1. Депутат сифатида ўтган давр мобайнида қандай тадбирларни амалга оширдингиз?
2.Депутатлик фаолиятингизга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида қандай аниқ режалар киритилган?
3. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан қандай таклиф ва ниятларингиз бор?
1.“Юртимизниг ҳар бир гўшасида намоён бўлаётган ўзгаришлар, туб янгиликлар барчани олдинга қараб интилишга даъват этмоқда. Негаки, ҳамюртларимиз дунёқараши ҳам, ёшлар шижоати ҳам юртнинг ойдин кунидан далолатдир. Бундан руҳланган биз, депутатлар халқ билан ишлашда, уларнинг муаммоларини ҳал этишда қонуний ташкил этиб, туманимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз.
Ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи шанба кунлари Янгиариқ, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловчиларим билан учрашиб, уларга мамлакатимизда юз бераётган янгиликларни тушунтириб бериш билан бирга, уларнинг дардларини тингламоқдаман. Қаерда, қандай муаммо бўлса, биргаликда ҳал қилиш чораларини изламоқдаман. Ўрта ва Марказий Арабхона, Туркман-қишлоқ маҳаллалари аҳолиси билан уюштирилган мулоқот асносида яхши бир базмгоҳ, болалар учун мини стадион йўқлиги маълум бўлди. Бу муаммони ҳал этиш учун дастлаб таниқли тадбиркор Раббим ака Назаровга учрашдим. Натижада ушбу муаммолар ҳал этиладиган бўлди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Насиб бўлса, шу йилнинг август ойида мини стадион, сентябрь ойида эса тўйхона, аёллар даволаниши учун фитнесцентр қурилиб, фойдаланишга топширилади. Агар ушбу ишлар бўлса, 25-30 та янги иш ўринлари яратилади.
2. Одамлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, дардини эшитиш ҳамда муаммоларини ҳал этиш асносида аҳоли фаровонлиги яхшиланиб, уларнинг эртанги кунга бўлган умиди ошмоқда. Айниқса, халқ нойибларидан розилиги кўзларида ўз аксини топмоқда. Ўзим ҳақимда гапиришни ёқтирмасам-да баъзиларини айтиб ўтмоқчиман. Иккита кам таъминланган оиланинг имтиёзли кредит олиши учун кафил бўлдим. Уларнинг ҳар бири 2,5 млн. сўмлик кредит эвазига ёнғоқ, олма ниҳоллари олиб, ўз томорқаларига ўтқазиб парваришини бошлаб юборишди. Мен раҳбар бўлган Арабхона қишлоқ врачлик пункти ҳовлисига эса 75 та пакана ёнғоқ ва олма ниҳоллари ўтқазилди. Ҳомий сифатида кам таъминланган, ногирон Шероз Эшонқуловнинг 1 сотих ерда иссиқхона ташкил этишига амалий ёрдам бердим. Арабхона маҳалласи фуқароси Мунаввара Маматовага бепул дори-дармон етказиб берилди. Ишсиз юрган Фарҳод Жўраев, Раҳима Тўхташева, Гулноза Шамсиеваларнинг иш билан таъминланишига амалий ёрдам бердим. Бундан ташқари, фуқаро Нигина Юлдашеванинг боласи Дурдона Маматқулованинг Кореяда даволаниши учун ҳужжатлар тайёрлашда кўмаклашдим.
Ҳудуддаги барча кексалар эса чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
3. Аҳолини иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Нафақат депутат, балки шифокор сифатида барчанинг доимо соғлом юриши учун тушунтириш-тарғибот ишларини ҳам кучайтирганмиз. Хуллас, олдинга интилиб яшаш даврида бор имкониятларни ишга солиб, туманимиз, мамлакатимиз тараққиётига оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўшмоқдаман.
Гулчеҳра ОРИПОВА, 8-Янгиариқ сайлов округидан
туман Кенгаши депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.