Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"Ҳомиладор" ҚЎҒирчоҚлар

Замоннинг зайлини қаранг, бугун бешикда ётган бола телевизор кўриб, онасини тинчлантирмоқда. Уч ёшли бола "сотка"ни қўлига олиб, отаси билмаган "операция"ларни бажариб ҳаммани қойил қолдиряпти. Бўлар-бўлмас маслаҳатлари билан бошингизни қотирадиган беш ёшли "онахон", "отахон"лар пайдо бўлди. Улар учун эртакларнинг қизиғи йўқ. Боғча ёшидаги фарзандингиз пулни-пулга уриб қандай қилиб янада кўпроқ пул топиш ҳақида сизга ақл ўргатади.
Эҳее... Гапирмай қўяқолай. Сиз фарзандингизни катта бўлиб қолганини, қилиқлари "қариб" бораётганини кўриб кулиб қўйяпсиз.

Болаларни кузатиб, ўзимнинг беғубор дамларимни эслайман-у, "Эҳ, бугуннинг болалари, бугуннинг ёшлари" деб хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмайман. Хурсанд бўлай десам, улар болалигини унутяпти, ёшига нисбатан жуда тез улғайяпти, юзларида беғуборлик, самимият йўқолган, баджаҳл, асабий, бугун ҳатто ўзингизнинг фарзандингизга ҳам маслаҳат бериш ёки қилган қилиғидан норози бўлиб жиддий танбеҳ беришга қўрқасиз. Бизнинг болалигимизда эса ножўя иш қилиб қўйсак, оталаримиз белбоғини ечиб... Хурсанд бўлмай десам, етти ёшли болам мен билмаган нарсаларни билади, ақлий қобилияти менинг давримдаги тенгқурларига нисбатан ўн, юз баробар юқори. Майли, нима бўлса ҳам боши омон бўлсин дейман... Лекин...
"Яқинда бозорга кетган ўғлим ва неварам ўзида йўқ хурсанд бўлиб кириб келишди, - дея гап бошлади танишим. - Неварамнинг қўлида катта "Барби" қўғирчоғи. Мен ҳам хурсанд бўлиб, қўғирчоқни қўлимга олсам, жуда хунук, қорни қаппайган. "Нега бунақа қўғирчоқ олдиларинг", деб ўғлимга қарасам, беш ёшли қиз неварам: "Буви, бу ҳомиладор, ичида боласи бор" деб қўғирчоқни шартта қўлимдан олди ва ечинтириб, қорин қисмини очди, ичидан кичкина болачасини чиқариб кўрсатди, шодланиб, камига "кўрдингизми, сиз шуни ҳам билмайсиз" деб танбеҳ ҳам бериб қўйди.
"Болалигим - подшолигим" деганларидек, фарзандимиз ҳақиқатан ҳам тўполон қилса, истагини ҳар қандай вазиятда бажаришга ҳаракат қиламиз. Аммо унинг хоҳиши эртага таълим-тарбиясига, хулқига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаймиз ҳам. Майли, қайсидир тадбиркор (бундай шахсларни тадбиркор деб ҳам бўлмайди) жиғилдонини ўйлаб, Хитойдан келтиргандир шундай ўйинчоқларни. Сотувчи ҳам расталарнинг энг кўринадиган жойига қўйган, тирикчилик қиляпти, унинг ҳам бола-чақаси, "аренда"си, "налог"и бор. Уларнинг қизчалари аллақачон шундай "Барби"ни ўйнаб ҳам бўлган. Чунки агар маънавиятдан, маърифатдан хабари бўлганда эди, улар бундай ўйинчоқларни чет элдан олиб келмаган, дўконининг болаларнинг кўзи энг кўп тушадиган жойига илмаган бўлар эди.
Агар болангизнинг келажакда сиз орзу қилган етук инсон бўлиб камолга етишини истасангиз, ҳозирдан ҳаракатингизни бошланг. Бешикда ётган болангизга эзгулик, яхшиликни тарғиб этувчи эртаклар айтиб беринг, байрамларда, туғилган кунларида маънавиятига, маърифатига таъсир кўрсатувчи ўйинчоқлар, китоблар совға қилинг. Зеро, ота-она ҳеч қачон фарзандларига ёмонликни раво кўрмайди.

Р.МаҲмудов,
ЎзА


Дата добавления: 01/02/2019 14:40;   Просмотров: 891
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку