Мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши, маҳаллаларнинг чирой очиб боришида, албатта тадбиркорларнинг ҳиссаси катта. Негаки, улар ҳар бир ишда жонкуярлик билан ёндашиб, доимо қувончли натижаларга эришмоқдалар. Иброҳимжон Ҳамидов ҳам ана шундай бағри кенг, қўли очиқ тадбиркорлардан бўлиб, у ўзи истиқомат қилаётган Боғитилло маҳалласи ободлиги, аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун яқиндан кўмак бермоқда. Яқинда «Аъзам бобо» базмгоҳида ўтказилган хайрия тўйида қатнашиб, баъзи бир мурувватларнинг олтиндан қимматлигига ишонч ҳосил қилдик.
Шу куни тадбиркор Иброҳимжон Ҳамидов безатилган дастурхон атрофига 10 нафар 1-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, 4 нафар Таллибарзуи поён, 2 нафар Қозиқўрғон маҳаллаларидаги кам таъминланган оилалар фарзандларини таклиф этиб, суннат тўйини ўтказди ва уларнинг ҳар бирига кийим-кечак кийгизди, совғалар топширди. Шунингдек, базмгоҳга ҳудуддаги қариялар, кам таъминланган оилалар аъзолари, фаоллар қатнашдилар. Тадбирни Таллибарзуи поён маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санъатжон Баҳронов очди ва тўпланганларни тўй билан табриклади, ҳомий И.Ҳамидовнинг шу пайтга қадар амалга оширган мурувватларини гапириб берди.
- Иброҳимжонни ҳаммамиз яхши таниймиз, - дейди халқ таълими фидойиси Н. Саломов. - У Боғитилло ички ва ташқи йўлларини асфальт қилишда жонбозлик кўрсатиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшганлардан. Яқинда у маҳаллада кичик корхона ташкил этиб, иш қидириб юрган ёшларни иш билан таъминлади. Болажонлар суннат тўйларини ўтказиб бераётгани эса ҳаммасидан улуғи бўлди. Иброҳимжон Ҳамидовнинг келгуси ишларига омадлар тилаймиз.
Н.МУҲАММАД
Суратда: тадбирдан бир кўриниш акс этган.
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.