Ушбу мавзуда видеоселектор йиғилиши тарзида амалий учрашув-мулоқот вилоят ҳокими Т.Жўраевнинг ташаббуси билан 30 июнь - Ёшлар кунида ўтказилиши узоқ йил эсда қоладиган бўлди.
Тадбирда барча мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар, секторлар, таълим муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, Ёшлар Иттифоқининг жойлардаги фаоллари, ёш тадбиркорлар ва фермерлар, танлов ғолиблари, ОАВ вакиллари қатнашдилар.
Учрашув видеофильм ва ёшлар ҳаётига оид лавҳалар намойиши билан бошланди.
Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг бир йиллик фаолияти таҳлил қилинди.
Шунлан сўнг вилоят ҳокими томонидан давлат раҳбарининг Ўзбекистон ёшларига байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Вилоятдан 2 нафарга «Мард ўғлон» давлат мукофоти тантанали равишда топширилди.
Шундан сўнг, учрашув иштирокчиларидан 20га яқин турли касб ва қизиқишдаги ёшлар ҳокимга ўз талаб-хоҳишлари билан мурожаат этди. Юртбошимиз томонидан яратилган кенг имконият ва имтиёзлар, қулайлик ва шароитларга жавобан астойдил ўқиш, курашиш, садоқат ва фидоийлик намуналарини кўрсатишга ваъда беришди.
Куннинг иккинчи ярмида ёш оилалар янги уйга кўчиб ўтиши муносабати билан қўй суйилди, дуои фотиҳа ўқилди. Вилоят ҳокими Т.Жўраев туманимизга ташриф буюриб, Гулобод қўрғонида қад ростлаган тўрт қаватли Ёшлар уйини тантанали равишда фойдаланишга топшириш маросимида нутқ сўзлади. 32 та ёш оилага мўлжалланган кўркам бино тумандаги МЧ «Бинокор» кичик ишлаб чиқариш корхонаси томонидан қисқа муддатда бунёд этилди.
- Биз ёшларга кўрсатилган бу ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз. - дейди, СамДУ ёш ўқитувчиси Ш.Жўраев. - шодлигимизнинг чеки йўқ, бундан кейин янада самарали меҳнат қилиб, эл-юрт ишончини оқлайверамиз.
Тадбирда туман ҳокими Шуҳрат Жамолов иштирок этди.
Н.КАРИМОВ,
Х.ҲАМРОЕВ олган сурат
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.