Олигофрения ёки ақлий ривожланишдан орқада қолиш деганда, боланинг туғилишидан ёки илк болалик давридан руҳий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиш тушунилади.
Ақлий ривожланишдан орқада қолишнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин. Булар ҳомиланинг она қорнида зарарланиши, масалан, ҳомиладорлик пайтида бошдан кечирган юқумли касалликлар, заҳарланишлар, ҳомиладор аёлнинг алкогол, наркотиклар ва ҳомилага салбий таъсир қилувчи дори-дармонлар истеъмол қилиши бўлиши мумкин. Бундай касалликка хромосома бузилишлари, қалқонсимон без касалликлари, боланинг чала туғилишига ҳам олиб келади. Қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар ҳам ушбу касалликка чалиниши мумкин. Туғруқ пайтидаги олган бош мия жароҳатлари ва асфиксия (кислород етишмовчилиги) ҳам ақлий етишмовчиликка олиб келади. Баъзан эса бола соғлом туғилса ҳам, илк болалик даврида (3 ёшгача) бошидан кечирган бош мия касалликлари (менингит, энцефалитлар), бош мия жароҳатлари ҳам боланинг ақлий ривожланишдан орқага қолишига сабаб бўлади.
Ақлий ривожланишдан орқада қолишнинг 4 та, яъни енгил, ўрта, оғир, чуқур даражалари фарқ қилинади.
Енгил даражасида бола ривожланишда ўз тенгқурларидан орқада қолса-да, нутқи етарли даражада ривожланган, маълум билим-тушунчаларга эга бўлади. Енгиллаштирилган дастур асосида махсус-ёрдамчи мактабларда ўқий олади. Кейинчалик эса енгил касб-ҳунарларни ўрганиб, ҳаётда маълум даражада ўз ўрнини топиб кетади.
Ақли заифликнинг ўрта даражасида боланинг билим тушунчалари юзаки бўлади, сўз захираси 100-300 тагача. Мактаб дастурини ўзлаштиролмайди. Оддий гигиеник ва ўз-ўзига хизмат қилиш кўникмаларига эга бўлади. Назорат остида уйдаги баъзи енгил юмушларга ёрдам беради. Касб-ҳунар ўрганолмайди.
Ақлий ривожланишдан орқада қолишнинг оғир даражасида боланинг сўз захираси 100 тагача сўздан иборат. Талаффузлари бузилган, тушунчалари жуда юзаки, саёз бўлади. Доимий назоратга муҳтож бўлади. Қисман ўз-ўзига хизмат қилиш кўникмаларини ўрганиши мумкин.
Ақлий ривожланишдан орқада қолишнинг чуқур даражасида болада фикрлаш қобилияти бўлмайди. Сўз захираси 20 тагача сўздан иборат бўлади. Талаффузлари қўпол, бузилган, тушуниб бўлмайдиган, ноаниқ товушлар чиқаради. Гигиеник кўникмалари ва ўз-ўзига хизмат қилиш кўникмалари умуман ривожланмайди. Бундай бола шартсиз рефлекс асосида ҳаёт кечиради, ўзгалар парваришига муҳтож бўлади.
Ақлий ривожланишдан орқада қолган болалар ижтимоий жиҳатдан ҳимояга олинган. Уларнинг ўқиши ва ҳаётга мослашиши учун махсус мактабгача таълим муассасалари, ёрдамчи мактаб-интернатлар, махсус касб-ҳунар коллежлари ташкил қилинган. Енгил ва ўрта даражадаги ақлий ривожланишдан орқада қолган болаларни ушбу таълим муассасаларига жойлаштириб, маълум даражада билим ва касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш анча ижобий натижаларга олиб келмоқда.
Ақлий ривожланишдан орқада қолиш турғун ҳолат бўлиб, даволаш чоралари яхши самара бермайди. Шунинг учун ушбу касалликка чалинганлар профилактика, яъни касалликнинг олдини олиш чора-тадбирларини ўтказиши шарт. Боланинг соғлом туғилиши учун ҳар бир ота-она жавобгарликни ҳис қилиши лозим. Авваламбор ушбу касалликка сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш керак. Қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларга барҳам бериш, ҳомиладорлик пайтида аёл ўзини турли хил зарарли таъсиротлардан ҳимоя қилиши, алкогол, наркотиклар истеъмол қилмаслиги, врачларнинг маслаҳатисиз бирон бир дори-дармонларни истеъмол қилмаслиги лозим. Рентген нурларидан, радиацион нурлардан, кимёвий воситалар таъсиридан ўзини асраши шарт. Ҳомиладор аёллар доимий назоратда бўладилар. Бундан ташқари бола туғилгандан кейин, илк болалик даврида уни кўз қорачиғидек асраш, зарарли таъсиротлардан ҳимоя қилиш, бош мия жароҳатлари, бош мия касалликлари билан оғришининг олдини олиш лозим.
Болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом ўсиши учун ота-оналар, тарбиячи ва ўқитувчилар, шифокорлар жавобгарлик ва масъулиятни ҳис қилиб ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқдир.
Ф.ЭГАМОВА,
вилоят 62-сон психиатрия ТМЭК олий тоифали врач-психиатри
Г.ЎРОҚОВА, руҳшунос
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.