Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Ҳоким аҲоли Ҳузурида

"Миронқул" маҳалла фуқаролар йиғинида туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ш.Жамолов аҳоли билан учрашиб, ҳудуддаги халқ билан мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.

- Туман ҳокимлиги томонидан давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, - деди туман ҳокими. - Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси борасида доимий назорат ўрнатилган бўлиб, мазкур қарор асосида туман ҳокимининг 2017 йил 12 августда тегишли қарори ҳам қабул қилинди. Унга асосан, ҳар бир сектор раҳбари уйма-уй юриб, аҳоли билан суҳбатлашиши ва уларнинг муаммоларини аниқлаш, жойида бартараф этиш юзасидан манзилли лойиҳалар амалга оширилди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳам фаолиятимизнинг дастуриламали бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, шу асосда "Миронқул" маҳалласида ўтказилган ўрганиш давомида 540 та хонадонга уйма-уй кирилиб, талайгина муаммолар борлиги аниқланди. Яъни, маҳалла ҳудудида 16 та муаммо, яъни суюлтирилган газ баллонлари, йўлларни таъмирлаш ва асфальт ётқизиш, ичимлик суви, МТМ, 8 нафар оғир хасталанган беморга дори-дармон етказиш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, эскирган электр симёғочларни алмаштириш, 2 нафар фуқарога кредит ажратиш, 15 нафар фуқарога эса моддий ёрдам кўрсатиш, жамоат транспорти қатновини яхшилаш, 16 нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш, 5 нафари кўмир етказиш, 9 нафарини арзон уй-жой билан таъминлаш каби камчиликлар борлиги маълум бўлди. Уларни босқичма- босқич бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларига сектор раҳбари томонидан расмий мурожаатлар юборилди. Бундай тартибнинг жорий этилиши, энг аввало, халқ оғирини енгил қилади, дардига малҳам бўлади.
Шундан сўнг ҳоким туманнинг "Меҳробод", "Чоршанба", "Андижони", "Оҳалик", "Ўрташиқ", "Миронқул" маҳаллалари ва шаҳримизнинг 12 нафар фуқаросининг таклиф ва талабларини қабул қилди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ечим топган бўлса, айримлари ўрганиш ва ижобий ҳал этишга йўналтирилди.
Қабул давомида фахрий ўқитувчи ва нуроний отахонлардан С. Холиқова, Ш.Расулов ҳокимга миннатдорчилик билдириб, давлат идоралари мутасаддиларининг халқ билан мулоқот қилишдаги фаолиятини эътироф этди.
Дарҳақиқат, яқинда вилоят телевидениеси орқали узатилаётган "Очиқ мулоқот" дастурида туман ҳокими билан аҳоли ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди. Ушбу мулоқот орқали ҳам туманимиз аҳолисининг аксарият муаммолари тилга олиниб, ижобий ҳал этилишига эришилди.

Н.КАРИМОВ


Дата добавления: 22/02/2019 12:12;   Просмотров: 865
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку