам тобора кучайиб, рўзғордан барака кетди. Ўзаро жанжалларни тўхтатиш учун Саодат она томонидан қилинган барча саъй ҳаракатлар ҳам самара бермади. Онаизор уларни муросага келтиришдан чарчади, ҳар икки кунда бу ерга келавериб ҳолдан тойди. Охири иккисидан ҳам норизо бўлиб, келмай қўйди. Оғир хасталикка учраб, бандаликни бажо келтирди. Аммо, бу йўқотиш ҳам Зокиржонга сабоқ бўлмади. Оила фалокат ёқасига келиб қолди.
Нодира уч боласини олиб, онасиникига кетиб қолди. Ҳеч қанча вақт ўтмай болаларини онасига ташлаб, пул ишлаш илинжида Туркияга кетди. Энди Зокиржонга "Қўй, дейдиган хўжа" йўқ эди. Уни тартибга чақиришдан ака-укалари ҳам чарчашди. Топганини ичар, кўча-кўйда сандироқлаб юриб, дуч келган бирор кунжакда усти боши лой, балчиқ ҳолида ухлаб қоларди. Хуллас, ароқдан воз кеча олмайдиган тап-тайёр пиёнистага айланиб улгурганди. Шундай аянчли кунларнинг бирида, куз оқшоми Зокиржон кўчада ухлаб қолганича бандаликни бажо қилди. Ака-укалари гарчи уни бу мудҳиш йўлдан қайтара олмаган бўлсалар-да, расим-русумини жо-бажо қилган ҳолда сўнгги йўлга кузатиб қўйишди. Унинг қабрига бир сиқим тупроқ ташламоқ фарзандларига ҳам насиб этмади...
Зокиржоннинг дастгоҳлари ва мебелларини омонатга олиб қолган қўшниси Шавкат бобо бу фожеаларнинг барини кеч эшитди. Ёши бир жойга бориб қолган қария бу омонатларни эгасига, ё унинг яқинларига топширмасдан кўнгли тинчимасди. Шу сабаб излай-излай Туркиядан қайтиб келиб, уй-жой сотиб олган Нодиранинг дарагини топди. Кўримсизгина уйнинг дарвозасини тақиллатди. Хориждаги мусофирлик азобларидан бир аҳволга келиб қолган Нодира дарвозани очар экан, Шавкат бобо дастлаб уни танимади.
- Менга Нодира керак эди. – деди қария сочлари кесилган, юзлари сўлиган аёлга қарата.
- Менман ўша Нодира, ие қўшни танимадингизми?! Ҳа, қаричилик-да.- деди Нодира ўзининг ҳолидан бехабар ҳолда.
- Ие, сизмисиз?! Узр, танимабман. Хай майли, Нодира синглим менинг омборхонамда раҳматли Зокиржоннинг устачилик дастгоҳлари, бир неча майда мебелларингиз қолиб кетган. Омонатларингизни 15 йилдан бери сақлаб келаяпман. Шуларни бориб олиб келсангиз, дегандим. - деди Шавкат бобо омонатнинг эгаларини топганига шод бўлиб.
- Шунақами, майли мебелларни олишим мумкин. Аммо, ўша пиёнистанинг дастгоҳлари менга умуман керакмас. Ўзидан нима каромат кўрдим-у, дастгоҳлари нима берарди менга. Тем более, ҳозир улар "мода"дан қолиб кетган. Сотай десангиз, харидорини топиш ҳам амри маҳол бўлса керак. Уларни ўзингиз нима қилсангиз қилаверинг. – деди Нодира совуққина оҳангда.
Шавкат бобо юраги музлаган кўйи уйига қайтди. "Ҳеч бўлмаса мебелларини олиб кетар" деган ўй билан Нодирани бир ойлар кутди. Дараги бўлмагач, охири ўзи яна ўша хонадонга бош суқиб борди. Қўшниларидан Нодиранинг яна хорижга, Туркияга кетганини эшитиб, тарвузи қўлтиғидан тушганича ортига қайтди.
Шу кундан Шавкат бобонинг уйқусида ҳаловат йўқолди. Омонатни эгаларига қайтариш нияти унга тинчлик бермасди. Орадан беш-олти кунни бедор ўтказган қария марҳум Зокиржоннинг ота уйини, у ерда яшаётган укасини излаб топди. Вазиятни обдон тушунтирди. Хуллас, дастгоҳларни марҳум қўшнисининг укасига эсон-омон топшириб, елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Чуқур бир уҳ тортди.
"Омонатнинг масъулияти ҳам оғир бўлар экан-а!" ўйлади Шавкат бобо пароканда бўлган ажабтовур хонадоннинг тақдирига ачиниб...
Маъмуржон МУҲСИНОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.