Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК - ИҚТИСОДИЙ БАРҚАРОРЛИК

Ривожланган давлатларда оилавий тадбиркорлик мамлакат иқтисодиётининг асосий негизини ташкил қилади. Халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари ишлаб чиқаришдан тортиб, аҳолига ва хорижий меҳмонларга турли хизматлар кўрсатишдан мўмайгина даромад кўраётган оилалар иқтисодиётни мустаҳкамлашга муносиб ҳиссаларини қўшаётганликлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чоп этилаётган мақолалардан барчага маълум. Мустақил диёримизда ҳам истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ ҳар бир хонадонда иқтисодий барқарорликни таъминлайдиган бу соҳага жиддий эътибор қаратилди.

Вилоятимизнинг ҳар бир тумани ва шаҳрида, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга қаратилган "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш учун саъй-ҳаракатлар бошланган. Бу борада туманларнинг ҳар 4 та сектори жойларга биркитилган ҳолда фаолият юритишяпти. Дастурни молиявий таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳамда Давлат инвестиция қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижий молия институтлари маблағлари ҳисобидан тенг улушларда жами 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилганлиги бу борада кўрсатилган катта ғамхўрлик намунасидир.
Шу асосда Марказий банк вилоят бошқармаси томонидан белгиланган тартибда экин ерларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадлари учун жисмоний шахсларга 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача энг кам иш ҳақининг 150 баробари миқдорида йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитларни ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаб берилаётганлиги ҳам диққатга сазовордир.
Энди бу дастурни тарғиб қилиш қолди холос. Шу боис жойлардаги касб-ҳунар коллежларида ва маҳаллаларда савдо-саноат палатаси, давлат хизматлари агентлиги, банк, молия, солиқ хизмати органлари ва тижорат банклари ходимлари "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари ва унинг маҳаллий шароитларга мос бўлган турлари" мавзусида ўқув машғулотлари ва оммавий тушунтиришлар ўтказсалар нур устига аъло нур бўлар эди. Бундан ташқари зироатчилик бўйича мутахассислар маҳаллаларга бориб, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган хонадонлар соҳибларига бозор муносабатларини ўрганган ҳолда талаб юқори бўлган харидоргир, тез сотилувчан ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича йўналишлар бериб борсалар, оилавий тадбиркорликни кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этган бўларди.

Х. ҲАМРОЕВ


Дата добавления: 13/07/2018 14:56;   Просмотров: 1065
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку