Ислом динининг энг муҳим фарзларидан бўлган муборак ҳаж зиёратига бориш ҳар бир мусулмон бандасининг орзусидир.
Жорий йилда ҳам туманимиздан 42 киши ҳажга боришни ният қилиб, сафар тадоригини кўришмоқда. 10 апрель куни туман марказидаги 12-мусиқа ва санъат мактабида ҳаж сафарига отланган тумандошларимиз билан туман ҳокимлиги ва ушбу масалага алоқадор вилоят ташкилотлари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиблари, таълим масканлари раҳбарлари, ички ишлар идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ҳаж сафарига отланган тумандошларимиз иштирок этдилар.
Йиғилишни туман ҳокимининг ўринбосари Равшан Ражабов қисқача кириш сўзи билан очди. Сўнгра вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ҳаж сафари ва унинг тартиб-қоидалари хусусида маъруза қилди ва муборак сафарга отланган тумандошларимизга эзгу ниятлар билдирди. "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Комил Ҳайдаров эса ҳожи ота ва ҳожи оналарнинг маҳаллалар тинчлиги ва осойишталигини сақлашда кўрсатаётган беғараз ёрдамлари ҳақида сўз юритди. Учрашув сўнггида ҳажга бораётган фуқаролар вилоят бош имом-хатибига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Пировардида учрашув иштирокчиларига ҳорижга ноқонуний муҳожирлик оқибатлари ифода этилган видеофильм намойиш этилди.
Х.ҲАМРОЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.