Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОЛТИН ШАМДОН

Сайрамдан Оқсув дарёси бўйлаб Туркистонгача борсангиз ҳар қадамда "боб"ларнинг, "шайх"ларнинг қабрларини учратасиз "Боб"ларнинг улуғи Исҳоқбоб, ул зот Исфижоб (ҳозирги Сайрам) элларига келиб,уч қават ҳисор (қўрғон) қурдириб, подшоликни тарк қилиб, дарвешликни ихтиёр этдилар. Мўмин шайх, Мусо шайх, Ҳусайн шайх, Исмоил шайх,Умар шайх, унинг ўғли Ифтихор шайх, унинг ўғли Маҳмуд шайх, унинг ўғли Иброҳим шайх, унинг ўғли Хожа Аҳмад Яссавийдир.

Сайрамдан Яссигача улуғ шайхлар тизилган бўлиб, энг сўнггида, уларнинг пойгоҳида Хожа Аҳмад Яссавий қарор топди. Фақирлик, камтарлик, аждодларга бўлган муҳаббат, ҳурмат шайхул машойих Хожа Аҳмадда шу даражада улуғ бўлганки, шайхларнинг пойгоҳини истаганлар.
Соҳибқирон Амир Темурнинг Хожа Аҳмадга эътиқоди баланд бўлган, Хожанинг ҳикматларини ёд билган.Эътиқоди туфайли Яссида Хожа Аҳмад қабри устида улкан мақбара, мадраса барпо эттирган. Мақбара устига ўрнатилган олтин шамдон Олтин Ўрда пойтахти Саройчуқ ва Ҳожи Тархон (Астрахан)гача оқшомлар ёрқин юлдуздай нур сочиб турган. Олтин шамдонни қиблага қаратиб ўрнатганлар.
Тарихий манбаларда зикр қилинишича,1404 йил Амир Темур Хитойга ҳарб юришини бошлайди. Оқсув дарёси бўйларини қўшинига қароргоҳ, Сайрамни давлатига пойтахт қилиб белгилади. Хожа Аҳмад мақбарасини зиёрат қилди, мақбара устидаги олтин шамдонга меҳр билан боқди. Кавказ тоғлари, бир томони Кичик Осиё ва Хуросонннинг Зуҳал юлдузи мисол шаҳарларигача чўзилган ўлка ва қудратли Моваруннаҳр давлати салобати салоҳияти билан кўз олдидан ўтди. Ёши етмишга бораётган эса-да эгардан тушгани йўқ. Ўтрор остонасида туриб хаёли Бухорои шарифга етди- пири комил Саид Амир Кулолни ёд этди. Отаси Муҳаммад Тарағай Баҳодирнинг, онаси мўғул хонларининг қизи Тегина бегимнинг пирлари эса-да, ўзининг ҳам бениҳоя эътиқод қилгувчи пири эди. Амир Темур улуғ пирини йўқлаб, зиёрат қилиб турган. 1370 йилда Хуросон ҳукмдори этиб сайланганида, мамлакати пойтахтини Балхдан Самарқандга кўчирди. Эҳтирому иззату икром ила Саид Амир Кулолни ёнимда бўлинг, дея Самарқандга таклиф қилдилар."Ёшим саксондан ошди, кексайиб қолдим. Ҳузурингизга тўртинчи ўғлим Саид Умар кулолни юборурман", деб хурсанд бўлдилар. Яна тайинладиким, "Сизнинг улуғ пирларга эътиқодингиз мустаҳкамдур, пирларингиз аввали Шайх Бурхониддин Соғаржийдур. Ул зот тушларида Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳиссаломнинг қўлларидан пайғамбаримизнинг тилло сочлари солинган дўппини олганлар. Соғаржий улуғ ва азиздир, Хитой маликасини олғондур. Хитой юртига куёвдур ҳам Маккада имом бўлғондур. Сининг ҳарб юришларингиз тугамайдур,зинҳор базинҳор Соғаржий қадами теккан тупроққа харб юриш қилмангиз..." дейдилар.
Амир Темур пири комилнинг бу сўзларини ўйларкан, Ўтрорда қўним топиб Хитойга харб юришни режа қилганидан андак хаёли чулғанди. Бошини Хожа Аҳмад мақбараси томонга бурди: Ўзи усталарга кошинкорлик безаклари билан жило бердирган улуғвор мадрасага, ёғоч ўймакорлик намунасидаги ҳошиядор дарвозага мағрурона нигоҳ ташлади. Ўрнидан туриб аъёнлари ҳамроҳлигида "боб"лар, "шайх"лардан нажот сўради. Хусусан, Оқотадан мадад олди. Аҳмад Яссавийни кўзларига суртсаю Оқотага қайрилиб боқмаса бўлмасди. Негаки, ёш Аҳмад отаси Иброҳим шайх ва онаси Ойша бегим (Қорасоч момо)дан тарбия олгач, аввал Сайрамдаги машҳур уламо Шахобиддин Исфижобий (лақаби Оқота) қўлида ўқиди. Кейин тушларида Арслонбоб қўлларидан пайғамбаримиз туҳфа этган хурмони оладилар ва у кишида катта ўзгаришлар рўй беради.
Амир Темур бу маконда -атрофи улуғ авлиёлар, "боб"лар ва "шайх"лар маконида кечалари уйқуси қочиб осмондаги юлдузларга боқиб мунажжимлар башоратини тинглаб тонг оттирарди.Харб юришларида лашкарлар томонидан кўчириб олиб юриладиган олтин тахти -унда деярли ўтирмас, асосан от устида атрофида шоҳнинг аъёнлари қуршовида харб юришлар режасини тузар, фармони олийни ҳам эгарда ўтириб бераверарди. Соҳибқирон Сайрамда Ўтрор мавзесида бир йил - 1405 йил эрта баҳоригача турди. Пири Саид Амир Кулол башорат қилганидек, Соҳибқироннинг Хитойга харб юриши яхшилик келтирмади...
Мақоламизга "Олтин шамдон" деб сарлавҳа қўйдик, зеро тенгсиз ақл заковат ва илм-маърифат соҳиби Амир Темур хазратлари қайси юртда, қайси кентда улуғларга эҳтиром кўрсатсалар, албатта битта маъноли белги билан ишорат қўйганлар. 1380 йили Кешда қурилиши бошланган Оқсарой мажмуаси миноралари баландлиги 76 метрлиги билан , 1403 йили қурилиши бошланган Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасининг дунёда ягона саккиз бурчакли иншоотлиги билан машҳур қилган ва Туркистонда Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси тепасига Олтин шамдон ўрнатиши рамзий маъно касб этади. Амир Темур бу шамдон гумроҳларнинг қалбини ёритсин, ҳақиқат қарор топсин, Яссавий ҳикматлари эзгуликка чорласин, деб ният қилгандилар. Ҳозирда Олтин шамдон Парижда Лувр музейида сақланмоқда.

Убай ҚОДИР, журналист


Дата добавления: 25/03/2020 16:05;   Просмотров: 878
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку