Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОЛТИН КУЗНИНГ ОЛТИН ЛАҲЗАЛАРИ

КИЧКИНТОЙЛАР
МУҲТАШАМ КОШОНАСИ
Маълумки давлатимиз раҳбари ёш авлод тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу тизимни чуқур таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларигача эътибор қаратди. Ушбу соҳадаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.
Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов Янгиариқ - Чунгул маҳалласига ташриф буюриб, аҳоли билан очиқ мулоқотда бу ерда болалар боғчаси ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, хоналар таъмирталаб ва энг ачинарлиси, шкаф, стол-стул, кроват, етишмаслиги, мусиқа хоналари жиҳозланмаганлиги, кутубхона ташкил этилмаганлигининг гувоҳи бўлди. Эски, 23-мактабгача таълим муассасасида шошилинч йиғилиш ўтказилди ва жорий таъмирлаш ишларини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди. Савобталаб ва ҳомийлар кўмагида қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди. Ҳоким ва унинг "команда"си деярли ҳар куни ҳашарчиларга "Ҳорманг - бор бўлинг" деб келиб кетишди.
Ниҳоят Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида 60 кунда қурилган янги, замонавий, чиройли боғча биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Ана шу муносабат билан туман ҳокими қатнашчиларни самимий қутлади.

- Озод ва обод мустақил юртимизнинг байрамлари гўзал ва шукўҳи ўзгача. Айниқса энг азиз, энг улуғ айём - истиқлол шодиёналарининг завқи ва шавқи беқиёс. Фахр билан айтиш керакки тўйга тўёна билан бориш меҳнаткаш халқимиз учун анъанага айланган. Масалан, мустақиллик байрами арафасида ўттизга яқин ижтимоий соҳа иншоотлари ишга туширилди. Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан яна бир қатор маданий-маиший ва бошқа хил объектлар очилди.
Тадбирда сўзга чиққан туман мактабгача таълим бўлими мудири Дилфуза Азизова, Чунгул фуқаролар йиғини раиси Ўткир Шарипов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Саъдинова ва бошқалар тўпланганларни янги иншоотнинг фойдаланишга топширилиши билан табриклашди. Болалар боғчасини таъмирлашда муносиб улуш қўшган тадбиркорлар Жасур Болтаев, Солеҳ Самадов, Зафар Маҳмудов, Ато Фахриев, Фурқат Узоқов ва бошқалар туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
- Мен яқинда Исроил давлатидан қайтдим, - деди қишлоқ фаолларидан бири Неъмат Исматов, - аммо бизнинг янги боғча у ерда кўрган мактабчага таълим муассасасидан қолишмаяпти. Сир эмас, бир замон боғча атрофию ҳовлисида қўй-эчкилар юрганини кўрган эдим. Айни пайтда боғча ҳудудининг ободлиги, атрофи ўралганлиги, янги мудира таъинланиши нур устига аъло нур бўлди. Имкониятлардан фойдаланиб, туман ҳокимиятига ва секторлар раҳбарларига миннатдорчилик билдирамиз.
- Бугундан бошлаб 150 нафар қишлоқ аҳолиси фарзандлари бизда таълим-тарбия олади, - деди мудира Шаҳноза Шодиева. - боғчада болажонларимиз белгиланган меъёрлар асосида тўғри ва сифатли овқатланадилар, тажрибали психолог, тиббиёт ҳамшираси ва тарбиячилар улар хизматида.
ҚУТЛУҒ ТЎЙГА - ТЎЁНА
Мамлакатимиз устоз ва мураббийлари касб байрамлари арафасида Зафаробод маҳалласида ҳам замонавий, ёруғ, шинам 19-сон мактаб филиали қурилиб фойдаланишга топширилди. Янги билим даргоҳи қишлоқ аҳли, айниқса ўқитувчи ва талабалар учун қутлуғ байрамга муносиб туҳфа бўлди.
Дарҳақиқат, бугунги кун талаблари асосида қад ростлаган мазкур бино қишлоқ чиройига чирой қўшди. Мазкур иншоотни бунёд этишда "Мароқанд парранда" корхонаси раҳбари Аъзамхожи Жалолов ва бошқа тадбиркорларнинг улуши катта бўлди. Шунинг учун ҳам янги бинони тантанали топшириш маросимида сўзга чиққан нотиқлар қўли очиқ, мард, саховатманд ҳомийларга миннатдорчилик билдиришди.
- Туманда эзгулик ва савоб ишни инсоний фазилат деб билганлар жуда кўп экан, - деди очилиш маросимида туман ҳокими Шуҳрат Ўроқович, - бирон бир хайрли ташаббус бошланса, биринчи бўлиб тадбиркорларимиз "биздан нима хизмат?" деб келишади. Буни ана шу мактаб биносини қуриш мисолида кўрдик. Мен мақташга арзийдиган кўп қишлоқларни биламан ва ҳурмат қиламан. Улардан бири Аъзамхожи Омонович бўлиб, ўзим ва Зафаробод маҳалла аҳолиси номидан миннатдорчилик изҳор қиламан.
- Таълим муассасамизда фарзандларимизни билим олишлари учун барча шароитлар яратилган, - таъкидлади 19-сон мактаб директори Дилором Неъматова, - қишлоғимизда ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган мактаб биноси анча эскириб, таъмирталаб ҳолда келиб қолганди. Бугун туман ҳокимининг бевосита ташаббуси билан "Обод қишлоқ" дастурига асосан, ушбу бино текисланиб, бир ой ичида янги, замонавий бино бунёд этилиб, таълим муассасаси янгича қиёфа касб этди. Бир сўз билан айтганда, ўқитувчи ва мураббийлар байрами шодиёналари зафарободликар ҳаётида унутилмас тарихий санага айланди. Энг муҳими, қутлуғ тўйга муносиб тўёна бўлди.
"ДОКТОР ИБРАГИМОВИЧ" - ХИЗМАТГА ТАЙЁР
Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантиришда ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Касалликларни профилактика қилиш ва самарали даволаш мақсадида тиббиётнинг бирламчи бўғинлари такомиллаштирилмоқда, жойларда замонавий шифохоналар, тиббий марказлар ташкил этилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг яратган шароит ва имкониятлари ва кўрсатмалари сабаб тиббиёт соҳасида қўшимча имтиёзлар берилгани, солиқ ва ортиқча тўловлардан озод этилгани бу соҳада кўпгина инвестицияларни жалб этиш баробарида, замонавий тиббиёт ускуналарига эга хусусий тиббиёт марказларини ташкил этилишига замин яратмоқда.
Оқмасчид маҳалласида "Доктор Ибрагимович" хусусий тиббий марказнинг очилиши тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Зеро мазкур марказ оилавий корхона шаклида фаолият кўрсатиб, солиқ имтиёзлари сабаб нисбатан арзон тиббий хизмат кўрсатишига туртки бўлди.
Тиббиёт марказининг бош шифокори Рустам Жўрақулов эътироф этганидек, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1-апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан хусусий тиббиёт муассасаларига тиббий хизматнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди. Талаб юқори бўлган қатор йўналишларда хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт масканлари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1-январига қадар барча турдаги солиқ ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди. Бўшаган маблағлар эса уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, сервис-техник хизмат кўрсатиш, керакли эҳтиёт қисмлар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бино ва иншоотлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилади. Шундай имкониятлардан фойдаланиб, мазкур тиббий марказни очишимиздан асосий мақсад, аввало, сифатли тиббий хизмат кўрсатишдан иборат. Тиббиёт марказининг фаолият бошлагани билан. 10 нафар ёш мутахассис ишга жалб этилди. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг шаҳар марказига бормасдан, ушбу ҳудудда тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш имкони пайдо бўлди.
Марказда физеотерапия, замонавий тиббий ускуналар, хоналар мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида, 14 нафар беморнинг стационар тарзда даволаниш имкони мавжуддир.
Хусусий тиббий марказни очиш маросимида туман ҳокими қатнашди ва нутқ сўзлади. Хўжа Абду Берун жомеъ масжиди имом-хатиби ўтганлар руҳига бағишлаб дуои фотиҳа қилди.
Мўҳтарам Юртбошимиз "Саломатлик ва юрт тинчлиги инсоний олий манфаатдир", - деб таъкидлаган эди. - деди мазкур муассаса раҳбари Рустам Журақулов. Биз халқ саломатлигини сақлашга камарбаста. Келгусида эса хизмат турини янада кўпайтириш режамиз бор.
ҲАМ ИСТИРОҲАТ,
ҲАМ МАСЛАҲАТ
Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан "Шодимурод" базмгоҳида меҳнат фахрийлари, мактаб директорлари, болалар боғчалари мудирлари, хуллас, ёш авлод тарбияси билан машғул касб эгалари бир пиёла чой атрофида тўпланишди. Байрам тадбирини туман ҳокими Шуҳрат Жамолов очиб, тўпланганларни қутлуғ айёмлари билан табриклади. Юртбошимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонга кўра, маҳаллий ҳокимликлар халқ таълими муассасаларига, уларнинг инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масаласида ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш учун шахсан масъул этиб белгиланди, - деди нотиқ. - Мактабларни қуриш, таъмирлаш, моддий-техника базасини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштириш, коммунал тизимларнинг барқарор ишлашини таъминлашдан тортиб, ўқитувчилар мавқеини кўтариш, мактаблар ҳудудининг дахлсизлигини таъминлаш ва бошқа таълим-тарбияга боғлиқ масалалар назорати ҳам ҳокимликларнинг зиммасидадир. Шунинг учун мен ўз ваколатим ва имкониятим доирасида сизларнинг, азиз устозлар, хизматингизда. Ҳозир 4-та секторлар раҳбарлари эса энг илғор фидойи ва намунали таълим муассасалари ходимларига ўз совғаларини топширишади. Шундан сўнг сектор раҳбарлари туман прокурори Хондамир Мардиев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Абдурасул Сулаймонов, туман солиқ идораси раҳбари Шоҳрух Аслиев ва туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ўз туҳфаларини топширдилар.
- Азиз ҳамкасблар, - деди туман халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Мардонов, - ҳозирги мукофотлар устозларнинг хоксорона меҳнатини қадрлаш, уларни рағбатлантириш десак, янглишмаймиз. Яна бир муҳим воқеа шундан иборатки шу йил 1 октябрдан бошлаб мактабларнинг Васийлик кенгашлари тугатилиб, унинг ўрнига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахсларни ўз ичига олган Кузатув кенгашлари ташкил этилади. 2019 йил 1 январга қадар "Замонавий мактаб" давлат дастури ишлаб чиқарилади. Мухтасар айтганда қамрови ва аҳамияти жиҳатдан ниҳоятда кенг, биз учун улкан орзуга айланган масалалар кундалик ҳаётимизда рўёбга чиқмоқда. Мақсад аниқ - соҳамиз ходимларининг жамиятдаги мавқеини ошириш орқали бу олижаноб касбга ҳавас уйғотишдир.
Самарқанднинг машҳур хонанда ва созандалари дилрабо куй-қўшиқлари билан тўпланганларга бир олам завқ-шавқ бағишлашди.
Бир пиёла чой атрофида ҳам истироҳат ҳам маслаҳат бўлди.

Нормурод КАРИМОВ
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Ўзбекистон журналистлари ижрдий уюшмаси аъзолари
Суратда тадбирлардан лавҳа.
Сурат муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 05/10/2018 13:46;   Просмотров: 1024
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку