Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлашга алоҳида эътибор берилмокда. Бунда кичик бизнес субъектларига берилаётган солиқ имтиёзлари катта аҳамиятга эга бўлмокда. Хусусан Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 26 апрелдаги “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ЎРҚ-327 сонли қонуни қабул қилингани энг оммалашган оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида ташкил қилинган муҳим қадам бўлди.
Мазкур қонуннинг мақсади оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат Оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти ҳисобланади.
Қонунда оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.
Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши тасдиқланган.
Конуннинг 26-моддасига асосан оилавий корхона Қонун ҳужжатларнида белгиланадиган тартибда ягона солиқ тўловини тўловчидир.
Оилавий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин унинг иштирокчилари тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.
Оилавий корхона меҳнат ҳақи фондидан ижтимоий фондларга назарда тутилган тартибда мажбурий тўловлар тўлайди. Оилавий корхона ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилинади. Бундай буюмларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Оилавий корхонага кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар татбиқ этилади.
Оилавий тадбиркорликнинг бошқа тадбиркорлик фаолияти турларига нисбатан бир қанча афзал томонлари мавжуддир.
Мисол тариқасида давлат рўйхатидан ўтишнинг соддалаштирилган тартиби:
Имтиёзли кредитлар мавжудлиги:
Солиқ имтиёзлари мавжудлиги:
Оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш учун фойдаланган тақдирда коммунал инфратузилма хизматлари ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилиши ва ҳ.к:
Бугунги кунда Самарқанд тумани бўйича ҳам 157 та юридик шахс мақомига эга бўлган ва 80 та якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатаётган оилавий тадбиркорлар мавжуд бўлиб, улар томонидан ўзлари ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатаётган маҳсулот ҳамда хизмат турлари билан халқимизга хизмат қилиб келишмоқда. Мисол қилиб айтганимизда туман солиқ инспекциясида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган «Zebuzar Marvarid» оилавий корхонаси фақатгина жорий йилнинг олти ойи давомида 10 411,0 минг сўмлик солиқ имтиёзларига эга бўлиб, бўшаб қолган солиқлар суммасини корхона ривожланишига сарф қилмоқда. Бу дегани мазкур корхона томонидан қонун доирасида берилган солиқ имтиёзлари корхонанинг ривожланиши учун харажат қилинишига ва ўз навбатида янги иш ўринлари яратилишига олиб келади.
Умуман олганда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар фуқаролар турмуш даражасини ошириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
О.ЁДГОРОВ,
туман Давлат солиқ Инспекцияси бўлим бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.