Айрим қайнона-келинларни сира тушуниб бўлмайди. Қачон қараманг бир-бирининг устидан кимгадир шикоят қилиб юришади. Бунга рўпара келган инсон эзгу қалбли бўлса, уларни тўғри йўлга бошлайдику-я, бироқ фикри бузуқ,нияти қора одам бўлса-чи?
Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Агар юқоридаги ҳолга ғийбатчи, иғвогарлар гувоҳ бўлса, берди худо. Улар ўз ноғораларини чалишга тушадилар. Қарабсизки, бир оиланинг ички сирлари қўшув-чатувлар билан маҳаллага ёйилиб, қайнона-келин ўртасидаги муносабатни янада чигаллаштиради. Албатта, одам баъзан ҳамдардга ўз ҳасратини эшитадиган кишига зор бўлади. Биров билан кўнгиллашгиси, дардлашгиси келади. Шу мақсадда бирор қўшниси ё танишига юрагидаги сирларини очади, шу билан енгил тортади ўзича. Бироқ хаёлига келмайдики, "ҳамдард чин маънода дарддош эмас, у бу одамдан эшитган гап-сўзларини яна бошқа бировга оқизмай-томизмай етказиши мумкин...
Аслида кўп оилаларнинг бузилиб кетишига мана шунақа иғвою-ғийбатлар сабаб бўлмоқда. Оила муқаддас, ундаги бор сир-синоат шу ерда, шу хонадоннинг ўзида қолиши, борди-ю бу хонадонга тааллуқли битта гап кўчага чиқса, одамлар қулоғига бориб етса, бир сўзга иккитаси қўшилиб, катта можароларга айланиши шубҳасиз Хўш, айтинг-чи, келинингиз ё қайнонангиз ғийбатини қилиб нимага эришасиз? Бу сизга нима беради? Шу билан ташвиш ва муаммоларингиз тугайдими? Албатта йўқ.
Фалончининг келини унақа эмиш, писмадончининг келинига қайнонаси кун бермас эмиш, қабилидаги ғийбатлар шу хонадоннинг обрўсини тўкиши, ҳурматини кетқазиши мумкин, холос. Ана шунақа гап-сўзларга қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин, аввало. Биз шу ўринда мана шунақа майда-чуйдаларни ёйишга ҳафсаласи ҳур келинлар ва уларнинг қайноналарига кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга бувижонларимизнинг қуйидаги маслаҳатларини келтириб ўтишни жоиз деб билдик.
Айтайлик, қайсидир ишингиз учун қайнонангизнинг жаҳли чиқиб, сизни уришди.Ёки бир марта "узр, хато қилибман" деб айбингизни тан олиб, кечирим сўраш қийинми? Аслини олганда қайнона устоз, сиз талабасиз. Устозининг ҳаётий таржибаси шогирдиникига қараганда кўп ва унинг рўзғор билими ҳам катта бўлади. Шунинг учун қўлни кўксингизга қўйиб, бошингизни эгиб тураверинг, жон келин. Ўз навбатида баъзи бесабр, қаноатсиз қайноналарга ҳам ушбу сўзларни етказмоқчимиз.
Келинимга ўргатавериб ўзимда ҳеч нарса қолмади, бир ишни эплаб бажаролмайди, деб куюнманг. Сабр қилинг. Аста-секинлик билан сизнинг қаватингизга тушади. Бунинг учун озроқ вақт керак. Сиз ҳам келин бўлиб тушган даврингизни бир эсланг. Ўшанда ҳамма рўзғор юмушларини мустақил ҳолда бажара олармидингиз? Йўқ, албатта, Сиз ҳам ўз навбатида қайнонангиз ёрдами билан оёққа тургансиз. Тўғри, у замон билан ҳозиргиси ўртасида, у давр шароитлари билан бугунгиси орасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Бугун техника ривожланган, уй-рўзғор юмушларининг аксарияти техника ёрдамида бажариляпти. Аммо одам хом сут ичган банда-да, қонида хато қилиш нуқсони бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Балки келинингиз ўзга муҳит тарбиясини олгани учун янгисига мослаша олмай қийналаётгандир. Лекин шуни унутмангки, у ҳам ўзга бир оиланинг фарзанди, жигаргўшаси ва мана шу хонадонга ўз бахтини излаб келган келиндир. Оила муқаддас эканлиги ҳеч қачон ёдимиздан кўтарилмасин, унга тааллуқли ҳар бир сўз, нарсани ҳам муқаддас билишимиз зарур.
Ф. МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.